Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Қирғизистонлик ўзбеклар Бакиевни қўлламоқчи эмас


Қирғизистон республикаси ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг айтишича, қирғизистонлик ўзбеклар Бакиевнинг Минскдаги баёнотини жиддий қабул қилгани йўқ.
Қирғизистон республикаси ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг айтишича, қирғизистонлик ўзбеклар Бакиевнинг Минскдаги баёнотини жиддий қабул қилгани йўқ.

Қурмонбек Бакиевнинг Қирғизистон президенти лавозимидан истеъфо бермагани ҳақида Минскда берган баёноти маҳаллий ўзбеклар томонидан салбий кутиб олинди.

Қирғизистонда қирғизлардан кейин энг кўп саноқдаги миллат бўлмиш ўзбеклар ҳокимиятдан четлатилган президент Бакиевни қўлламайди. Бу борада Қирғизистон республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботиров 22 апрел куни Жалолободда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

- Бакиевни Белоруссияда қилган баёнотини албатта кўпчилик эшитди, шу қаторда ўзбеклар ҳам. Ўзбекларнинг асосий қисми бугунги кунда Бакиев ва унинг оиласи бошқарувини жуда яхши билади. У айтилган сўзларни бизнинг халқимизда: “Отдан тушсаям, эгардан тушмабди”, деб айтилади. Бизнинг халқимиз уни жиддий равишда қабул қилгани йўқ. Уни қабул қилмайди. Бугунги кунда, тасаввур қилинг, агар Бакиев кириб келса, Бакиевни у ўзи айтган миқдорда ўзбеклар кутиб олмайди, аксинча, бошқача бўлади, деди Қодиржон Ботиров.

Эслатиб ўтамиз, 15 апрел куни Қирғизистондан Қозоғистонга кетиши ортидан ўз истеъфоси ҳақида эълон қилган Қурмонбек Бакиев Беларусдан бошпана топганидан кейин ўзининг истеъфога кетмагани ҳақида баёнот берганди.

- Мен, Қурмонбек Бакиев, Қирғизистоннинг қонуний сайланган ва дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган президентиман. Мени ўз қасамёдимдан бош тортишга мажбур қиладиган куч йўқ ва мени фақат ўлимгина тўхтатиб қолади, деган эди Қурмонбек Бакиев 21 апрел куни Минскда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Қодиржон Ботиров сўнгги пайтларда муваққат ҳукуматни қўллаб Жалолободда бир неча маротаба кўп минг кишилик митинглар ўтказиб келган.

У бугунги Қирғизистон раҳбарияти биринчи навбатда Қирғизистонда истиқомат қилувчи барча миллатлар ҳуқуқини тенг ҳимоя қилувчи Конституция қабул қилиши керак, деб ҳисоблайди:

- Қирғизистон давлатида ишлаб чиқилган қонунлар, асосий қонун Конституция барча миллатларнинг тенглигини таъминлаб бериши керак. Мен эркин демократик давлат деб шуни биламан, деди Қодиржон Ботиров.

Айни пайтда Қурмонбек Бакиевнинг Жалолободда истиқомат қилаётган яқинлари “ўзбеклар Бакиевни қўлламайди”, деган фикрга қўшилмайди.

Ҳокимиятдан четлатилган президентнинг ҳозирда Жалолобод вилоятининг Тейит қишлоғида истиқомат қилаётган укаси Қанибек Бакиев Озодлик билан суҳбатда маҳаллий ўзбеклар орасида уларни қўлловчи кишилар кўплигини таъкидлади:

- Бизнинг қаторимизда жуда кўп ўзбеклар бор. Бизнинг қишлоғимизда истиқомат қилувчиларнинг ярми ўзбек, ярми қирғиз. Мен ишлаётган қишлоқ ҳукуматининг 80 фоизи ўзбеклардир ва улар бизни қўллаяпти. Биз дўстона муносабатда яшаймиз ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бу масалани эса бошқа, бу ерда ҳам жанжал бўлишини истаётган кучлар кўтараяпти. Биз фақат тинчлик тарафдоримиз, деди Қанибек Бакиев.

Айтиб ўтиш жоизки, 7 апрел куни Бишкекда бўлиб ўтган қонли воқеалардан сўнг Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида бу ҳудудларда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида уруш чиқиши мумкинлиги тўғрисида турли хавотирлар пайдо бўлган. Ўш шаҳар расмийлари ҳам айрим кучлар томонидан шундай уринишлар бўлаётганини айтиб, халқни босиқликка, турли провокацияларга берилмасликка чақирган.

- Мен сизлардан илтимос қиламан, 1990 йилги воқеалар такрорланиб кетмасин, ўзбекни кўрсанглар, бир километр наридан айланиб ўтинглар. Ўзбек биродарларимизга ҳам айтаман, “қирғизни кўрсангиз, бир километр наридан айланиб ўтинг”. Бир ювуқсиз келиб, провокация қилиб, 90-йил такрорланиб кетмасин. Шунга қаттиқ турайлик, деган эди 8 апрел куни Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов.

Айни пайтда Ўш ва Жалолбод вилоятларида осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳуқуқ-тартибот органлари одамлар орасида турли низолар келиб чиқишининг олдини олиш учун кучайтирилган тартибда ишламоқда. Уларга турли миллатлар вакилларидан иборат бўлган халқ дружиначилари кўмак кўрсатаяпти.
XS
SM
MD
LG