Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:33

Бакиевнинг уйи куйди


Бакиевлар ота уйидан қолган ярим вайрона.
Бакиевлар ота уйидан қолган ярим вайрона.

Ҳокимиятдан ҳайдалган президент Қурмонбек Бакиевнинг Жалолободдаги ота уйига 14 майда ўт қўйилди¸ унинг тарафдорлари уйи ҳам босқинга учради. Айни пайтда¸ муваққат ҳукумат жанубда назорат ўрнатилгани ва вазиятнинг осойишта эканини айтмоқда.


Жалолободдаги сўнгги воқеалар ҳақида маҳаллий вақт билан кечқурун Озодликнинг Ўшдаги мухбири хабар қилди.

Шерзод Юсуф
: Сўнгги маълумотларга кўра, Жалолободнинг Тейит қишлоғидаги Бакиевнинг яқинларининг уйига ўт қўйганлар сўнгра Жалолободддаги Бакиев тарафдорларини молиявий қўллаб турганлар уйларига ҳам боришган. Сўнгги маълумотларга кўра, тахминан соат кечки 8 ларда Жалолободда "Қора Ойбек" лақаби билан танилган Қурмонбек Бакиевнинг укаси Аҳмад Бакиев тарафдорининг уйига боришган ва унинг уйидаги жиҳозларни ташқарига улоқтириб ташлашган. Бироқ Бакиев тарафдорларининг уйлари аҳоли зич жойлашган маҳаллаларда бўлгани учун уларнинг уйига ўт қўйилмаган.

Озодлик:
Бунга жалолободлик, қолаверса, Тейитда истиқомат қилувчиларнинг муносабати қандай?

Шерзод Юсуф: Бу ерда аҳамият бериш керак бўлган гап шундаки, маълумотларга кўра, 14 май куни Жалолободда муваққат ҳукумат тарафдорлари ва бакиевчилар ўртасида бўлган тўқнашувда муваққат ҳукумат томонидан тайинланган Жалолобод вилоят губернатори Бектур Асанов кўринмаган. Хабарларга кўра, Жалолобод давлат маъмурияти биносини бакиевчилардан тортиб олишда¸ асосан¸ жалолободлик ўзбеклар иштирок этган. Шундан келиб чиқибми, жалолободлик, қолаверса, Тейитда истиқомат қилувчи қирғизлар ўзбекларни ҳатто қўлламоқда.

Озодлик: Шерзод¸ ушбу воқеаларда жабрланганлар борми?

- Жабрланганлар йўқ. Бакиев яқинлари ва тарафдорлари уйларига борилганида у ерда одам бўлмаган.

Айни пайтда¸ 14 май куни эрталаб Ўш Қирғиз драма театри олдида 13 май куни собиқ президент тарафдорлари томонидан эгаллаб олинган вилоят давлат маъмурияти биносини бўшатиш учун муваққат ҳукуматнинг бир неча юз тарафдори йиғилди.



- Кеча биз муштлашсак бўлар эди. Бироқ биз ўзимизнинг биродарларни тўқнаштирмайлик¸ дедик. Кучимиз бор эди. Тунда биз уларга бинони бўшатишлари кераклигини айтдик, бироқ улар ҳозиргача туришибди. Худо хоҳласа¸ биз сизлар билан бир оила бошқарадиган эмас, халқ бошқарадиган давлат тузамиз. Энди ҳозир биз сизлар билан ўша томонга бориб бакиевчиларга ўзимизнинг нуқтаи назаримизни тушунтирайлик, деди Қирғизистон муваққат ҳукумати томонидан тайинланган Ўш вилояти губернатори Сўўрўнбай Жеенбеков.



Муваққат ҳукумат тарафдорлари кўнгилли гуруҳларга бирлашдилар.



Шундан сўнг муваққат ҳукумат тарафдорлари Ўш вилоят давлат маъмурияти биноси олдига келишди. Бироқ уларни 13 май куни Ўш вилояти давлат маъмурияти биносини босиб олган аввалги ҳукумат тарафдорлари тошбўрон билан кутиб олди ва ўртада бир бирини тошбўрон қилиш бошланди.

Маҳаллий вақт билан соат 11.40да аввалги ҳукумат тарафдорлари Ўш вилоят давлат маъмурияти биносидан қочиб кетишди ва уларнинг ўрнини муваққат ҳукумат тарафдорлари эгаллашди.


Соат 14.30ларда муваққат ҳукумати тарафдорлари билан Қирғизистон мудофа вазири Исмоил Исақов учрашди.

Исмоил Исақов йиғилганларни бинони босиб олган аввалги ҳукумат тарафдорлари билан низога бормасликка чақирди.

- Мен кеча шу ерга келганлар билан гаплашдим. Уларнинг кўпчилиги тушунмовчилик билан келишибди. Алданганлар экан. Кўплари бакиевчиларнинг пул берамиз¸ деган гапларига ишониб келган экан. Бироқ нима бўлганда ҳам улар бизнинг қардошлар, ердошларимиз. Улар билан биз бирга яшаймиз. Хеч қачон уларга “сен бундай қилдинг” деманглар. Ҳуқуқ тартибот органлари ўзлари воқеани ўрганиб ҳар кимга баҳо беради, деди Исмоил Исақов.

Айни пайтда 13 май куни бакиевчилар томонидан эгаллаб олинган Жалолобод вилояти ҳокимиятини муваққат ҳукумат назоратига ўтказиш жараёни анча мураккаб кечди.

14 май куни Жалолбод вилоятида муваққат ҳукумат тарафдорлари ва уларга мухолифлар ўртасида отишма содир бўлган. Хабарларда айтилишича, бакиевчилар муваққат ҳукумат тарафдорларига қарши ўқ отганлар.

Айни пайтда Жалолобод вилоятини муваққат ҳукумат тўла назоратга олган. Отишма натижасида 37 одам жароҳатланган¸ 5 одам оғир аҳволда экани, бир кишининг эса ўлгани айтилмоқда.


Муваққат Мудофаа вазири Исмоил Исақовга кўра, ҳозирда Жалолбодда бўлиб ўтган воқеани ўрганиш учун Қирғизистон Ички ишлар вазири воқеа жойига жўнатилган.

Исмоил Исақов Боткен вилояти тўғрисида гапирар экан, “Боткенни бакиевчилар эгаллаб олди” деган маълумотларни рад этди:

- Боткенда вазият яхши. Барча хабарлар ёлғон. Ҳозир мен Боткен вилояти губернатори билан гаплашдим. Одамлар йиғилган экан, бироқ улар билан губернатор учрашиб гаплашганидан кейин¸ тарқаб кетишган, деди Исмоил Исақов.

Қирғизистон жанубидаги уч вилоят ҳокимликларини 13 май куни эгаллаб олиниши ва тартибсизликларни уюштиришда айбланиб, мамлакатнинг энг кекса сиёсатчиси Усен Сидиқов қамоққа олинди. 14 май куни соат 16 да муваққат ҳукумат мамлакат жанубида тўла назорат ўрнатилганини эълон қилди.
XS
SM
MD
LG