Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:41

Болани ҳимоя қилган таксичи мелисахонада жон берди


Ўтган бир ой Жалолободда бевақт ўлим билан боғлиқ кўп фожеалар рўй берди.
Ўтган бир ой Жалолободда бевақт ўлим билан боғлиқ кўп фожеалар рўй берди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Бозорқўрғон туманида истиқомат қилувчи Абдураимовлар оиласи туман ички ишлар бошқармасининг бир неча ходими ҳамда яна икки нафар фуқарони қотилликда айбламоқда.

Абдураимовларга кўра, оила бошлиғи Солижон Абдураимов шу йилнинг 4 июн куни 6-синф ўқувчисини калтаклаётган икки киши ўртасига тушгани учун ўша кишилар томонидан қаттиқ калтакланади. Бундан ташқари, воқеа жойига келган Бозорқўрғон туман ички ишлар бошқармаси ходимлари Абдураимовга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг ўрнига уни жиноятчи сифатида ички ишлар бошқармасига олиб кетишади. Солижон Абдураимов ички ишлар бошқармаси биносида жон беради.

1952 йилда туғилган марҳум Солижон Абдураимов Жалолобод вилоятига қарашли Бозорқўрғон қишлоғи Носиров кўчаси 77-уйда истиқомат қилган. У ўзининг хусусий автомашинасида кира қилиш орқали тирикчилик қиларди.

Марҳум яқинларининг айтишича, шу йилнинг 4 июн куни Бозорқўрғондаги касалхона олдидаги марказий кўчалардан бирида 6-синф ўқувчиси велосипедда автойўл ўртасига чиқиб кетади ва келаётган автомашинага енгил урилади, автомашина бироз чизилиб кетганлиги сабабли унинг ҳайдовчиси машинасидан тушибоқ ёш болани ура кетади. Шу пайт марҳум Солижон Абдураимов машина эгасига “ёш болани урма” деб, уларнинг ўртасига тушади. Машина эгаси Солижон Абдураимовни ҳам калтаклай бошлайди, бунга машина ичида ўтирган аёл ҳам қўшилади. Аёл ёш болани калтаклаган йигитнинг онаси бўлади:

- Акамни у ерда она-бола роса уришади, тепади диханиесига. Шунда - ана шу ерда бир одам апаловка қўйиб, бетон қуяётган бўлган - ҳалиги хотин югуриб, ўша ерга кириб, апаловкага қўйилган, узунлиги 80 сантиметр, учида юзлик мих қоқилган ёғоч олиб чиқади. Хотин ўша ёғоч билан акамнинг бошига уради. Бошига урганидан кейин акам ўзини йўқотоди, деди марҳумнинг укаси Шокиржон Сотволдиев.

Унинг айтишича, шундан сўнг ўша ердаги “Сомсахона” ишчиларидан бири Солижон Абдураимовнинг юз-қўлини, қонаган бошини ювиб, ҳушига келтиради. Айни пайтда она-боланинг “бизга ҳужум қилишаяпти” деган чақируви билан воқеа жойига Бозорқўрғон ички ишлар бошқармаси ходимлари келишади ва Солижон Абдураимовни ички ишлар бошқармасига олиб кетишади.

Шокиржон Сотволдиев воқеадан ҳабар топгач, акасининг ортидан ички ишлар бошқармасига боради, бироқ уни бошқармага киритишмайди. Орадан бир муддат ўтгач, Шокиржон Сотволдиев ҳам ички ишлар бошқармасига киради:

- Мелисахона эшиги олдига боргунимча акамнинг овоз эшитилди иккинчи этаждан. Кириб борсам, акам столда ўтирган экан, бақир-чақир бўлаяпти. Акамни урган хотинлар, акамни урган ўғли ҳам бор, мелисалар бор. Биттасини танийман, иккита мелисани танимайман. Эшикни очганимда, акам менга бир қараб, ўзини ташлаб юборди, югуриб бориб, ушлаб қолдим. Орқамдан иккита-учта шофёр борган эди, улар ҳам кирди. Мен: “бир одамни ўлдириб битишдинг-ку” десам, мелисалар менга: “атай қилватат, хитр чал экан” (атайлаб қилаяпти, айёр чол экан – таҳр.) дейишди. Кейин биз акамни кўтариб олиб чиқдик. Акам мелисахонада қўлимга тушганда жон бериб бўлган экан. Билмаган ҳолда шофёрлар билан акамни тез ёрдамга олиб келдик. Тез ёрдамга келганимизда ўлиб бўлган экан. Ҳаммаёғи қон, у ерда ювиб тозалашди акамни. Бошига ёғоч билан урганда, бошига мих ҳам кирган экан. Буни ўша ердаги ҳамма кўрган, деди Шокиржон Сотволдиев.

Унинг айтишича, Бозорқўрғонда Солижон Абдураимовнинг жасади суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган. Шифокорлар экспертизанинг расмий натижаларини унинг яқинларига кўрсатишмаган, бироқ оғзаки равишда Солижон Абдураимов келтирилган жароҳатдан эмас, юрак касалидан ўлганини айтишган.

Бироқ, Солижон Абдураимовнинг синглиси Малика Сотволдиевага кўра, Солижон Абдураимов ҳеч қачон юрак касалидан нолимаган. Воқеа содир бўлган куни ҳам уйидан соғ-саломат чиқиб кетган:

- Жума куни эрталаб соат 6 да уйдан чиққанимда акам стоянкада турган экан. Соппа-соғ эди. Уйдан соппа-соғ машинани миниб чиқиб кетган. Ўтиб кетаётиб: “ака, яхшисимиз, тинч ётдингизми?” деб сўрашиб, пастга тушиб кетганман. Бирор соатдан кейин қизим билан келиним кетаётганда неварамни қўлига олиб, эркалатиб, яхши гапирган. Ҳамма кўрган соппа-соғлигини, деди Малика Сотволдиева.

Марҳумнинг яқинлари 5 июн куни Солижон Абдураимовга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига сўроққа олиб борган милиция ходимларини ва уни калтаклаганларнинг жазоланиши ва тиббий экспертиза қайтадан ўтказилишини талаб қилиб, Бозорқўрғон ички ишлар бошқармаси биноси олдига йиғилади. Улар билан Жалолобод вилояти губернатори ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари ўринбосарлари, прокуратура ходимлари ҳамда маҳаллий расмийлар учрашади. Йиғилганлар талабига кўра, Жалолобод ва Ўш вилоят суд-тиббий экспертиза марказида мурда қайтадан тиббий экспертизадан ўтказилади.

- Ҳозирча суд-медэкспертизаси натижаси чиқмади. Ўш суд-медэкспертизаси вакилларининг айтишича, натижа 15 кунда чиқиши мумкин экан. Бизга бир ой ичида суд-медэкспертиза хулосасини берадиган бўлишди. Ҳозирча ҳеч қандай хулосалар айтилмади, деди воқеани кузатиб бораётган “Воздух” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Бозорқўрғон туманидаги ходимаси Феруза Тошпўлатова.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Солижон Абдураимовни калтаклаган машина эгаси ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG