Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Ҳуқуқ фаоллари қайта текширув ўтказилишини сўрамоқда


Новқат воқеасида айбдор деб топилганлар Қирғизистон судлари томонидан 9 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.
Новқат воқеасида айбдор деб топилганлар Қирғизистон судлари томонидан 9 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари 2008 йил 1 октябрида бўлиб ўтган Новқат воқеаларида қўлга олинганларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганлиги, уларнинг яқинларига ҳали ҳам босим ўтказилаётганини айтиб, бу борада қайта текширув ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари томонидан қийноқлар юзасидан ўтказилган текширув натижалари бўйича чоп этилган “Қирғизистондаги қийноқларнинг қурбонлари: Экстремизм бўйича гумонланиб қамалганларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича мониторинг материаллари” 31 март куни Бишкекда ҳуқуқ ҳимоячилари, парламент депутатлари, Омбудмен Институти вакиллари, куч ишлатар тизим ходимлари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида муҳокама қилинди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Новқат воқеаларида “Ҳизбут-Таҳрир” партиясининг аъзоси деган айб билан қамалганларга нисбатан давлат хавфсизлик хизмати ва милиция ходимларининг қўпол муносабати, кўрсатган хўрликлари тўғрисида гапиришди. Уларга кўра, Новқат воқеасида айбланиб қамалганларни қийнаган милиция ва хавфсизлик ходимлари жазоланмагунича, қийноқлар давом этаверади.

Новқат воқеалари юзасидан мониторинг ўтказган комиссия аъзоси, “Демократия ва фуқаровий жамият учун” коалицияси раҳбари Динара Ўшурахунова таъқиб ва босимлар 2008 йил 1 октябрида қўлга олиниб қамалганларгагина эмас, уларнинг яқинларига нисбатан ҳам бўлаётганини айтади:

- Новқат воқеалари бўйича машмашалар ҳамон давом этмоқда, негаки ушбу воқеадан кейин милиция ходимлари Новқат аҳолисини ички ишлар бўлимига чақириб, қўрқитиб пул олишни одат қилиб олишди, дейди Динара Ўшурахунова.

Эслатиб ўтсак, 2008 йилнинг 1 октябрида Новқат туман марказида диндорлар Ҳайит байрамини тантанали нишонлашга рухсат бериш талаби билан намойиш ўтказган эдилар. Ўшанда намойишчилар ва милиция ўртасида тўқнашув содир бўлган ва мазкур намойиш тартибсизликка айланиб кетган эди. Бу тартибсизликни уюштирганликда айбланган 32 киши узоқ муддатларга қамалганди.

Исмини ошкор этилишини истамаган новқатлик суҳбатдошимиз ҳуқуқ ҳимоячилари сўзларини тасдиқлар экан, милиция ходимлари Новқат воқеаларида иштирок этгани учун қамалган 32 одамнинг меҳнат муҳожирлигидан қайтиб келган яқинларини қўрқитиб, улардан пул ундираётганини айтади.

- Қамалганларнинг чет элларда ишлаб юрган қариндош-уруғларини Ўшга қайтаётганларида Новқат ички ишлар органи ходимлари аэропортларда кутиб олмоқдалар. “Сен шу ишларга молиявий кўмак бергансан”, деб уларни қўрқитишмоқда. Туҳматлар билан у одамларни қўлга олиб, “Сени ўзингни қариндошингни олдига элтиб қўямиз, ўша ерга ўтқизиб қўямиз”, деб пул ишлашяпти, деди новқатлик аноним суҳбатдошимиз.

Айрим ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Новқат воқеасига алоқадорликда айбланиб қамалган одамлар қўлга олинганидан кейин тергов пайтида турли қийноқларларга дуч келишган. Уларни “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик партиясининг аъзоси деб айблаган куч ишлатар тизими ходимлари, “Очиқ фикр” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Дмитрий Кабак фикрича, бугунги кунда ҳақиқий эстремистлар кимлигини аниқлашни билмайди

- Улар: “Экстремист деб гумонланганлар ҳижоб кийиб юрувчи аёллар, ибодатга қаттиқ берилган одамлар бўлса керак”, деб ўйлашади. “Уларнинг “Аллоҳу акбар” деган қўрқинчли сўзи экстремистлигини билдириб туради”, деган фикрни, афсуски, Бош прокуротура ходими Новқат воқеалари бўйича Олий судда бўлиб ўтган маҳкама чоғида билдирган, дейди Дмитрий Кабак.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Новқат воқеаларида айбланиб қамалганларнинг орасида бегуноҳ одамлар ҳам борлигини, уларнинг ҳуқуқлари бузилганини айтаётган бир пайтда Қирғизистон куч ишлатар тизимлари ходимлари уларнинг тўғри жазоланганини таъкидлашмоқда.

Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев шу йилнинг 23-24 март кунлари Бишкекда бўлиб ўтган “Бирдамлик қурултойи”да қилган чиқишида Новқат воқеаси адолатли текширилиб, айбдорлар тегишли жазосини олганини айтганди:

- Новқат воқеасида қўлга олинганларнинг барчаси экстремистик гуруҳлар аъзоси бўлган одамлардир. Новқатдаги воқеа бошланган ўша пайтда Қорасувда, Ўшда, Жалолободда, Сузоқда, Бозорқўрғонда, Ўзганда ҳам худди шундай воқеа бўлиши керак эди. Бу воқеа шундай уюштирилган. Агарда бу воқеа давом этганда, Қорасув, Ўш, Ўзганда 1990 йилги воқеалар қайталанар эди, деган эди Мўлдўмуса Қўнғантиев.

Бишкекда бўлиб ўтган давра суҳбати сўнгида Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун Новқат воқеалари юзасидан янги тергов ўтказиш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан Қирғизистон Конституцион судига мурожаат қилишга тайёрлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG