Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Ўшликлар тунни уйқусиз ўтказди


Ўш вилоят ҳокимиятидан маълум қилишларича, қуролланган соқчилар вилоят давлат маъмурияти биносини шу ҳафта сўнгигача қўриқлайдилар.
Ўш вилоят ҳокимиятидан маълум қилишларича, қуролланган соқчилар вилоят давлат маъмурияти биносини шу ҳафта сўнгигача қўриқлайдилар.

Ўшда “айрим провокаторлар 17 май куни миллатлараро низо чиқаради” қабилида гап-сўзлар тарқагани туфайли 16 майдан 17 майга ўтар кечаси кўплаб ўшликлар ухламай, ўз маҳалла ва кўчаларини қўриқлаб чиқишди.

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида 17 май куни апрел воқеалари қурбонларини хотирлаш маросимлари ўтказилди. Ўш вилоят давлат маъмурияти биносида ўтказилган мажлисда, асосан, Ўш вилоятининг туман ва қишлоқларидан келган оддий одамлар иштирок этди. Мажлисда вилоят расмийлари апрел инқилоби қурбонларини хотирлаб нутқ сўзлашди:

- Биродарлар, Худо хоҳласа, сизлар билан бирга покиза мамлакат қурамиз. Сизларга муваққат ҳукуматни қўллаганингиз, ишончингиз учун миннатдорчилик билдираман. Бироқ, билиб турибман, сизларда “булар ҳам аввалги ҳукуматдай бошқа йўлга юриб кетмасайди”, деган хавотир бор. Мен айтмоқчиманки, агарда доимо бирга турсак, бирга юрсак, покиза жамият, мамлакат қура оламиз, деди Ўш вилоят губернатори Сўўранбай Жеенбеков 17 май кунги мажлисда.

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур мажлис ўтган Ўш вилоят ҳокимияти биноси ичкаридан ҳам, ташқаридан ҳам қаттиқ қўриқланмоқда. Бино қўриқчилари орасида қуролли соқчилар ҳам бор.

Ўшликлар орасида бир неча кундан буён “13-14 май кунлари жанубий вилоятлар ҳокимиятларини эгаллаб олган бакиевчилар 17 май куни бунга яна бир марта уриниб кўрмоқчилар”, “айрим провокаторлар 17 май куни миллатлараро низо чиқаради” қабилидаги хавотирли хабарлар тарқаганди. Афтидан, буни фавқулодда воқеаларни кўравериб, кўзлари пишиб қолган муваққат расмийлар ҳам назардан соқит қилмаяптилар.

Таъкидлаш жоизки, ана шундай ваҳимали хабарлар туфайли 16 майдан 17 майга ўтар кечаси кўплаб ўшликлар туни билан ухламай чиқди. Ўшнинг кўплаб кўча ва маҳаллалари маҳаллий аҳоли орасидан чиққан кўнгилли дружиначилар томонидан қўриқланди:

- Одамларда ваҳима бор. Кеча 16 май куни кечки пайт шаҳарда юрсак, маршруткалар ҳам кўринмади. Соат кечки 7 дан кейин маршруткалар йўқ. Одамлар остановкаларда такси тўсиб, уйларига кетишди. Қўрқув бор, кечаси соат 10 дан кейин маҳаллаларда одамлар тўп-тўп туриб, ўтган-кетган машиналарга қараб, “Ким? Нима қиляпсан?” деб текшириб ўтиришибди, дейди ўшликлардан бири.

Бундай ваҳималарга 16 май куни Ўшнинг турли кўчаларида бўлиб ўтган майда маиший низолар ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, 16 май куни Ўшдаги “Фрунзе” мактаби яқинида маст аҳволдаги икки қирғиз йигити ўзаро сўз талашиб, уришиб кетишган. Воқеа гувоҳларининг айтишича, натижада ана шу ерда турган ўзбек таксичиси машинасининг ойнаси синган. Шундан сўнг у ерда одамлар йиғилган ва бутун шаҳарга “Фрунзе мактаби олдида миллатлараро жанжал чиқибди” қабилида гап-сўз тарқаб кетган.

Воқеа гувоҳларига кўра, бироз ўтгач, воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари келган, айбдорлар қўлга олинган ва одамлар тарқаб кетган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 13-14 май куни Ўш ва Жалолобод вилоятларида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам хизматнинг кучайтирилган тартибига ўтказилган:

- Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари кучайтирилган тартибда ишламоқда. Ўш, Жалолобод, бутун Қирғизистон бўйлаб ҳуқуқ-тартибот операцияси жорий қилинган. Шахсий таркиблар махсус кўрсатма бўлмагунича шу тартибда иш олиб боради, деган эди 15 май куни Озодликка берган суҳбатида Қирғизистон Ички ишлар вазири Бақитбек Алимбеков.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Ўшда 16-17 май кунлари ҳеч қандай норозилик митинглари ва оммавий тартибсизликлар кузатилмаган.
XS
SM
MD
LG