Ўзбекистонлик минглаб футбол мухлислари ҳам Аргентина-Германия ўйинини интизорлик билан кутаётирлар.
Кимдир Аргентина жамоаси мухлиси бўлса, кимдир Германия жамоаси ишқибози¸ бошқа биров эса ўзбек ҳаками учун ўйинни кузатади.
Аргентина жамоаси мухлиси бўлган 16 ёшли ўзбек йигити Зокиржон жаҳон чемпионати ўйинларини деярли барчасини кузатиб келаяпти.
- Мен Аргентина мухлисиман. Эртага Германия билан ўйнайди. Кутиб ўтирибман. Германия барибир юта олмайди. Худо хоҳласа бу йил Аргентина чемпион бўлади. Мен 99 фоиз ишонаман, дейди футбол ишқибози 16 ёшли Зокиржон.
Ўзбекистонлик футбол мухлислари жаҳон чемпионати ўйинларини асасан, маҳаллий Спорт телеканали орқали томоша қилмоқдалар.
Водийлик Аброрбек:
- Телевизорда икки марта беради. Мен ҳам Германияга балет қилдим, ҳам Бразилияга балет қилдим. Шу икковидан биттаси чемпион бўлса, деб умид қилиб турибмиз.
Тошкентлик Абдуманнон ака:
- Мана шу чорак финалда бирдан бир кўрадиган ўйин бу Германия билан Аргентина учрашуви. Қолганларининг тақдири аниқ.
Сирдарёлик Раҳматилла:
- Италиянинг чиқиб кетганлигидан хурсанд бўлдим. Ëмон кўраман мен Италия терма жамоасини. Негадир аввалги ўйинлардан мен уларни жуда ëмон кўриб қолганман. Мен яхши кўрган командадан Гана қолди. Кучсиз бўлса ҳам, ëқади шу Гана футболчилари.
- Мен мукаммал ишқибозмасман бирор командага¸ мен театр кўргандай кўраманда футболни. Европа ўйинларини¸ масалан Англия ўйинларини яхши кўраман¸ Бразилиянинг ўйинларини яхши кўраман. Мукаммал бир командага балет қилмаганим билан кўриб завқланаманда. Ўйиннинг стилини¸ ўйиннинг мукаммаллигини¸ ўйинчиларнинг бир бирини тушуниб ҳаракат қилишларини кўриб маза қиламан. Ишқибозлик қиладиган командам ҳақиқатан йўқ. Мен қайси команда ўйнаса ҳам ўйинни кўриб завқ оламанда, дейди андижонлик суҳбатдош.
Бу йилги жаҳон чемпионатининг ўзбекистонлик футбол ишқибозлари учун ўзига хослиги унда ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовнинг ҳакамлик қилиши бўлди. Бу ўзбекистонлик футбол мухлислари қалбини ғурурга тўлдириш асносида, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон жамоасини кўриш истагини кучайтиради.
Жиззахлик футбол мухлиси:
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига 100 фоиз имоним комил. Вақтини айта олмайман. Лекин чиқади. Агар унда ўзбеклар ўйнаса. Ҳар қандай Ривалдо¸ Сколарилар эмас. Миржалол Қосимовми¸ Азамат Абдураимовми, тренер ўзимиздан бўлсада¸ ҳақиқий ўйнайдиган футболчиларни танлаб олса¸ Ўзбекистон чиқади. Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқадиган футболчилар бор. Фақат уларни ўйнаëтган командага олишмайди негадир.
Сирдарёлик футбол мухлиси:
Қизиқчи Ҳожибой айтганидек, футболчиларимиз чет элга бориб фақат музқаймоқ еб келмасин. Яхши ўйнаб¸ дадил¸ қандайдир давлатнинг нуфузини кўтариб дегандек. Менинг фикримча¸ ишонаман ўзбекларнинг жаҳонга чиқишига. Лекин бу яқин 10-20 йил ичида Ўзбекистон футболи ривожланиб дунë миқëсига чиқа олмайди. Ҳали Осиë миқëсида яхши ўйнай олмайдику¸ дунë миқëсига йўл бўлсин.
- Менинг ақлим етмайди Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига. Ҳали бери бу даражага бориб Европа футболига айланиши.... бу қийин масала¸ масалан Осиëнинг ўзини эплай олмаяпди-ю. Европага¸ Жаҳон чемпионатига йўл бўлсин. Ҳали ақлим етмайди бунга. Бизда қийинда¸ қийин. Мана Европа¸ Жанубий Америка футболни юракдан чиқариб ўйнайди. Ўзбек футболи чиқишига бунга ишонмайман барибир. Қачондир бўлиши керакку¸ лекин биз кўрмасак керак уни, дея хўрсинади андижонлик 72 ёшли Соҳибжон ота
Минглаган футбол ишқибозлари телевизорлари олдида михланиб, севимли жамоалари ўйинларини томоша қилаётган бир пайтда водийлик Фаррухбек ётиб ухлашни маъқул кўради. Фаррухбек тирикчилик ташвишлари боис футбол кўришга вақт йўқлигини айтади.
Фаррухбек: Умуман ҳозир кўргани вақт йўқ. 11 дан кейин бўладида футбол.
Озодлик: Бу сиз учун кечми?
- Кечда. Эртароқ ухлаймизда. Одам чарчайди. Футбол кўришга вақт йўқ, дейди Фаррухбек.
Хоразмлик Алишер эса чироқ йўқлиги учун футбол томоша қила олмаслигидан нолийди.
Алишер: Мен футболга қизиқаман. Лекин кўришнинг иложи йўқ. Кечқурун футбол бошланганда свет ўчади.
Озодлик: Свет ҳар кун ўчадими?
Алишер: Ҳа.
Озодлик: Бирор бир ўйинни кўрдингизми?
- Бошини кўрамиз. Кейин свет ўчади. Охиригача кўришнинг иложи йўқ, дейди хоразмлик Алишер.
Бу йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўзбек ҳаками қатнашаётгани ўзбекистонлик спорт мухлислари қалбини қувончга тўлдиргани табиий.
Лекин шунинг баробарида, жорий йилда футбол шарҳловчиси Ҳайрулла Ҳамидовнинг олти йилга қамалиши футбол мухлислари қалбини ларзага солгани ҳам аниқ.
Шунингдек, Тошкентнинг донғи кетган “Пахтакор” футбол клуби президенти Ботир Раҳимовнинг ҳибсга олиниши-ю, “Бунёдкор” жамоасининг ҳомийлари билан боғлиқ машмашалар ҳам футбол мухлислари дилини хира қилмасдан қолмади.