Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:44

Ўш расмийлари миллатлараро низолар олдини олишга уринмоқда


Душанба оқшомида Ўш шаҳар мэрини кутган туронликлар ўз муддаоларига етмай, тарқалиб кетдилар.
Душанба оқшомида Ўш шаҳар мэрини кутган туронликлар ўз муддаоларига етмай, тарқалиб кетдилар.

Шу кунларда Ўш шаҳар расмийлари миллатлараро низо чиқишининг олдини олиш мақсадида шаҳарликлар билан, шу жумладан, ўшлик ўзбеклар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганаяпти. Аммо бундай учрашувларни ташкил қилишда юзага келаётган баъзи тушунмовчиликлар айрим ўшликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

3 май куни эрталаб Ўш шаҳар мери Мелис Мирзақматов Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси ва миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари ҳамроҳлигида асосан ўзбеклар истиқомат қилувчи Амур Темур шаҳарчаси аҳолиси билан учрашди:

- Привокзалнийда бўлган воқеадан бошлай (Ўш мэри 30 апрел куни бир неча ўзбек тадбиркорининг нотаниш қирғиз йигитлари томонидан калтакланиши воқеасини назарда тутмоқда – таҳр.). Бориб доля сўрашган ва ўша ерда озгина тўполон бўлган. 7-8 апрелдан бери вазиятни тинч ушлаб турибмиз. Бишкекни қаранглар-чи, ҳаммаёқ вайрон бўлган. Мулки таланиб, хонавайрон бўлганлар сизларга ўхшаган оддий халқ. Биз Ўшда шунга йўл қўймасликка ҳаракат қилсак, энди мана бу бало чиқаяпти, деди Ўш шаҳар мери.

Мелис Мирзақматов, шунингдек, ўзбекларни турли провокацияларга берилмасликка, Ўшда 90-йилги воқеалар қайтарилишининг олдини олишга чақирди ва ҳудудда турли диний радикал, террорчи гуруҳлар хавфи борлиги тўғрисида гапириб, Қирғизистон ҳуқуқий майдонга кириб олганидан сўнг вазият ўзгаришини айтди.

- “Қачон замон ўнгланар экан?” деб кеча биров савол бераяпти. Агар ҳар биримиз, болта-тешамизни, калтагимизни кўтариб кўчада юрсак, Ўзбекистон чегарасини очадими? “Ёп, кераги йўқ қирғизларнинг” дейди-да, тўғрими? Мана Россия ёпаяпти, мана Хитой ёпаяпти, мана Қозоғистон ёпаяпти. Ўша тинчлик бизга боғлиқ. Фараз қилинг, болта билан, теша билан, автомат билан чиқадиган замон эмас ҳозир. Бир ўлкани бошқа бир ўлка босиб оладиган замон эмас ҳозир. БМТ дегани бор, бостирмайди, деди Мелис Мизақматов.

Ўш мэридан сўнг Амур Темур шаҳарчасида яшовчи ўзбеклар сўзга чиқиб, шаҳар расмийларига ўзларининг бугунги кунда мавжуд бўлган муаммолари ҳақида арзланишди:

- Мафияни йўқ қилиш керак биринчи ўринда. Таможний, чегара постлари жуда ҳаром ишлайди. Исботлаб ҳам бераман, ўтган-кетганнинг сумкасини ковлаб, тиланчига ўхшаб, “узатпайсинби, таштабайсинби?” деб пул сўрайди, солиқ хизмати ҳам тоза ишласин, деди сўзга чиққан ўзбеклардан бири.

Учрашувда, бундан ташқари, ГАИ ходимлари, шифокорларнинг порахўрлиги, мактаб, йўл, кадр масалалари ҳам тилга олинди. Мелис Мирзақматов йиғилганлар олдида Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарига порахўрлик муаммосини тезликда ҳал қилишни буюрди.

Амур Темур шаҳарчаси аҳолиси билан шаҳар расмийлар учрашуви 2 соат давом этди, сўнг одамлар тинч тарқаб кетдилар.

Шу куни кечки соат 6 да шаҳар ҳокимининг кўпроқ ўзбеклар истиқомат қилувчи Турон шаҳарчасига бориши ва у ерда яшовчи аҳоли билан учрашиши эълон қилинганди.

Биз Турон шаҳарчасига борганимизда айрим сабабларга кўра, шаҳар ҳокими келолмаслигини, учрашув бошқа кунга қолдирилганини маълум бўлди. Бироқ айтилган соатда бир неча юз туронлик учрашув жойига йиғилиб бўлганди. Улар шаҳар ҳокимининг келмаганидан ғазабланишди:

Йиғилганлар шаҳар ҳокими билан учрашувни интиқлик билан кутишганини айтишди. Туронлик Иброҳимжон Собировга кўра, шаҳарча аҳолисининг мэр олдида айтмоқчи бўлган гаплар кўп эди:

- Элнинг ўз талаби бор. Масалан, шахсан менинг талабим, 18-число куни Конституция комиссияси ишини якунларкан. Шунга шаҳримиз мэрига: “Сиз ўзбек вакилидан бирор одамни қўйдизми? Ўзбекларнинг талаби бор, шуни қўйдизми?” деган саволни берардим. 93-йилги Конституцияда қирғиз тили давлат тили бўлиб киритилди, уни тан оламиз, Қирғизистонда яшаяпмиз. Лекин бошқа элатларнинг тили ишлайверади, деган илова бор эди. Бу 2000 йили олиб ташланганидан кейин 2006 йили Бакиевни даврида конституция қабул қилинди. Давлат тили қирғиз тили, тан оламиз буни, официалний тил рус тили, деди. Бошқа элатларни назарга олмай қўйди. Биз шуни киритмоқчи эдик. Кадр масаласидаям, масалан, қирғиздан битта қўйса биринчи бошлиқ қилиб, иккинчисини ўзбек қўйсин, деб айтардик. Масалан, милиция, прокуротура, судларга ҳам аралаштирсин кадрлардан, дер эдик, чунки бизнинг ёшлар ўқиб, қўлига диплом олиб, иш йўқлигидан ё Россияга кетиб қолаяпти ё бозорда арава судраб юрибди, деди Иброҳимжон Собиров.

Йиғилганлар шаҳар мэрининг Туронга келишини уюштиролмаган “Турон” ҳудудий кенгаши раиси Иминжон Ҳожиохуновга ўз норозиликларини билдиришди. Ўша ернинг ўзида Ҳожиохуновнинг ўрнига ташаббускор ёшлардан бировини қўйиш талаблари янграй бошлади. Мазкур стихияли мажлисда ҳудудий кенгаш раислигига Олмосбек Шамсуддинов номзоди кўрсатилиб, бир овоздан тасдиқланди. Ўша ерда мажлис протоколи тузилиб, унинг бир нусхасини Ўш шаҳар мэриясига жўнатишга қарор қилинди.

Шундан сўнг туронликлар тез орада шаҳар мэри билан учрашиш умиди билан уйларига тарқадилар.

Айни мажлисда қатнашган Ўш вилоят Ўзбеклар жамияти раҳбари Даврон Собировнинг айтишича, бугунги кунда қирғизистонлик ўзбеклар томонидан кўтарилаётган масалалар, уларнинг талаблар Қирғизистон муваққат ҳукуматига ҳам етказилади:

- Муваққат ҳукуматга талаблар етказилади. Эртага мен ўзим Конституцион кенгашнинг лойиҳа муҳокамасига кетаяпман, деди Даврон Собиров.

Эслатиб ўтамиз, 3 май куни тушдан кейин Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакат Конституциясининг сўнгги вариантини тайёрлайдиган Конституциявий кенгаш таркибини эълон қилганди. 75 кишидан иборат мазкур кенгашга қирғизистонлик ўзбекларнинг жамоатчилик ташкилотларидан ҳам бир неча вакил киритилган.
XS
SM
MD
LG