Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:57

Ўзбеклар ўз етакчиларига нисбатан бораëтган тазйиқдан хавотирда


Ўш ва Жалолободда тинтув ва зачистка ўзказаëтган қуролли кучларнинг ўзбек етакчиларини сохта айблар¸ ташлаб қўйилган "ашëвий далиллар" асосида қамоққа олаëтгани ҳақидаги шикоятлар кўпайиб бормоқда.
Ўш ва Жалолободда тинтув ва зачистка ўзказаëтган қуролли кучларнинг ўзбек етакчиларини сохта айблар¸ ташлаб қўйилган "ашëвий далиллар" асосида қамоққа олаëтгани ҳақидаги шикоятлар кўпайиб бормоқда.

Қирғизистон жанубида ўзбек жамоасинининг кўзга кўринган вакиллари¸ уйидан қурол-яроғ топилди¸ деган расмий иддао билан бирма-бир ҳибсга олинмоқда, баъзилари тақдири эса бедараклигича қолмоқда. Бундайлар рўйхатига ҳар куни янги номлар қўшилмоқда.



Озодликка қўнғироқ қилаëтганлар билан суҳбатлар ва расмий баёнотлардан йиғилган маълумотлар асосида шу кунга қадар Ўш вилоятида ҳибсга олинган ёхуд бедарак кетган таниқли ўзбек етакчилари рўйхатини тузишга уриндик.

Булар Республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти, ҳозирда бедарак Жалолиддин Салоҳиддинов, Ўш вилояти Ўзбек миллий-маданий маркази президенти, ҳозирда бедарак Иномжон Абдурасулов, Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари, ҳибсга олинган, калтакланган ва қўйиб юборилган Абдурашид Хўжаев, Қорасув шаҳар депутати, ҳибсга олинган ва қўйиб юборилган Ёдгор Усмонов.

Бундан ташқари, Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи маҳалла оқсоқоллари, анча-мунча танилиб қолган имомлар ҳам ҳибсга олинган, калтакланган ҳоллари ҳақида маълумотлар бор.

Жалолобод вилоятидан эса вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти¸ "Дийдор" газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов, “Чўлпон” номли ўзбек миллий-маданий маркази президенти Шуҳрат Мирзаолимов, Жалолобод шаҳар масжиди имоми Муҳаммаджон Аҳмедов, Халқлар дўстлиги университети ректори Озодбек Кароматов ва “Ватан” партияси лидери Аъзам Акбаров, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровлар ҳибсга олинган.

Буларнинг сафига куни-кеча қўшилган яна икки ўзбек бор: Республика Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти, шу кунларда бедарак яна бир ўзбек етакчиси Қодиржон Ботировнинг қариндошлари Улуғбек ва Мурод Олимовлар.

Бундан ташқари, йирик-йирик ўзбек маҳаллаларида кўзга кўринган оқсоқоллар, имомлар, зиёлиларнинг уйларида тинтувлар ўтказилган, баъзилар қисқа муддатга ҳибсга олиниб, кейин қўйиб юборилган. Яна баъзилари эса ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Озодлик таҳририятига келиб тушган хабарлар ва Қирғизистондан олинган расмий хабарлардан сўнг тузилган шу кичиккина рўйхатнинг ўзиданоқ, Қирғизистон махсус хизматлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоасининг кўзга кўринган етакчилари ва уларнинг теграсидаги фаолларни таъқибга олгани кўринади.

Бу таъқиб-тазйиқлар давомида кўзга ташланган энг муҳим жиҳатлардан бири — таъқибга олинган етакчи ўзбекларнинг аксарияти уйларидан қурол-яроғ топилмоқда, деган расмий иддаодир.

- Жалолиддиннинг уйи билан офисини обыск қилиб туриб кейин телевидениедан берди. Офисидан автомат ўқлари чиқибди экан. Иномжон Абдурасуловни бўлса¸ телевидениедан берди буни ҳам¸ унинг уруғларидан¸ уйидан ўқотар қуроллар чиқди¸ гранаталар чиқди деб уни ҳам берди. У ҳам бедарак. Ҳеч ким уларнинг қаердалигини билмайди. Бундай ўйлаб қараганда¸ ақлли одам ҳеч қачон қуроли бўлган тақдирда ҳам ушлаб турмаса керак¸ деб ўйлайман. Подстава дейман мен¸ дейди Озодликка сим қоққан ўшликлардан бири.

Тинтувлар, ҳибсларга гувоҳ бўлган Ўш ва жалолободликлар ўзбек лидерлари ва умуман, шаҳардаги маҳаллалардан топилаётган қурол-яроғлар очиқ-ошкора бу хонадонларга ташлаб қўйилмоқда, деган фикрда.

Бундай гувоҳликлардан бири — Ўш шаҳрининг Ўш кўчасида яшовчи ва шу маҳалла етакчиларидан бири, деб тилга олинган Абдураҳмон Қўчқоровнинг ҳибсга олиниши вақтида унинг уйидан қандай қилиб қурол-яроғ топилганини ҳикоя қилади:

- Қўчқоров Абдураҳмон деган боланинг уйига кириб тинтув қилиб гувоҳларсиз¸ оила аъзоларини ўртага олиб чиқиб қўйиб¸ уйларни тинтув қилган бўлиб граната билан олтита автоматнинг ўқини топиб чиқишибди. Кейин кўчадан гувоҳларни олиб кирган. Подставада бу. Аниқ подстава. Менга “гувоҳ бўл” деган эди¸ мен “тинтув пайтида мен йўқ эдим” дедим. Кейин “ҳеч бўлмаса қўл қўйиб бер” деб туриб олди¸ дейди ўшликлардан бири.

Уйидан шу тариқа қурол топилган Абдураҳмон Қўчқоров ва унинг отаси ҳозир ҳибсдан озод қилинган; улар Озодлик билан суҳбатлашишни истамадилар.

Қўчқоровлар яқинларининг сўзларига қараганда, ҳибсдалик чоғида уларга қаттиқ тазйиқ ўтказилган, қийноқлар қўлланилган.

Бу эса шу кунларда ўзбек лидерлари, зиёлилари ва уларнинг яқинларини ҳибсга олиш, уйларида тинтув ўтказиш вақтида яққол кузатилаётган иккинчи жиҳат — ҳибсга олинганларга деярли ёппасига қаттиқ қийноқлар қўлланилиши.

Бунга сўнгги мисоллардан бири шу кунларда бедарак Республика ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти Қодиржон Ботировнинг қариндошлари Улуғбек ва Мурод Олимов¸ ҳамда уйи Қодиржон Ботиров очган Халқлар дўстлиги университетига қўшни бўлгани учунгина тазйиққа олинган Юнус Қамбаралиевлар тақдиридир.

Уларнинг аҳволидан хабардор Тўлқин Рисбоев гапиради:

- Қамбаров Юнусбек деган болани. Бу киши университет ëнбошида яшаган. Бир кун олдин келишиб¸ СНБ ходимлари деб айтишди¸ унинг уйи ëниб кетган. “Уйингни кўтаришга ëрдам берамиз. Моддий тарафдан кўтариласан” деб телефон номерини ëзиб кетишган. Эртасига эрталаб телефон қилишган. “Университетнинг олдига чиқиб тур. Биз сени кўриб гаплашайлик” дейишган. У одам чиққанида машинага солиб олиб кетишган. Кечгача допрос қилиб кечки пайт қўйиб юборган. “Ўзим билмаган ҳолатда гапираяпман. Нима гапираëтганимни билмайман” дейди. Токка қўйганлиги шундай баданидан кўриниб турибди. Ваҳшиëна нима қилишган. Бу бола қўшни бўлган. У одамга ҳеч ким бўлмаган¸ дейди Тўлқин Рисбоев.

Шундай қийноқлар остида қолган бу ўзбекларнинг оила-аъзолари ҳам Озодлик билан мулоқотдан ўзини тортди.

Бундан ташқари, шу кунга қадар ҳибсга олинган ва кейинчалик қўйиб юборилгани бизга маълум бўлган яна икки киши — Қорасув шаҳар депутати Ёдгор Усмонов ва Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаевлар билан ҳам суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Улар билан суҳбатда бўлганларнинг сўзларига кўра, сўроқлар чоғида берилаётган саволлар мазмуни деярли бир хил бўлмоқда:

- Қурол кўтарганлар ким? Кимлардан ëрдам бўлган? Фаолият кўрсатаëтганлар ким? Шулардан чиқаяпти террорист. Ахборот нималарни ҳам эшитаëтган бўлсангизлар керак. Жиноятчига айланиб қолдик. Бизга қурол билан келишганда тош¸ ëғоч кўтариб чиққанмиз. Бизга ҳеч ким қурол тарқатмаган. Биз тарафда қурол¸ бошқа нарса бўлмаган¸ дейди ўшликлардан бири.

Эл-юрт ичида озми-кўпми нуфузи бўлган, зиёли, муқаддам ёки тўполонларда омон қолгани учун ҳозирам пулдор бўлган вакилларининг бирин-кетин ғойиб бўлиб қолаётгани эса тирикчилигини тебратиб юрган оддийгина аҳолини чуқур ваҳима ва тушкунликка солмоқда.

Шу кунларда Ўш ва Жалолободда номи чиққан ва омади келиб уйи ёнмай қолган кўпчилик ўзбекларнинг дарвозаларига қулф осилган. Эгасиз уйларнинг баъзилари дарвозаси¸ шаҳарликларнинг Озодликка айтишларича¸ ҳарбийлар томонидан бузилиб, талон-тарож қилинмоқда.

Бунга гувоҳ бўлган оддий аҳоли вакиллари бу кетишда эртага қандоқ қиламиз, деган оғир савол қаршисида қолган.

Ўшлик Зафарбек ака ўз кўчасидаги тинтувлар чоғида кузатилган зўравонликлардан арз қилиб, Республика Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Жалолиддин Салоҳиддиновнинг идораси ва уйига борган, аммо у ердаги аҳволдан ҳафсаласи пир бўлиб қайтган ўшлик ўзбеклардан биридир.

- “Барча ишни шу одамга айтай. Бизнинг каттамиз. Қаттиқ ишга аралашмади. Ҳарқалай катталар билан алоқаси бўлса¸ айтай” деб борсам¸ офисидагилар “Келиб бомбит қилиб кетишди” деди. “Гиламларни ўғирлаб кетишди. Солдатлар келиб ҳамма ëқни қидириб патрон ташлаб “патрон топдик” деб чиқиб кетди” деди. Уйи бекик¸ ишхонаси бекик¸ қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ. Булар бизнинг ҳаммамизни қўрқитмоқчи. Телевизорда ярашайлик деб гапириб¸ баррикадаларни олдириб¸ энди бизни битта-битта қиришга тушаяпти булар¸ дейди ўшлик Зафарбек ака.

Шу таҳлит Ўш ва Жалолободдаги ўзбек жамоаларининг ҳибсга олинган, уйида қурол сақлаганликда айбланиб қидирилаётган лидерлари, зиёлиларига конкрет қандай айблов қўйилгани, уларнинг қаерларда сақланаётгани ва уларга нисбатан қўлланилаётган таъқиб-тайиқлар борасида ҳозирча аниқ расмий изоҳ берилгани йўқ.

Бунга қадар 23 июн куни Жалолобод вилоят прокуратураси эълон қилган пресс-релизда Ўзбек миллий-маданий маркази вице-президенти ва “Дийдор” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов ҳамда Жалолобод шаҳар масжиди имоми Муҳаммаджон Аҳмедовнинг номи тилга олинган эди. Улар миллатлараро низо қўзғаганликда айбланган.

Бундан ташқари, маҳаллий қирғиз етакчиларидан икки нафари Илязбек Қубатов ва Санжарбек Бақиевлар ҳам оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари сифатида айбланган эди.

Шунингдек, 30 июн куни Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси пресс-релизи эълон қилинди. Унда Ўш вилояти ва Ўш шаҳридаги қонли воқеалар юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари ортидан 29 июнга қадар аниқланган баъзи тафсилотлар аниқланган.

Маълум қилинишча, шу кунга қадар 758 та жиноий иш қўзғатилган, бундан 66 таси қотиллик ва оммавий тартибсизлик жиноятларини содир этганлик айби билан қўзғатилган. Бу пресс-релизда яна келтирилишича, Ўш шаҳридан 223 та жасад топилган, улар 138 тасининг ўқдан ўлгани қайд этилган. Жами тергов ишлари бўйича эса 406 гувоҳ сўроққа тутилган, 72 киши ҳибсга олинган.

Аммо Қирғизистон Бош прокуратураси баёнотида ҳибсга олинган ва гумонланаётган шахсларнинг исм-шарифлари, мансаб ваколатлари хусусида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
XS
SM
MD
LG