Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Ўшда ёшларнинг тинчлик юриши бўлиб ўтди


Ўшдаги тинчлик юришида 100 чоғли ўзбек ёшлари ҳам иштирок этди.
Ўшдаги тинчлик юришида 100 чоғли ўзбек ёшлари ҳам иштирок этди.

27 май куни ўшликларни бирдамликка ва миллатлараро низоларга йўл бермасликка чақириб, шаҳар кўчалари бўйлаб тинчлик юришига чиққан мингга яқин ёшлар орасида ўзбек ёшлари ҳам бор эди.

Ўшдаги бугунги тинчлик юриши Қирғизистон жанубидаги 26 нодавлат ташкилотини бирлаштирган “Ақ қизмат” жамоатчилик ташкилоти томонидан уюштирилди.

“Ақ қизмат” аъзоси, Ўшдаги ўзбек-миллий маданий маркази ёшлар қаноти раиси Дилмурод Эшоновнинг айтишича, “Биз миллатчиликка қаршимиз!, “Ўшда тинчлик ва осойишталик бўлсин!” шиори остида ўтказилган ушбу тинчлик юришида мингга яқин ёшлар иштирок этди:

- Биз шаҳримиз ва вилоятимиздаги ишсиз ёшларни ҳунармандларга шогирд қилиб бериб, хунарга эга бўлганидан кейин иш ўринларига жойлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Биз мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни ўрнатиш ва ёшларимизнинг иймонли бўлишига интилаяпмиз, деди Дилмурод Эшонов.

Мазкур тинчлик юришида юздан ортиқ ўзбек ёшлари иштирок этганидан қониқмаган Дилмурод Эшонов ўзбек ёшлари янада фаолроқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди:

- Биз 3-4 кун аввал телевидиниелар орқали эълон қилган эдик. Ҳозир яхши деёлмайман, озчиликмиз. Мен ўзбек, турк ва бошқа миллатларга мансуб ёшларни бизнинг жамоатимизга қўшилишини сўранаман. Мен ўйлайманки, шунда келажакдаги режаларимиз амалга ошади, деди “Ақ қизмат” ёшлар ташкилоти аъзоси, Ўшдаги ўзбек миллий-маданий марказнинг ёшлар қаноти раиси Дилмурод Эшонов.

Тинчлик юриши иштирокчилари шаҳар бўйлаб йўл олишдан аввал Ўш вилоят давлат маъмурияти биноси олдида жойлашган “Мангу олов” мажмуаси ёнида Ўш шаҳар ва вилоят расмийлари ва диний уламолар билан учрашдилар.

- Ҳурматли ёшлар, сизларнинг ушбу ҳаракатингиз албатта қўллаб-қувватланади. Бошқа шаҳар ва вилоят ёшлари ҳам биздан ўрнак олиши керак, деб ҳисоблайман. Сабаби Ўшда бирдамлик бўлгани, тинчликпарварлик шиорини юқори кўтарганимиздан, “миллатчиларга Ўш шаҳрида ўрин йўқ” деб, миллатчиларнинг таклифларини рад қилганимиз сабабли бугунги кунда севимли Ўш шаҳримизда тинчлик бўлаяпти, деди Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов.

“Ақ қизмат” жамоатчилик ташкилоти аъзоси Шайлўўбек Атазов ташкилот тинчлик юриши сўнгида қурбонлик сўйилиши ҳамда болалар уйи ва қариялар уйларига тарқатиб берилишини айтди:

- Сўнгги 2 ойда ўлкамизда бўлган турли талотумларда бизнинг Ўш шаҳримизда мутлақо қон тўкилмай, сабр-бардош билан яхши йўлга чиқиб олдик. Биз бундан кейин ҳам тинчликда ва дўстликда яшаймиз, деган ниятдамиз. Бўлинишга йўл бермаймиз, бўлинганлар биздан эмас, “Ватанни севмоқ иймондандир”, деб келдик. Биз ҳозир бир қурбонлик олиб келдик. Шуни сўйиб, болалар уйи ва қариялар уйига топширамиз, кейин тинчгина тарқаламиз. Барча шаҳарликларни иноқликка чақирамиз, деди Шайлўўбек Атазов.

Шундан сўнг мингга яқин ўшлик ёшлар Ўш шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб тинчлик юришига чиқишди.

Тинчлик юриши ўшликларни миллатчиликдан сақланиш бўйича чақириқлар билан давом этди.

Қўшимча қилиб ўтамиз, май ойи ўрталаридан бери Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси миллатлараро низо чиқишидан чўчиб яшамоқда. Бундай ваҳималар 19 май куни Жалолободда содир бўлган воқелардан сўнг авж олди.

Шу йилнинг 19 май куни бир неча минг одам Жалолобод шаҳар отчопарига йиғилиб, Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировни миллатлараро низо чиқаришга ҳаракат қилаётганликда айблашган.

Шунингдек, улар вилоят губернатори Бектур Асановнинг истеъфосини ҳамда 14 май куни собиқ президент Қурмонбек Бакиев уйига ўт қўйган айбдорлар топилишини талаб қилганлар. Шундан сўнг митингчилар Жалолобод шаҳри томон юриш қилиб, Қодиржон Ботировга қарашли Халқлар дўстлиги университетини тошбўрон қилганлар.
Ушбу тартибсизликлар натижасида 3 одам ўлди, 70 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Ўшда бундай воқеалар кузатилмаган бўлса-да, миллатлараро низо чиқиши борасидаги миш-мишлар ортидан турли ваҳималар пайдо бўлди ва ҳар бир маҳаллаларда халқ дружиначилари тузилиб, улар ўз кўчаларини туни билан ухламай қўриқлаб чиқишди. Бундай посбонлик Ўшнинг айрим кўчаларида ҳозир ҳам давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG