Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Ўшда яна ўқ овозлари эшитилмоқда


Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов 3 июл оқшомида шаҳар четида отишма содир бўлганини тасдиқлар экан, бу борада ортиқча ваҳима қилишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.
Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов 3 июл оқшомида шаҳар четида отишма содир бўлганини тасдиқлар экан, бу борада ортиқча ваҳима қилишга ҳожат йўқлигини таъкидлади.

3 июл тунги соат 22 лар атрофида бошланиб, қарийб бир соат давом этган отишма, ўшликларнинг сўзларига кўра, Ўшдаги вилоят касалхонаси ҳамда нон заводида содир бўлган. Отишма бўлганини тасдиқлаётган расмийлар бу ҳақдаги хабарлар бироз бўрттирилганини таъкидламоқдалар.

Комедантлик соати боис оқшомдан то тонгга қадар остона хатлаб кўчага чиқолмаётган ўшликлар орасида 3 июл куни оқшом соат 22.50 ларда содир бўлган отишма овозидан “яна тўполон бошландимикин?” деган хавотир билган тонгга қадар кўз юммаган, яна болаларининг бўғчаларини остонага тўплаган оилалар бўлди.

Ўтган тунни яна беҳаловат ўтказган ўшлик Маъмуржон ака, отишма шаҳарнинг вилоят касалхонаси томонидан эшитилганини айтади.

- Маҳаллий вақт билан 22.50 лар атрофида бошланиб, 1 соатча давом этди отишма. Аввалига одиночний, деб қўйишади, милтиқ овози эшитилди. Кейин автоматдан ўқ узилди. Кейин учинчи овоз – пулемёт овози эшитилди. Дом бита деб қўямиз, шаҳар облболницасини паст томони, ўша тарафдан эшитилди. Ҳаммага жон ширин, комендант соати бўлгани боис кўчага чиқолмадик. Чиқсак, отади. Шунга туни билан одамлар беҳаловат бўлишиб, “болаларни қаерга жўнатсак экан энди” деб, ваҳимада ўтирдик. Нима бўлгани ҳақидаям ҳеч нарса билмаймиз, дейди Маъмуржон ака.

“Ҳозир шаҳарда отишма нега содир бўлгани, қаерда содир бўлгани ва кимлар билан содир бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ”, демоқда ўшликлар Озодлик билан суҳбатда.

Аксарият ўшликлар шаҳардаги Нон заводида отишма бўлгани, у ерга беркиниб олган талончиларни ҳарбийлар ўққа тутгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлганини айтмоқдалар.

- Нон заводи ичида бир-иккита мародёрга ўхшаган болалар айланиб юриб қолишган экан. Тожикмаҳалладаги болалар комендантга телефон қилиб айтишибди. Кейин у войска жўнатиб, ўша ерда отишма бўпти. Отишмада биров ўлганми, мародёрлар қўлга олинганми ёки йўқми – буни ҳеч дараги йўқ, дейди ўшликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Шунингдек, ўшликлар орасида яна вилоят касалхонаси ҳудудида ҳам отишма бўлгани ва у ерда бир киши ўлдирилгани ҳақида ҳам гап-сўзлар пайдо бўлди.

- Аммо ҳеч ким бу гап-сўзларнинг қай бири ҳақиқат эканини билмайди, билолмайди ҳам. Боиси, шаҳарда ҳануз комендантлик соати, кеча оқшом отишма чоғида остона хатлаган бўлмагандир, дейди ўшлик Маъмуржон ака.

Биз ана шундай хабарлар ортидан Ўш шаҳар коменданти матбуот хизматига боғланимизда, матбуот хизмати расмийси Замирбек Сидиқов шаҳаринг вилоят касалхонаси ҳудудида отишма бўлганини тасдиқлади.

Бироқ отишманинг мародёрлар билан содир бўлгани ва бир киши ўлгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

- Бу воқеа юзасидан ҳозирча текширув бормоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 3 июл куни оқшом вилоят касалхонасини қўриқлаётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарата номаълум кимса ўт очган. Комендантлик соати бўлгани боис, бизнинг ходимларимиз ҳам унга қарши ўт очган. Кейин у кимса қоронғуликда ғойиб бўлган. Уни қидириш ишлари натижа бермаган. У яширинишга муваффақ бўлган. Унинг шахси ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Воқеада ҳеч ким жабрланганмаган. “Кимдир ўлибди, нон заводида отишмалар бўпти” деган гаплар нотўғри, деди Ўш шаҳар коменданти матбуот хизмати расмийси Замирбек Сидиқов.

Аммо бундай расмий баёнотлар ўшликларнинг кўнглига хотиржамлик солаётгани йўқ. Боиси қарийб бир соат давом этган отишма чоғида ўқ овозини фарқига борадиган ўшликлар, расмийлар айтаётганидек, фақат автомат эмас, балки пулемётдан ҳам ўқ узилганини айтмоқдалар.

Замирбек Сидиқов бундай хабарларни ҳам мутлақ инкор қилди.

- Ҳеч қандай пулемётдан ўқ узилмаган. Фақатгина бир неча бор ўқ узилган. Кейин махсус гуруҳ воқеа жойини кўздан кечириб чиққан. Аммо ҳеч ким қўлга олинмаган. Ҳозирги пайтда мен шаҳар марказида турибман. Шаҳар тинч, транспорт яхши қатнаяпти, ҳаёт нормал ўзанда давом этаяпти. Баъзи норасмий манбаларнинг гапини олиб, ваҳима қилишингизга мутлақо асос йўқ, деди Замирбек Сидиқов.

Айни пайтда биз Ўш коменданти матбуот хизмати расмийсидан шаҳарда ҳануз давом этаётгани айтилаётган “зачисткалар” ҳақида ҳам сўрадик. Боиси 4 июн кунги суҳбатлар чоғида ҳам ўшликлар зачисткалар давом этаётгани хусусида, шу кунга қадар юзлаб киши ҳибсга олингани ҳақида сўзладилар.

- Кўринишидан шаҳарда тинчлик. Аммо кунига айланиб юриб, жуда кўп болаларни олиб чиқиб кетишаяпти. 800-1000 тага яқин ўзбек болани олиб чиқиб кетишган шу вақтгача. Эзиб ташлашди болаларни.

Озодлик: Бу энди “зачистка”лар давомида бўлаяптими, давом этаяптими “зачистка”?

- Ҳа, ҳа. Бизниям оҳу-додимиз бировга етаяптими ишқилиб, билинаяптими бу ерда нима ишлар бўлаётгани, билаяпсизларми сизлар ҳам, дея савол ташлайди ўшлик суҳбатдошларимиздан бири.

Ўш коменданти матбуот хизмати вакили муштарийларимиздан олинган шу мазмундаги маълумотларга изоҳ беришини сўраганимизда, шундай жавоб берди:

- Йўқ, зачисткалар бундай кейин ҳам бўлмайди. Ҳозир иккинчи босқич амалиётлар, аниқ манзил бўйича текширув бормоқда. Аввалдан келиб тушган маълумот бўйича шахсий уй-жойлар, идоралар ва муассасаларда текширув ўтказилади.

Бундан ташқари, Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидаги вақтинчалик тергов ҳибсхоналарига 800 – 1000 киши сиғмайди. Бу аҳоли орасидаги бўрттирилган ваҳима, холос. Вақтинча сақлаш изоляторлари атиги 50 – 60 кишига мўлжалланган. Аммо ҳозир у ерда аниқ қанча одам борлиги ҳақида менда аниқ маълумот йўқ, дер экан Ўш шаҳар коменданти матбуот хизмати расмийси Замирбек Сидиқов кейинчалик бу хусусда аниқ маълумот тақдим қилиш, ҳибсдагиларга қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида яқинлари сўзлаётган гувоҳликлар масаласидаги саволларимизга тегишли маъсуллардан жавоб олиш имконини ташкил қилиб беришни ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG