Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Қирғизистон мактабларида пул йиғиш авжига чиқди


Қирғизистондаги айрим болалар мактабни меҳнатга алмаштиришга мажбур бўлмоқдалар.
Қирғизистондаги айрим болалар мактабни меҳнатга алмаштиришга мажбур бўлмоқдалар.

Қирғизистонда болаларнинг билим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонунлар тўлақонли ишламаëтгани боис¸ 40 минг боланинг мактабда ўқиш ҳуқуқи таъминланмаяпти. Мактабларидаги вазият билан танишган қирғиз депутатлари шундай хулосага келдилар.


- Исиқкўлда икки йил ўқидим. Бу ерга шу йил келдим. Мен рус тили, қирғиз тили, математика фанларини яхши кўраман, дейи Иссиқкўлдан Бишкекка оиласи билан кўчиб келган Жанилай.

У аслида 4-синфда ўқиши керак. Бироқ ўтган йили ота-онаси Бишкекка кўчиб келганидан кейин унинг ўқиши тўхтаб қолган. Айни пайтда у Бишкекдаги Ўш бозорида қоғоз териб, уни сотиб онасига ёрдам беради. Яқинда у болаларни ҳимоя қилиш марказининг ижтимоий лойиҳаси орқали мактабга боради.

Бишкекдаги болаларни ҳимоя қилиш маркази ходимаси Айнагул Шаршакееванинг айтишича, мактабга бормай қўйган кўча болаларини мактабга қайтариш осон иш эмас. Унга кўра, мактаб раҳбарияти пул сўраб, шундоқ ҳам қийинчиликда кун кечираётган бундай болаларнинг ота-онасини қийнайди:

- Ўқишга бормай қўйган болаларни мактабга олиб борсак, мактаб директорлари 2 мингдан 4 минг сўмгача пул тўла дейишади. Берсанг ўқийди, бўлмаса йўқ, деб ҳайдаб чиқаради, дейди Айнагул Шаршакеева

Қирғизистон парламенти депутатларидан ташкил топган комиссия яқинда Қирғизистондаги мактабларда болалар билим олишига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни ўрганиб чиқди. Комиссия аъзоларига кўра, Қирғизистон мактабларида асосан турли пул йиғишлар болаларнинг билим ололмаслигига сабаб бўлмоқда.

Комиссия аъзолари ўз хулосалари бўйича 16 март куни Қирғизистон парламентига ҳисобот берди.

- Биз мактаблардаги вазиятларни бирма-бир ўрганишга ҳаракат қилдик. Нега деганда, эртанги кунда мамлакат маориф соҳасининг молиявий томонидан ислоҳатлар олиб борилса, бизда қандай имкониятлар борлигини тўлиқ ўрганишга ҳаракат қилинди, деди парламент депутати Гулжамал Султаналиева.

Мутахассислар пул йиғишлар асосан Чуй вилояти ва Бишкекдаги мактабларда кўп учрайди, деган хулосага келганлар. Бундан ташқари Таласда мактабдаги рэкетчилик, мамлакат жанубида рўмол ўраган ўқувчи қизларни ўқишига рухсат бермаслик, айрим ҳудудларда болаларни мактабга тест синови орқали олиниши болаларнинг билим олиш ҳуқуқларини чекламоқда.

ЮНИСЕФнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси ўтган йили 40 минг бола мактабга бормай¸ кўчада қолганини маълум қилган.

Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш лигаси раҳбари Назгул Турдубекова Қиғизистон болалар ҳуқуқи бўйича халқаро конвенция доирасида ўз мажбуриятларини бажармаяпи деган фикрда:

- Бола пул топиш манбаи бўлиб қолди. Болаларга пул олиб келиши керак бўлган одам сифатида қаралмоқда. Агарда бола мактаб талаб қилган пулни олиб келса унга мактабда яхши муносабатда бўлишади. Агарда бола камбағал оиладан бўлиб, бу тўловларни олиб келолмаса¸ унда унга шунга яраша муносабат қилинади, деди Назгул Турдубекова.

Унинг айтишича, бундай ҳолларни олдини олиш учун макабларда болаларга ўз ҳуқуқларини билишни ўргатувчи фанларни киритиш зарур.
XS
SM
MD
LG