Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Жалолободда Ботиров тарафдорлари митинг ўтказди


Бир гуруҳ жалолободликлар Қодиржон Ботиров ҳимояси учун митингга чиқдилар.
Бир гуруҳ жалолободликлар Қодиржон Ботиров ҳимояси учун митингга чиқдилар.

22 май куни Жалолободда Қирғизистон Мудофаа вазири Исмоил Исақов билан учрашган Қодиржон Ботиров тарафдорлари 19 май куни шаҳардаги Халқлар дўстлиги универститетини тошбўрон қилганларнинг жазоланишини, Қодиржон Ботировга нисбатан таъқиблар тўхтатилишини ва унинг оқланишини талаб қилишди.

Қирғизистон Мудофаа вазири Исмоил Исақов билан учрашувда бир неча юз одам иштирок этди. Аввалига учрашув иштирокчилари сўзга чиқишди ва Жалолободда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан ўз фикрларини билдиришди:

- Манабу бутун ўқув комплексини Ботиров қурди. У биз мамлакатимизни халқаро даражага кўтарувчи битирувчилар тайёрлашимизни орзу қилди. Айтингчи, ким Қирғизистон келажагини қурди, болаларни ўқитди? Улар ресторан, кафе ва ётоқхоналар қуришди ва ўз бойлигини кўпайтиришди.

Бизга 14-19 май кунлари бўлган ҳодисаларнинг олдини олмаган муваққат ҳукумат позицияси тушунарсиз бўляпти. Биз бу биноларни тўғрилай оламиз. Лекин ўша кунги воқеаларда ўлганларни тирилтира оламизми?

Биз бу ерда халқ келажаги тўғрисида қайғурган одамни ҳимоя қиляпмиз. Ва биз уни таъқиб қилишларнинг олди олинишини талаб қиламиз. Муваққат ҳукумат талабларимиз борасида ўйлансин ва бизнинг жанубий ҳудудларда тинчликни сақлаш бўйича чоралар кўрсин, - деди йиғинда сўзга чиққан Бахтихон Аъзамова.

Йиғилганлар Қирғизистон Мудофа вазири Исмоил Исақовдан 19 май куни Жалоободдаги Халқлар дўстлиги универститетини тошбўрон қилганларнинг жазоланишини, Қодиржон Ботировга нисбатан таъқиблар тўхтатилишини ва унинг оқланишини талаб қилишди:

- Бу ерда қирғиз халқини ўзбек халқига қарма - қарши қўйиб, пул олиб, болаларга ароқ ичириб мана шу ерга олиб келган бандитларни қамаш керак, Ботировни эмас. “Ботировни қамаймиз”, деб кеча телевизорда айтяпди. Кеча министрга ҳам айтдим, илгарги куниям айтдим министрга, агар Ботировни қамайдиган бўлса, биз бу элни тўхтатолмаймиз. Анаву ерга бориб, Ботировнинг халқ учун қурган клиникасини кўрсин. Қирғизистонда ҳеч ким қуролмайди.

Бу одам бойиш ўрнига элга хизмат қилай деса, қамаймиз дейишади. Бандитларни қамайлик, болалар ўқийдиган ерга ўт қўйганларни қамайлик, Ботировга, комиссия тузиб, керак бўлса, Қирғизистон қаҳрамони деган ном бериш керак, - деди Жалолобод вилояти Сузоқ туманидан бўлган Ўсмонали Аблазов.

Айтиб ўтиш жоизки, йиғинда турли миллат вакиллари иштирок этишди. Улар шу йилнининг 13-14 май кунлари вилоят ҳокимятини босиб олган, 19 май куни Халқлар дўстлиги универститетини тошбўрон қилганарни “варварлар” деб аташди.

Йиғин иштирокчиларидан сўнг сўзга чиққан Қирғизистон Мудофа вазири Исмоил Исақов эса нутқи аввалида одамларни бундай аташларига норозилик билдирди.

- Қодиржон Ботиров “ЎшТВ”, “МезонТВ” телевидинияларидан чиқиб, гапирди. Эшитмаган бўлсанглар мен айтиб берай. У, “Қирғизистондаги ҳукумат, давлат ҳукумати йўқолсин. Унинг ичидан суд, прокуротура тарқатилсин”, деди. Бундай дейишга ҳаққи борми? Бу двлат тўнтаришга чақириқ. Универститетда қонунни билган юристлар борми, ҳурматли ректор. Шундай дедйишга ҳаққи борми? Йўқ, - деди Исмоил Исақов.

Мудофа вазири, шунингдек, хозирда Қодиржон Ботиров таъқиб қилинмаётганини, фақат тергов кетаётганини айтар экан, агар айибдорлиги исботланса қонун доирасида жазоланишини, акс ҳолда оқланишини ҳам қўшимча қилди.

Бироқ йиғин иштирокчилари вазирнинг сўзларини эшитишни истамадилар. Улар вазирни масалага бир ёқлама ёндошишда айиблашди ва тарқаб кетишди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 19 май куни бир неча минг одам Жалолобод шаҳар отчопарига йиғилиб, Республика ўзбек миллий маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлар аро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблашган.
Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини ҳамда 14 май куни собиқ президент Қурмонбек Бакиев уйига ўт қўйган айбдорлар топилишини талаб қилганлар. Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилганлар.

Ушбу тартисизликлар натижасида 3 одам ўлди, 70дан ортиқ киши жароҳатланди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, муваққат ҳукуматнинг жануб бўйича махсус вакили, Мудофаа вазири Исмоил Исоқов Қодиржон Ботировга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган.

Бунга эса ташкилотчилари номаълум экани айтилаётган норозилар гуруҳининг Қодиржон Ботировни миллатчилик ва миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилганини иддао этаётгани сабаб бўлган. Норозилар бир неча кун давомида митинг ўтказиб, Қодиржон Ботировнинг қамоққа олинишини талаб қилишган.

Қўшимча қилиб ўтамиз, Жалолободда 19 май куни бўлиб ўтган тартибсизликлардан сўнг вилоятда 1 июнга қадар кечки 8 дан эрталабки 6 гача комендантлик соати эълон қилинган эди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, сўнгги кунларда вазият барқарорлашгани сабабли Жалолободда комендантлик соати вақти 2 соатга қисқартирилган.
XS
SM
MD
LG