Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:46

Навбатдаги нишон - Хайрулланинг мухлисларими?


Хайрулла Ҳамидовнинг "Холислик сари" эшиттиришлари Ўзбекистон диний қўмитасининг расмий рухсати билан лицензияланган тартибда сотувга чиқарилган эди.
Хайрулла Ҳамидовнинг "Холислик сари" эшиттиришлари Ўзбекистон диний қўмитасининг расмий рухсати билан лицензияланган тартибда сотувга чиқарилган эди.

Йиллар давомида Ўзбекистон диний идоралари рухсати билан маърифий эшиттиришлар ҳозирлаб¸ ўз дискларининг давлат рухсати билан ўн минглаб нусхада сотилишига эришган Хайрулла Ҳамидов бугунга келиб экстремист¸ жиноятчига чиқарилди. Ўзбекистонда тасарруфидан Хайрулланинг дисклари топилганларни ҳам жиноятчига чиқариш амалиëти бошланган

Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсат тарафдорлари фикрича, давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилиш бетиним давом этмоқда. Халқ турмуш даражаси тобора кўтарилмоқда, инсон ҳуқуқларига оғишмай амал қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсатни танқид қилувчилар эса, тарафдорлар фикрларининг мутлақ терсини айтишдан чарчамайди.

Кейинги ойларда юз берган баъзи ҳодисалар танқидчиларнинг ҳар доим ҳам холис эмаслигини кўрсатиб турибди.

Ўзбек жамиятида ўзгаришлар чиндан ҳам юз бермоқда.

Ўзгариш борлигини бир журналист тақдирида кўриш мумкин.

Яқинда 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган Хайрулла Ҳамидов ва унинг “Холислик сари” эшиттиришига расмий муносабатнинг ўзгарганини назарда тутаяпмиз.

Бугун ўша ўзгариш сабабларини ўрганмоқчимиз.

Ёдингизда бўлса, шу кунда авахтада ўтирган ҳамкасбимизни қийнаган саволлардан бири бу эди: Ўзбекларга нима бўлаяпти?

Борган сари гуноҳ тўляпти¸
Ҳолимизга ҳамма куляпти¸
Бутун дунë турибди ҳайрон¸
Ўзбекларга нима бўляпти?

Бир пайтлар муаллим бўлган¸
70 минглаб ҳадислар билган¸
Бухорийни тарбия қилган¸
Ўзбекларга нима бўляпти?

Ҳа, чиндан ҳам, ўзбекларга нима бўлаяпти?

Ўзбек жамиятида нима бўлаяптики, кечагина Ўзбекистон ТВсию радиоларида бемалол чиқиш қилиб турган одам бугунга келиб жиноятчига чиқарилди?

Ҳуқуқшунослар айтдиларку, Хамидов устидан чиқарилган айблов хулосасида пичоққа илинадиган ашёвий далил бўлмаганини?!

Хайрулланинг “Холислик сари” радиодастури “Наврўз” радиосидан бир неча йил Рамазон ойларида чиқиб турган, эшиттиришнинг, дискфурушлар айтишича, лицензияланган дисклари бемалол сотувда бўлган эди-ку?!

“Холислик сари” эшиттиришидан парча:

"Ассалому алайкум қадрли мухлислар. Бизнинг меҳнатларимизни юқори баҳолаëтганлигингиз учун яна бир бор алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Мухлисаларимиз¸ мухлисларимиз “Холислик сари” дастурининг энг асосий кулминацион нуқтаси сифатида шеърия саҳифасини тан олишади".

Нега энди худди мана шу эшиттиришлар ёзилган дисклар бошқа айбланувчилар устидан чиқарилган айблов хулосаларида ашёвий далил сифатида келтирилмоқда?

Мана бир мисол: жорий йил апрели ўрталарида Жиззахда 25 киши озодликдан маҳрум этилди.

Уларнинг диний экстремистликда, конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбдор, деб топилиши учун берган кўрсатмалари асос бўлган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари “Экспертлар ишчи гуруҳи” аъзоси Суҳроб Исмоилов ўша 25 киши устидан чиқарилган айблов хулосасидан баъзи кўчирмаларни ўқиб берди. Эшитинг:

- Мана шу 25 та судланувчига тегишли 77 варақдан иборат айблов хулосасини батафсил ўрганиб чиққанмиз. Бир неча жойларида Хайрулла Ҳамидовга нисбатан кўрсатмалар айтиб ўтилади судланувчилар тарафидан. Хусусан судланувчи Кунаров Сардор Темурбоевич айблов хулосасининг 18 бетида қуйидагича кўрсатма берган: Озод акадан Абдували қорининг даъватлари ëзилган дискдан телефонимга Абдували қорининг 20 та маърузаларини тушириб олган эдим. Бундан ташқари Хайрулла Ҳамидовнинг “Холислик сари”маърузаларини ҳам тушириб олган эдим. Мен синфдошларимга телефонимга ëзилган ушбу диний маърузаларни ва клипларни кўрсатганман ва тушунтириб берганман деб кўрсатма берган.

Яна бир судланувчи Шодмонов Анвар айблов хулосасининг 8 бетида кўрсатма бера туриб қуйидагича гапирган: Тошкент шаҳрига эҳтиëт қисмларини сотиб олиш учун Пахтакор туманилик Шуҳрат исмли таксичини кира қилиб¸ Тошкентга олиб кетган эдим. Тошкентга бориб эҳтиëт қисмларини сотиб олганимдан сўнг қайтишда йўлда бир киши такси ҳайдовчисига 6300 маркали қўл телефонини почта қилиб бериб юборди. Мен ўша телефон аппаратини олиб ичини кўрганимда¸ “Холислик сари” деб номланган Хайрулла Ҳамидовнинг ҳадислар сари маърузасини ўзимнинг 6230 маркали телефонимга ўтказиб олдим. Ушбу маърузани мен уйимга келиб эшитиб кўрдим ва эртаси куни эрталаб “Мен ҳам намоз ўқийман” деган китобни 700 сўмга сотиб олдим деб кўрсатма берган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Жиззахлик судланувчиларнинг ана шу кўрсатмалари уларни озодликдан маҳрум қилиш учун етарли бўлди.

Демак, бир неча йил Ўзбекистондаги радиодан ҳавога бетўсиқ тарқатилган, аудиоёзувлари бетўсиқ сотилган “Холислик сари” эшиттириши бугунга келиб экстремистик адабиётлар рўйхатида.

Демак, ҳар бир ўзбекистонлик бу эшиттириш ёзилган дискларни уйида сақлашдан, биров эшитаётган бўлса, қўшилиб эшитишдан тийилиши керак. Акс ҳолда – турма!

Ҳукуматнинг ўзи эса, фуқароларини “Холислик сари”ни эшитиб қолишдан сақлаш учун барча чораларни кўрмоқда.

Шу кунда Ўзбекистондаги аудиоёзув дўконларида “Холислик сари”ни тополмайсиз.

Наманганлик дискфурушлардан бири билан мана бундай гаплашдик.

Озодлик: Қанақа дисклар сотасиз?

- Ҳар хилда. Ўша идораники. Ўзбеккино.

Озодлик: Кинолар¸ ашулаларми?

- Ҳа.

Озодлик: Диний дисклар ҳам сотасизми?

- Олдин сотганмиз. Ҳозир идорада динийни ҳам¸ ҳаммасини бекор қилиб юбордида. Бизга Ўзбеккино агентлиги беради.

Озодлик: Ҳеч қандай диний диск сотилмайдими ҳозир?

- Йўқ¸ Наманганда диний диск йўқ. Қўрқиб қолган. Сотгани ҳам қўрқади.

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовнинг ҳам диски сотилганми?

- Ҳа¸ сотилган.

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовнинг дискларидан қанча сотгансиз?

- Идорадан келганини сотганмизда¸ ишхонадан.

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовнинг дискларини ишхона берганми?

- Ҳа¸ Тошкентдан келган.

Озодлик: Лицензияланган дисклармиди улар?

- Ҳа.

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовники.

- Тошкентдан ҳамма ëққа тарқаган. Идорадан жўнатилган¸ сотилган.

Озодлик: Холислик сари дискини айтаяпсизда-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳозир борми шунақа диск?

- Йўқ. ҳозир компютерлардан ҳам ўчириб ташлаганмиз. Келиб компютерларни ҳам текширадику.

Озодлик: Компютердан ким ўчириб ташлайди?

- Текширгани келган пайтда компютернинг ичидаги Хайрулла Ҳамидовнинг нималарини кўриб ўшанга ҳам тўполон қилаверганда. СНБ¸ прокуратура мумкинмас деяверади. Шунинг учун “Ке қўй шу бош оғриғини” деб йиғиштириб ташланган.

Озодлик: “Холислик сари”ни охирги марта нечанчи йили сотгансиз?

- Икки йил олдинда.

Озодлик: Ҳозир бирортаси уйида кўчириб келиб “Мана шуни сотинг” деса¸ сотасизми сотмайсизми?

- Уйда кўчирибми?

Озодлик: Ҳа.

- Йўқ¸ сотмайман.

Озодлик: Нимага?

- Бош оғриғи. Керакмас у.

Озодлик: Нима учун диний дискларни¸ хусусан Хайрулла Ҳамидовнинг дискини сотишга рухсат бермай қўйди? Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Билмадим.

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовни ўзи эшитганмисиз?

- Ҳа¸ эшитганман. Кимлигини ҳам¸ ҳаммасини биламан.

Озодлик: Сизга ëқармиди ўша программалари?

- Ҳа.

Озодлик: Нимаси ëқарди?

- Холислик сарида чиққан нарсаларининг ҳаммаси зўрку. Концертлардан минг марта ортиқда. Ҳозирги концертлардан.

Озодлик: Давлатга қарши ташвиқот қилармиди?

- Холислик сарида унақа давлатга қарши нима йўқ бўлса керак¸ дейди наманганлик дискфурушлардан бири.

Демак, Хайрулла Ҳамидовнинг “Холислик сари” дастурлари ёзилган, лицензияланган, “Ўзбеккино” агентлиги томонидан тарқатилган дисклари икки йил олдин Наманганда бемалол сотилган. Бугун сотувда йўқ.

Ҳамидовнинг дисклари Тошкентдаги дўконларда ҳам йўқ. Уни ҳатто “Холислик сари” программасини сотишга расмий ҳуқуқи бўлган “Синема-маркет” ширкати дўконларидан ҳам топиб бўлмайди.

Ширкат дўконларидан бирининг сотувчисидан мухбиримиз сўради:

Озодлик: Хайрулла Ҳамидовнинг “Холислик сари”ни олсак бўладими сизлардан?

- Йўқ¸ диски йўқ умуман¸ дейди ширкат дўконларидан бирининг сотувчиси.

Бошқа сотувчисига бошқа савол берилди:

Озодлик: Ўзингиз эшитганмисиз “Холислик сари”ни?

- Ҳа.

Озодлик: Ëққанми?

- Нимага ëқмайди¸ дейди ширкат дўконларидан бирининг бошқа бир сотувчиси.

Хайрулла Ҳамидовнинг “Фаррош” деган шеъри:

Пойтахтнинг Чорсуси 100 йилга яқин¸
Эзилиб кун кўрар¸ гуноҳга ботиб¸
Бирдан замин узра чақдику чақин¸
Каллакесарлар ҳам жим қолди қотиб.

Бир масжид эшиги аста ғичирлар¸
Гуноҳкор маҳалла қалбида орзу¸
Ҳатто қиморбозин тили пичирлар¸
Ҳа¸ мана пайғамбар меросхўри шу.

Бу қабиҳ қабила ўхшарди кузга¸
Тўкилган баргларга аралаш ҳиди¸
Бузилган муҳитнинг ҳолати бизга¸
Макканинг аввалин эслатар эди.

Қавм нигоҳ ташлаб атрофга тийран¸
Қандайдир ëқимли бир ҳисни туйди¸
Фаррош қўлидаги супурги билан¸
Тўкилган баргларни бир четга уйди.

Ëқиб юбормайин ҳидсиз баргларни¸
Аста қопчасига йиға бошлади¸
Баҳор ўртасида тўкилганларни¸
Авайлаб устида кўзин ëшлади.

Сизларда айб йўқку¸ кўз ëшим тинди¸
Аммо қалбимдаги алам ҳапқирди¸
Ўрнингизда қолган баргларни энди¸
Асрамоқ бурчимдир дебон ҳайқирди.

Шу кундан бошлабоқ парвариш доим¸
Эгилган новдалар қаддини олди¸
Макканинг аҳволин эслатган қавм¸
Мадина аҳлига айланди қолди.

Фаррошнинг нидоси қавмни уйғотиб¸
Таниш-нотанишни айлаганда ром¸
Бир кунда арохўр шишасин отиб¸
Қиморбоз саждага йиқилди тамом.

Жаҳолат музлари тинмай янчилар¸
Олов беркинган бу рангсиз учқунда¸
Тамом фаҳшларга ботган кўчалар¸
Мастура қизларга тўлмиш уч кунда.

Сўнгги бор бешикда йиғлаган йигит¸
Бир четга ўтибон кўзин ëшлади¸
Қулф тушган жойидан занглаган масжид¸
Устидан ғуборин ечиб ташлади.

Бир инсон чиқаркан вазмин минбарга¸
Хотиржам биз энди мўминмиз деди¸
Ҳар жума бу даргоҳ мусулмонларга¸
Асри саодатни эслатар эди.

Фаррошлик касбининг моҳир вакили¸
Боғбонлар ҳадисин олган бул нотиқ¸
Шундайин хутбалар қила олдики¸
Топиш амримаҳол унданда ортиқ.

Беш йилга чўзилган асри саодат¸
Катта ундов билан топмиш ниҳоя¸
Бу муддат ичида деярли пойтахт¸
Айни шу масканда топмиш ҳидоя.

Сўнг фаррош қайгадир йўл олмиш кези¸
Унинг қайтмоқлиги каттакон мавҳум¸
Ҳар бир дарахт энди ўзини ўзи¸
Боғбонсиз парвариш қилмоққа маҳкум.

Тошкентлик журналист Хайрулла Ҳамидовнинг 6 йилга қамалгани Ўзбекистонда нимадир ўзгарганидан дарак. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, нима ўзгарди, деган савол жавобини топмоқчимизки, боядан бери эшитганларингиз ўша саволга етиб олишимиз учун зарур гаплардир.

Демак, Ўзбекистонда “Холислик сари” эшиттириши ёзилган дисклар сотувдан олиб ташланган.

Мазкур диск у ёки бу фуқарони диний мотивлар билан қамаш учун ашёвий далил бўла олади. Бу ҳақда бояроқ гапирилди.

Айни пайтда қўшни Қирғизистонда “Холислик сари”ни диск дўконларидан бемалол сотиб олиш мумкин.

Қирғизистонлик дискфуруш билан гаплашдик.

Озодлик: “Холислик сари” дисклари шу кунларда сизнинг дўконингизда сотувда борми йўқми?

- Ҳозирда бизнинг дўконларимизда сотувда бор. Яхши талаб билан нима қилинаяпти. Ҳозир сотувда бор.

Озодлик: “Холислик сари”нинг асосий харидорлари ким ҳозир?

- Асосий харидорларидан ëшлар ва аëллар. Кўпинча “Нозик ҳилқат” деган маърифий эшиттиришида кўпроқ аëлларга ибратомуз¸ ҳозирги кунда ўзбек аëлларига анча фойдали нарсалар мужассам бўлганлиги учун кўпроқ аëллар¸ ўзбек аëллари фойдаланишади.

Озодлик: Ўзбекистонда Хайрулла Ҳамидов қамалди. Унинг дисклари сотилмаяпти. Сизларда сотилаяпти экан. У сизларга қаердан келади?

- Бизга бошида Ўзбекистоннинг ўзидан олиб келинган дисклардан нусха қилиб чиқарилганлари анча кўп эди ва интернет орқали олинганлари ҳам бор¸ дейди қирғизистонлик дискфурушлардан бири.

Мана бу андижонлик йигит “Холислик сари” эшиттириши мухлисларидан бири.

- Хайрулла Ҳамидовни асосан биз футбол шарҳловчиси сифатида эмас аслини олганда биз кўпроқ “Холислик сари” эшиттириши орқали таниганмиз. Эшиттиришни ниҳоятда асосан ëшлар яхши қабул қилади. Бизга жуда ҳам маъқул бўлардики¸ моҳият жиҳатдан ўша маърузанинг ислом тарихидан келиб чиқишлиги¸ Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаëти ва ижодига боғлиқ¸ сийратларига боғлиқ ҳолатларни жуда яхши етказарди. Саҳобалар тўғрисида ҳам жуда кўп нима қиларди. Яъни исломнинг воқесини баëн қиладиган¸ маъруза қиладиган исломий йигитларнинг энг яхшиси деб биламан.

Озодлик: Масжиднинг имомидан нима фарқи бор?

- Нима фарқи бўлиши мумкин? Масжиднинг имоми бир ўзининг доирасида ҳаракат қилади. Намозга даъват қилишлик¸ ичманглар¸ чекманглар¸ оддий¸ мусулмонлар доимий эшитиб юрадиган янгилик бўлмаган нарсалар тўғрисида гапириши мумкин. Лекин Хайрулла Ҳамидов¸ масалан у Ҳазрати Умар тўғрисида кунлаб гапириши мумкин. Ëки бошқа бирор-бир саҳоба тўғрисида унинг суҳбати тугамаслиги мумкин. Шундай бир исломнинг воқесини гапириб берардики¸ ҳақиқий исломни одамлар ҳис қиларди. Ëшлар ҳам ҳис қиларди.

Озодлик: Сиз радиодан эшитганмисиз дискданми?

- Мен кўпроқ дисклардан эшитардим.

Озодлик: Дискларни қаердан олардингиз?

- Дисклар бозорларда сотиларди эркин.

Озодлик: Эркин сотиларди-а?

- Эркин сотиларди¸ дейди андижонлик йигит.

Шунинг учун ҳайрон бўляпмизда: нима учун давлатнинг рухсати билан ишлаётган радиодан бир неча йил чиқиб турган, ёзуви давлатнинг рухсати билан сотувга чиқарилган программа бугунги кунда қатағон, муаллифи аристон?

Нима ўзгарди? Ҳукумат ўша-ўша, ҳуқуқ-тартибот органлари ўша-ўша, қонунлар ўша-ўша-ку?

Мана энди саволимизга олганимиз баъзи жавобларни эшитинг:

Андижонлик мухлиснинг жавоби:

- Буларни қўйиб турайлик. Маълум бир вақтда давлатнинг рухсати билан¸ ошкора турк лицейлари очилган тўғрими? Бунда ҳеч қанақа қаршилик бўлмаган. Тарғиб қилинган. Турк лицейлари очилган¸ ҳамма турк лицейларида ўқиган. Ҳозир ўқиган одамлар бошқа ишлар билан шуғулланади¸ бошқа нималар қилади¸ лекин бир вақтлар ўқиган. Ўша ўқиганлиги учун шу болалар қамалаяпти ҳозир тўғрими? Ўша даврда турк лицейида ўқиган бола қанақа жиноят қилди? У пайтда ман қилинмаган бўлса¸ бошқа қилинмаган бўлса. Турк лицейида ўқиган болаларни топиб ушлаб шуларни навбати билан қамаяпти. Бирданига эмас секин-секин қамалаяпти. Айби ўша даврда турк лицейда ўқиган. У бечоранинг нима айби бор? Хайрулла Ҳамидовга ҳам мана Обид қори Назаровнинг дисклари топилди¸ Абдували қорининг дисклари топилди дейди. Маслаан Абдували қори аканинг расман жиноятчи эканлиги ëки қамалганлиги тўғрисида маълумот йўқ. Лекин умумтушунчалар пайдо бўлдики¸ оддий¸ содда одамлар ҳам биладики¸ демак мана шу одамларнинг маърузаларини эшитишлик жиноят. Яъни улар ўзи жиноятчи эмас. Уларнинг мияси¸ тили жиноятчи. Мана яқиндан бошлаб кўрасиз¸ Хайрулла Ҳамидовнинг дискларини эшитган одам жиноятчи бўлади¸ дейди андижонлик мухлис.

“Холислик сари”дан парча:

“Кўпгина мухлисларимиз “Холислик сари”ни айнан мана шу охирги дақиқаларини тинглаш учун қолган саҳифаларни диққат билан эшитишларини маълум қилишган. Биз бундан албатта хурсандмиз”.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари"Экспертлар ишчи гуруҳи" аъзоси Суҳроб Исмоиловнинг жавоби:

Суҳроб Исмоилов: Мазмун жиҳатидан ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Фақатгина бу ерда мана шу “Холислик сари” дастурида айтилган фикрлар ҳозир кўп жойларда¸ масжидларда айтилиши мумкин. Ўзбекистонда масжидга келувчиларнуинг олдига чиқиб нутқ сўзлайдиган имомларни¸ биз биламизки¸ нутқларининг ҳаммаси текширувдан ўтади. Ўша “Холислик сари”да айтилган фикрлар имомлар сўзлаëтган нутқларда ҳам келиши мумкин. Бу ерда бизнинг фикримизча¸ мана шу фикрлар кимнинг оғзидан чиқаëтганлигига давлат энди эътибор бера бошлади ва албатта ҳозирги пайтда¸ мана Ўзбекистонда охирги пайтларда кўп қамоққа олиш ҳолатларида биз янги бир диний экстремизм гуруҳ бор эканлиги ҳақида хабар топаяпмиз. У ҳам бўлса Ўзбекистон ислом жиҳодига тегишли деб айблов қўйишаяпти инсонларга. Менинг айтадиган фикрим¸ “Холислик сари”даги фикрлар билан ҳозирги тинч мусулмонлар¸ ҳеч қанақа давлатга¸ конституцион тузумга қарши фикрда бўлмаган мусулмонлар ўртоқлашаëтган диний ғоялар ўртасида катта фарқ йўқ. Бу ерда фақат айнан ким шу ҳақда гапираëтганлигини давлат ўзига дастур қилиб олаяптида¸ мана шу Ўзбекистон ислом жиҳоди деган ташкилотга экстремизм гуруҳига боғлашга ҳаракат қилинаяпти.

Озодлик: Демак¸ нима айтилаëтгани муҳим эмас¸ ўша нимани ким айтаëтгани муҳим.

- Биринчи фактор ким айтаëтганлиги муҳим ва қайси ҳолатда айтаëтганлиги муҳим. Масалан бизда анчадан бери биламиз ҳукумат ва расмий дин уламолари ўртасида келишув бор. Бу кўзга ташланмайдиган¸ ëзилмаган келишув. Ҳукумат уларга ўзларининг фаолиятларини юрғизишга рухсат беради¸ шароит яратади етарли. Улар эса ўзларининг ҳар битта чиқишларида ҳукуматни олқишлашади ва мана шу тарзда ҳукуматга легитимлик яратиб беришади. Шунинг учун уларга рухсат берилган. Оддий фуқароларга намоз ўқиб юришдан ташқари нарëғига ўтмаслиги керак. Ўзларининг фикрларини билдирмаслиги керак¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари “Экспертлар ишчи гуруҳи” аъзоси Суҳроб Исмоилов.

Жамият ва қонун эшиттириши бошқа барча эшиттиришларимизда қилишимиз лозим бўлган иш – бошқа томоннинг, яъни бугунги ҳолатда Хайрулла Ҳамидовни қамаганларнинг ҳам фикрларини Сиз тингловчига топиб беришимиз керак эди.

Лекин бунинг иложи йўқлигини биларсиз ва бизни тушунарсиз, деган умиддамиз.

Эшиттиришимизни эфирга тайёрлаб бўлдик, деб турганимиз дақиқаларда ўзининг Ҳилола, деб таништирган бир ўзбекистонлик ёш аёл Озодликнинг Эркин микрофонига телефон қилиб қолди.

У кишининг гапи айнан Хайруллага тегишли бўлгани учун Жамият ва қонунни ўша – Ҳилола билан ўтказганимиз қисқа суҳбат билан якунламоқчимиз.

Озодлик: Марҳамат¸ нима демоқчисиз?

Ҳилола: Менда ака¸ (йиғлаб) Хайрулла аканинг қамалганини¸ бошқасини эшитиб жуда хафа бўлдим. Жуда ҳам диққат бўлиб¸ ишонаверинг¸ нима кераги бор эди? Одамларга ҳайрон қоламанда. Нима кераги бор бир тузук болани қамашнинг?

Озодлик: Мен бугун Хайрулла Ҳамидов бўйича эшиттириш қилаяпман. Мен жавобини излаëтган савол шуки¸ мана Хайрулла Ҳамидов “Холислик сари” эшиттиришини бир неча йил радиодан қўйган.

Ҳилола: Жуда ҳам чиройли олиб борганлар.

Озодлик: Демак¸ давлатнинг рухсати билан кетган. Кейин дисклари бемалол сотилди. Давлатнинг рухсати билан ишлаган одам вақт ўтиб бирдан жиноятчи деб эълон қилинди ва мана олти йилга қамалди.

Ҳилола: Бу умуман ноҳақликда. Мана масалан ўйлаб кўринг ...

Озодлик: Тўхтанг¸ тўхтанг. Мен саволимни бериб олай. Нима ўзгариш юз бери Ўзбекистонда? Давлатнинг рухсати билан ишлаган журналистнинг қамалишию у кишининг программалари қатағон қилинишига нима ўзгариш юз берди?

Ҳилола: Битта ўзгариш юз берди. Давлатга янада одамлар нафрат билан қараши юз берди холос. Бундан бошқа ҳеч нарса эмас бу ерда.

Озодлик: Сиз айтган нарса Хайрулла Ҳамидов қамалгандан кейин у кишининг мухлислари орасида пайдо бўлган кайфият. У кишининг қамалишига¸ программаси тақиқланишига нима сабаб бўлди? Нимага қамалди?

Ҳилола: Ўша нимага қамалганини ҳеч ким билмайди. Халқ ҳам билмайди нима учун қамалганини. Чунки у болада умуман айб бўлмаган. Ўзингиз ўйлаб кўрингда. Давлатнинг ўзи ўқитиб¸ журналист даражасига кўтариб қўйган бола қанақа қилиб жиноятчи бўлиши мумкин? Футбол шарҳловчиси дейилди¸ бошқа дейилди. Интернетда шеърлари борми¸ эркакларга¸ аëлларга нарсалари борми тинглаб келганман доимо. Бу ерда давлатни ëки кимнидир диний экстремизмга тортадиган нарса гапирилмаган. Бу ерда одоб-ахлоқни кучайтириш¸ ислом динини қайтадан ўргатиш¸ одамларни эсдан чиқариб қўймаслик такрорланган холос.

Озодлик: Майли раҳмат сизга. Ë яна бирор нарса демоқчимидингиз?

- Менинг фикрим бор илтимос. Оналарига айтмоқчиман. Илоë Хайрулла акага ҳам сабр берсин. Энг аввало оналарига¸ оилаларига сабр-тоқат тилайман. Худо хоҳласа амнистия тегиб тезроқ чиқиб келишларини Худодан сўраб қоламан¸ дейди Ҳилола.
XS
SM
MD
LG