Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:34

Жалолободда 1 июнга қадар комендантлик соати жорий этилди


Жалолободдаги қонли тўқнашувлардан сўнг Қирғизистон жанубида миллатлараро низо чиқиш хавфи янада кучайди.
Жалолободдаги қонли тўқнашувлардан сўнг Қирғизистон жанубида миллатлараро низо чиқиш хавфи янада кучайди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбоева 19 май куни Жалолободда юзага чиққан қонли тўқнашувлар муносабати билан шаҳарда кескин қоидалар ўрнатилганини эълон қилди.


Ўзаро зидлашган гуруҳлар ва милиция ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки кишининг ўлгани¸ 50дан ортиқ одамнинг эса яралангани Қирғизистон муваққат ҳукуматини можаронинг миллатлараро урушга айланиб кетиши олдини олиш мақсадида ана шундай кескин чора қўллашга мажбур қилди.

Муваққат ҳукумат эълон қилган баёнотда янги тартибнинг 19 майдан 1 июнга қадар давом этиши билдирилган.

Муваққат ҳукумат бошлиғи Роза Ўтунбаева имзо чеккан фармонда Жалолободда маҳаллий вақт билан 20:00дан тонгги 06:00гача коммендантлик соати жорий этиш назарда тутилган.

- Жалолободдаги вазият жуда кескин. Эрталаб маҳаллий аҳоли шаҳар отчопарига тўпланган, кейин Халқлар дўстлиги университети томонга юриш бошлаган. Митингчилар университет биносига бостириб кириб, ўт қўймоқчи бўлишaяпти, деди Роза Ўтунбаева.

19 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри отчопарига йиғилган бир неча минг одам республика Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айбладилар. Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини талаб қилдилар.

Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилдилар.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарида айтилишича, 19 май куни Жалолободда бўлиб ўтган тартибсизликлар натижасида 60 дан ортиқ киши яраланган, 2 киши ўлган. Бироқ бу жароҳатларнинг қандай характерга эгалиги ҳозирча номаълум. Шу билан биргаликда митингга чиққанлар бакиевчилар ёки бошқа кучлар тарафдорлари экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

- Буларнинг ўзбек миллатидагиларга ёки бошқа миллатларга эътирози йўқ. Буларни шахсан Қодиржон Ботировга эътирози бор, деди айни пайтда Жалолободда вазиятни кузатаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.

Маълумотларга кўра, Халқлар дўстлиги универститети олдига 7 минг одам йиғилган.

Қирғизистондаги ахборот агентликлари хабарларига мувофиқ, митингчилар орасида бўлган провокаторлар Халқлар дўстлиги университетини қўриқлаётган милиция махсус отрядига тош отганлар.

Мазкур университет ўзбек миллий маданий маркази лидерларидан бири Қодиржон Ботиров маблағи ҳисобидан қурилган ва ҳозир ҳам у томонидан молиялаштирилади.

Университет биносини ўраб турган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва махсус милиция отрядлари ҳавога қарата ўқ узишга мажбур бўлганлар.

- Товушини эшитаяпсизми, ёғдириб ташлашди, деди биз билан суҳбатда бўлган жалолободликлардан бири.

Озодлик: Осмонга отишаяптими?

- Осмонга, деди жалолободлик воқеа гувоҳларидан бири.

Шунга қарамай, митингчиларни тарқамаган.

Университет олдига йиғилган митингчилар Қодиржон Ботировни 14 май куни бўлиб ўтган митингда миллатлараро адоват чиқарувчи нутқ сўзлаганликда айбламоқдалар. Шунингдек, уни Жалолобод шаҳри яқинидаги Тейит қишлоғида жойлашган Қурмонбек Бакиев ва унинг қариндошлари уйига ўт қўйишни уюштирганликда ҳам гумон қилишаётир. Бироқ Қодиржон Ботировнинг ўзи бу айбловларни рад этаяпти ва митингчиларнинг аниқ мақсади нима эканини билмаслигини айтмоқда.

Айни пайтда Муваққат ҳукумат аъзоси Темир Сариев Жалолободда 19 май куни бўлиб ўтган воқеалар ҳокимиятдан четлатилган Қурмонбек Бакиев тарафдорлари томонидан уюштирилгани тўғрисида ишонарли далиллар борлигини маълум қилди.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси Роза Ўтунбоева муваққат ҳукумат Жалолободда миллатлараро низога йўл бермаслигини ваъда қилди.

- Биз одамлар орасидаги ҳар қандай зўравонликни қоралаймиз. Айниқса ҳозир Жалолободда бўлаётгандай ўзбеклар ва қирғизлар орасида. Биз барчани осойишталикни сақлашга чақирамиз. Бунга бизда куч етарли, деди Роза Ўтунбаева.

Муваққат ҳукумат раисасига кўра, мудофаа вазири Исмоил Исақов Жалолободдаги вазиятни назорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG