Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

Хайрулла Ҳамидов ҳукм қайта кўриб чиқилишини сўрамоқчи


Хайрулла Ҳамидов суд давомида ўзига қўйилган айбларнинг бирортасини тан олмаган.
Хайрулла Ҳамидов суд давомида ўзига қўйилган айбларнинг бирортасини тан олмаган.

27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди томонидан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган журналист Хайрулла Ҳамидов ўзининг айбсиз эканини таъкидламоқда ва ҳукм устидан юқори инстанция судига шикоят қилиш ниятида.

Бу ҳақда Озодликка Хайрулла Ҳамидов 21 январ куни ҳисбга олинганидан тўрт ой ўтиб уни бирров кўришга муваффақ бўлган журналистнинг рафиқаси маълум қилди.

Хўш¸ оддий ўзбекистонликлар¸ хусусан Хайрулла Ҳамидовнинг минглаб мухлисларини жунбушга солаëтган бу ҳукмдан сўнг вазият қандай¸ деган саволга жавоб бера туриб журналистнинг турмуш ўртоғи вазият ҳозирча ўзгаришсиз экани¸ лекин ишонч ҳали борлигини таъкидлайди.

- Худо хоҳласа. Худога ишонч бор, Оллоҳга. Чиқиб кетадилар, Худо хоҳласа.

Озодлик: Адвокат нима деяпти?

- Ҳозирча ҳеч нарса демаяпти. “Бўлди¸ менинг ишим тугади” дедилар.

Озодлик: Апелляцияга бермас эканми?

- Берган¸ фойдаси йўқ, дейишди. Ҳали яна гаплашамизда. Ҳали гаплашмадик ўзи билан. Мен свидание олиб хўжайинимнинг олдиларига кириб чиқдим. Ўзлари апелляцияга бераман деяптилар. Билмадим¸ берсалар керак энди.

Озодлик: Апелляцияга беринглар, демадими?

- Йўқ, ҳаракат қилмоқчимиз энди. Ҳаракат қилиб кўрайлик. Қани нима бўлар экан¸ дейди Хайрулла Ҳамидовнинг турмуш ўртоғи.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Хайрулла Ҳамидов иши бўйича ҳозирги ҳолатни тасвирлар экан¸ қарор қўлга олинмагунча бирор-бир амалий ҳаракат қилиб бўлмаслигини маълум қилди.

Суръат Икромов: Демак¸ мен ҳозир адвокатларидан биттаси билан гаплашдим. Шу одамнинг гапига қараганда¸ шу 10 куннинг ичида апелляцияга берамиз¸ деяпти. Бу ҳукм қўлга олингандан кейин ўрганиб чиқилади. Адвокатлардан бири ҳукмга шикоят аризаси бериш ҳақида гапирди. Қонун бўйича неча киши бўлишидан қатъий назар судланувчиларнинг ичидан бирортаси ҳукм юзасидан апелляцияга шикоят хати берса¸ ҳаммасининг иши бошқатдан кўриб чиқилади. Ҳозирча маълумлиги фақат шу. Шунинг учун сабр қилиб кутишимизга тўғри келади. Ҳамма жойда бу жуда катта кўтарувчанлик билан кетаëтганидан хурсандман. Ўйлайманки¸ бунинг натижаси барибир бўлади. Дарров бўлмаслиги мумкинку¸ менинг фикримча бу қандайдир яхши натижага олиб келади. Албатта¸ Хайруллани озод қилиш мақсадида бўлаëтган ишларни давом эттириш керак. Ўзбекистоннинг ўзида телевидение¸ радиоларда эшитганларнинг “Э¸ шунақа бўлдими?” деб гапиришлари бор. Аммо умуман бирлашиб одамларнинг ҳатти-ҳаракатлари кузатилмаяпти. Фуқароларнинг ўзидан¸ ичидан келиб чиқиши керак. Ташкил қилиш¸ бошқани ўзи ўрганиши керак. Кўпи тушунаяпти бунинг сохталаштирилганини.

Озодлик: Озодликка мурожаат қилганлардан бири “Наҳот халқаро ташкилотлар¸ халқаро судлар орқали суднинг қарорини бекор қилиш ëки ҳеч бўлмаса таъсир ўтказишнинг иложи йўқ?” деб савол берибди.

- Тўғри¸ Страсбург суди¸ бошқа судлар бор. Аммо Ўзбекистоннинг у жойларга аъзолиги йўқ. У Россия¸ менимча Қозоғистонда ҳам бор. Бир неча собиқ СССР давлатларида Европа судларига мурожаат мақоми бор. Яъни Европа судлари билан шартномаси ва ҳоказо бор. Ўшандагина Европадаги судлар қарор чиқариб бериши мумкин¸ дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

27 май куни Тошкент вилоят жиноят ишлари бўйича суди диний-маърифий дастурлари билан Ўзбекистон ва минтақада танилган журналист Хайрулла Ҳамидовни жиҳодчилар диний экстремистик гуруҳига алоқадорликда айблаб¸ уни олти йилга озодликдан маҳрум этди. Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини Чегара билмас мухбирлар¸ Ҳюман Райтс Уотч¸ Халқаро амнистия ҳамда бир қатор бошқа ташкилотлар кескин қораладилар.
XS
SM
MD
LG