Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:36

Хитойлик савдогарлар Қорасувдан кетаяпти


Қорасув бозорида савдо сусайгани бу ерда савдо қилувчи хорижлик савдогарларнинг ҳам кўч-кўронини йиғиштиришга мажбур қилмоқда.
Қорасув бозорида савдо сусайгани бу ерда савдо қилувчи хорижлик савдогарларнинг ҳам кўч-кўронини йиғиштиришга мажбур қилмоқда.

Қирғизистон жанубидаги Қорасув бозорида савдо қилаётган савдогарларга кўра, ҳозирда мазкур бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланган хитой савдогарларининг тахминан 40 фоизи ўз юртига қайтиб кетган.

- Ҳозир савдо йўқ, одамлар келмаяпти. Бизда Ўзбекистонга насияга берилган моллар бор. Ўша насияга берилган молларнинг пули келиб қолармикан, деб кутиб ўтирибмиз. Насия бўлмаганида, биз бу ердан аллақачон чиқиб кетар эдик. Ҳозир бизнинг патентимиз бор, соцфондимиз бор, ер ҳақи бор, уйга ижара ҳақи тўлаймиз. Ҳозир шу харажатларни қопламаяпти. Бу ерда турсак, ойига 1-2 минг долларга банкротга кириб кетаверамиз. Ҳозирда тахминан 40 фоиз хитойлик уйғур кетиб бўлди. Бу ерда бир йилда бизнинг 10 минг доллардан кўп харажатимиз бор, дейди Қорасув бозорида савдо-сотиқ билан шуғулланувчи хитойлик уйғур савдогари.

Норасмий маълумотларга кўра, бундан бир неча йил аввал Қорасув бозорида 4 минг нафар хитойлик савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида жойлашган Қорасув бозори Марказий Осиёдаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлиб, бундан бир неча йил аввал бозорда 24 мингга яқин одам расман савдо-сотиқ билан шуғулланган.

Савдогарларга кўра, Қорасув бозорида савдо сусая бошлаганидан бери кўплаб маҳаллий савдогарлар ҳам ўз контейнерларини ёпиб, Қозоғистон, Россия, Туркия ва Кореяга каби чет давлатларга иш излаб кетмоқда:

- Айрим савдогарлар чет элга ишлагани кетишга ҳаракат қилаяпти, бошқалари таксистлик қилаяпти. Қолганлари ҳунари устачилик бўлса устачилик қилаяпти, нонвой бўлса, нонвойлик қилаяпти, темирчи, темирчилик, косиблар косиблик қилаяпти. Ҳамма бурунги ишига қайтаяпти, дейди яна бир суҳбатдошимиз.

Авваллари деҳқончилик билан шуғулланган, бироқ кейин Қорасув бозорида савдо-сотиқ қила бошлаган Жумагул Тўрўбаева ҳозирда яна деҳқончиликка қайтишни ўйлаётганини айтади:

- Энди деҳқончилик қилсакми, деб ўйлаяпмиз. Улуш ерим бор, бироқ дехқончилик қилсам, қориндан ошиниб, бемалолроқ тирикчилик қилгани кўзим етмаяпти. Шу сабабли савдо-сотиқ қилиш учун бозорга келгандим, деди Жумагул Тўрўбаева.

Қорасув бозори савдогарларига кўра, бозорнинг 80-90 фоиз харидорини қўшни Ўзбкистон фуқаролари ташкил қилади.

Бироқ Қирғизистонда апрел ойида содир бўлган сиёсий-ижтимоий воқеалардан сўнг 8 апрелдан бошлаб Қозоғистон, 9 апрел куни Ўзбекистон, кейинроқ Хитой ўзининг Қирғизистон билан чегараларини ёпгани сабабли бозорга харидорлар келмай қўйган.

Айни пайтда Қорасув бозорида савдо сусайганига қарамай, аксарият савдогарлар бугунги кунда бошқа тирикчилик манбаи бўлмагани сабабли фақат қорин боқиш учун савдога чиқаётганларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG