Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:26

Лайлакликлар миллатлар аро низо ваҳимасида яшамоқда


Хабарларга қараганда низо нуқтаси бўлган Интерноционал қишлоғига фақат Роза Ўтунбаева кўрсатма бергачгина милиция ходимлари жўнатилган.
Хабарларга қараганда низо нуқтаси бўлган Интерноционал қишлоғига фақат Роза Ўтунбаева кўрсатма бергачгина милиция ходимлари жўнатилган.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Лайлак туман аҳолиси сўнгги кунларда миллатлараро низо чиқишидан ташвишланиб яшамоқда. Бундай ваҳимага бундан икки кун аввал Лайлак туманида маст аҳволдаги қирғиз йигитлари ва ўзбек таксичилари ўртасида чиққан жанжал сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, шу йилнинг 6 май куни Боткен вилояти Лайлак тумани Интернационал қишлоғида 4 нафар қирғиз йигити маст аҳволда ўзбек таксистидан уларни уйига олиб бориб қўйишини сўрашади. Бироқ йўл ҳаққини келиша олишмайди ва уларнинг ўртасида жанжал чиқади.

6 май куни такси ҳайдовчилари билан жанжаллашгани учун икки қирғиз йигити қўлга олинган, бироқ 7 май куни маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўйиб юборилган.

Бундан ташқари 7 май куни соат кунузги 11лар чамаси икки юздан ортиқ қирғиз йигитлари Интернационал қишлоғига келишади ва ўзларининг танишларини калтаклаган ўзбек йигитларини топиб беришни талаб қилиб, ўша қишлоқдаги ўзбеклар истиқомат қилувчи беш уйни талон-тарож қилишади.

Бу борада Лайлак туманининг Исфана шаҳрида истиқомат қилувчи Республика ўзбек миллий маданий маркази вице президенти Шуҳратжон Камолов Интернационал қишлоғидаги маҳаллий ўзбек лидерларидан бири Рўзивой Каримовга таяниб хабар берди.

- Уйларни тошбўрон қилишган. Каримов Рўзивойни гапи бўйича, 5та уйга кириб, марадёрства бўлган. “Эшик, ромигача кўтариб кетишган”, деб менга телефон қилиб айтти. Қолганини қўяверинг, энди. Хотинларнинг латтасигача қолмаган. Улар милицияга дўстини калтаклаган болани топиб берасан деган. Улар топиб бермагани учун, уни уйини (Рўзивой Каримов назрда тутиляпти - таҳр.) кейин қўни қўшнисиникини шундай қилишган, - деди Шуҳратжон Камолов.

Унинг айтишича, қирғиз йигитлари ўз мақсадларига ета олмай тарқаб кетишади. Бироқ орадан бир неча соат вақт ўтиб, яна қайтиб келишган ва уч ўзбек йигитини калтаклашган.

Шуҳратжон Камоловнинг айтишича, калтакланган ўзбек йигитлари ҳозирда Лайлак туман касалхонасида ётибди. Уларнинг боши ёрилган ва оёғи синган.

7 май куни биз бўлиб ўтган воқеа тўғрисида батафсил маълумот олиш учун Лайлак туман давлат маъмуриятига телефон қилдик. Бироқ туман расмийлари мазкур воқеани маиший ҳодиса сифатида баҳолашди:

- Бу маиший даражада бўлган воқеа. Ёш болалалар жанжаллашган. Ҳозир вазият яхши. Хеч қандай уйга ҳужум қилинмаган. Фақат ёш болалар тўпланиб, тарқаб кетишган. Бу масалани ўзимизнинг кучимиз билан ҳал қилдик. Бу воқеани жуда бўртириб юборишибди. У даражада эмас, - деди Лайлак туман давлат маъмурияти апарат етакчиси Бабарайим Тажибаев.

Биз 8 май куни Лайлак туманидаги вазиятни билиш мақсадида у ерга қўнғироқ қилдик. Исфаналикларга кўра, ҳозирда туманда вазият барқарор, ҳеч қаерда миллатлараро низо кузатилмаган.

Исфаналикларга кўра, 7 май куни Интернационал қишлоғида бўлиб ўтган нотинчликларда уч нафар ўзбек йигити ҳам маҳаллий ҳуқуқ - тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган. 8 май куни эса лайлаклик ўзбекларнинг талаби билан бу йигитлар ҳам озод қилинган.

Биз билан телефон орқали суҳбатлашган “Ота макон” партиясининг Лайлак тумани бўйича мувофиқлаштирувчиси Маъмуржон Шарипов Лайлак туман ҳокимияти ва маҳаллий ҳуқуқ - тартибот органлари оммавий ахборот воситаларига воқеа юзасидан очиқ - ойдин маълумот бермаётганини айтди:

- Кеча инетернет орқали берилган маълумотларнинг барчаси нотўғри берилган. Булар СНБ, маҳаллий милиционерлар, ҳокимлар ўзлари лавозимидан ажраб қолмаслик, ўз манфаати учун нотўғри маълумот беришган. Аслида ҳоким ҳам, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, эллика яқин миллиционерлар одамларни уйини талаётганларни томоша қилиб турган. Шуни кўриб туриб, ажрата олмаган. Элни ҳимоя қила олмаган, - деди Маъмуржон Шарипов.

У яқинда ушбу воқеаларнинг видеотасвирлари ва керакли ҳужжататларни тайёрлаб, Қирғизистон муваққат ҳукуматига юборилишини ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинишини айтди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, 7 май куни Исфана шаҳрида истиқомат қилувчи ўзбеклар орасида “қирғизлар ўзбекларнинг уйига бостириб келишябди”деган гап сўз тарқаган. Шу куни Исфана шаҳарнинг ҳуқуқ - тартибот ходимлари Интернационал қишлоғига юборилгани сабабли бир неча юз ўзбек туни билан шаҳарни қўриқлаб чиққан:

- Бутун кўчама - кўча юрибмиз. Ҳозир мэр ҳам, ҳоким ҳам “Ўзингларни ўзинглар қўриқланглар деб, бизга кўрсатма берди. Биз эплолмаймиз”, деди. Элни ҳар қаёққа бўлиб ташлаганмиз. Ҳар қайси кўчада юз - икки юздан одамлар бор, - деди 7 май куни тунда исфаналиклардан бири.

Маълумотларга кўра, 7 май куни Республика ўзбек миллий маданий маркази лидерлари мазкур воқеа тўғрисида Қирғизистон муваққат ҳукумати раисаси Рўза Ўтунбаевага ҳам хабар беришган. Шундан сўнг Интернационал қишлоғига аҳоли орасида нотинчлик чиқишини олдини олиш учун Лайлак туманнинг барча ҳуқуқ - тартибот ходимлари юборилган.
XS
SM
MD
LG