Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

ЕХҲТ полициячилари Ўшга киришга тайёр, қарор Бишкек расмийларида қолди


ЕХҲТ расмийлари билан музокаралар юритаётган Қирғизистон расмийларининг Ўшга халқаро кучларни олиб кириш муддатига оид қарори 17 июл Олмаота йиғилишида маълум бўлиши кутилмоқда.
ЕХҲТ расмийлари билан музокаралар юритаётган Қирғизистон расмийларининг Ўшга халқаро кучларни олиб кириш муддатига оид қарори 17 июл Олмаота йиғилишида маълум бўлиши кутилмоқда.

Қирғизистон жанубида, асосан, маҳаллий ўзбеклар ҳуқуқлари ҳарбийлар томонидан бузилганига оид хавотирлар кучаяётган бир кезда ЕХҲТ ташкилоти расмий Бишкек билан бу ҳудудга халқаро полициячилар гуруҳини олиб кириш масаласини муҳокама қилмоқда.

ҲРУ ташкилотининг Қирғизистон жанубида тадқиқотлар ўтказган гуруҳи етакчиси Анна Нейстат Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган қонли воқеалар юзасидан Қирғизистон қуролли кучлари олиб бораётган бугунги амалиётлар чоғида, асосан, ўзбек миллатига мансуб фуқаролар ҳуқуқлари поймол этилаётганига оид фактлар кўп қайд этилганини таъкидламоқда.

Шу кунларда Ўшда юрган Анна Нейстатга кўра, бу борада асл воқелик билан расмий Бишкек бераётган баёнотлар мутлақо фарқли бўлмоқда.

- Менимча, Бишкек расмийлари бераётган баёнот ва йўллаётган муждалар билан мамлакат жанубида амалга оширилаётган ишлар орасида катта фарқ бўляпти. Президент ва мамлакат Бош прокуратураси бу амалиётлар чоғида инсон ҳуқуқларига риоя этиш зарурати борасида тўғри мужда йўллаяпти ва тўғри қарорлар бераяпти. Мисол учун, ҳукумат 11 милиционер ноқонуний ҳаракатлари учун ҳибсга олинганини айтмоқда. Аммо бу ҳудудда олиб борилаётган тергов ҳаракатлари расмий баёнотлардан жуда фарқлидир, дея урғулади Анна Нейстат Озодлик билан суҳбатда.

ҲРУ ташкилоти вакиласи мамлакат ҳукуматини ўз чақириқларининг мамлакат жанубидаги амалиётларга масъул бўлган расмийларга аниқ етиб бораётганига ишонч ҳосил қилиш ва июн воқеалари юзасидан бораётган тергов-текширув ишларида адолатни таъминлашга чақирди.

Анна Нейстат Қирғизистон вақтли ҳукумати бу каби оғир ишни уддалашда, шубҳасиз, халқаро кучларга таяниши лозим ва бу кучларни жанубга киришини кечиктирмаслик шарт, деб таъкидлар экан, бунинг заруратини яна оддийгина бир сабаб билан изоҳлади.

- Июн ойидаги зўравонликлар чоғида қирғиз полициячилари ҳам ҳужумга учраган, баъзилари ўлдирилган эди. Шундай экан, ҳозирда бу низо айбдорларини топиш билан шуғулланаётган қирғиз қуролли кучлари ва милициясининг бу ишда холис бўлишини кутиш мушкуллигини ҳис қилиб турибмиз. Шу боис бу воқеалар суриштируви билан шуғулланаётган текширув гуруҳи таркибида халқаро кучлар бўлиши шарт, деган фикрдамиз.

Албатта, бу халқаро полиция кучлари Қирғизистоннинг жанубдаги қуролли кучлари ўрнини эгаллайди, дегани эмас ва бунга зарурат ҳам йўқ. Бу фақатгина қирғиз полициялари олиб бораётган терговнинг обектив ўтишига ишонч ҳосил қилишга ёрдам беради, дейди Анна Нейстат, ҲРУ ташкилоти вакили.

Қирғизистон президенти Рўза Ўтунбаева шу йил 11 июндан 14 июнга қадар мамлакат жанубида содир бўлган қонли низоларни тўхтатиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда ёрдам сўраб, илк кунлардаёқ дунё жамоатчилигига юзланган эди.

Ана шу чақириқ ортидан бу ҳудудга халқаро полиция кучларини юборишга қарор қилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти махсус ишчи гуруҳи шу кунларда Қирғизистон ҳукумати билан бу қарорни амалга ошириш масалаларини музокара қилмоқда. Бу ҳақда ҳозирда ЕХҲТ га раислик қилаётган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро ахборот қўмитаси раиси Роман Вассиленко Озодликка маълум қилди.

- Ҳозир Қирғизистон ҳукумати билан музокаралар бормоқда. Яъни Қирғизистон ҳукумати сўрови билан ЕХҲТ ташкилоти киритган таклифни қай тариқа амалга ошириш масалалари муҳокама этилмоқда. Умуман, Қирғизистон жанубидаги вазият ва ЕХҲТ нинг бу давлатга келгусида берадиган ёрдами масаласи эса 17 июл куни ташқи ишлар вазирлари даражасида Алматида муҳокама этилади, деди Роман Вассиленко.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Ўш ва Жалолободга халқаро полиция кучларини қачон ва қай тариқа киритиш бўйича қарор Қирғизистон вақтли ҳукумати билан музокаралар натижасига кўра қабул қилинади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро ташкилотлар ва хавфсизлик масалалари бўйича департаменти раҳбари Сэид Убукаев ЕХҲТ расмийлари ва Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идоралари иштирокида бораётган музокаралар истиқболига оид ҳар қандай маълумот ҳозирча ошкор этилмаслигини билдирди.

Аммо шу кунларда Бишкекда бўлган ва мамлакат президенти Рўза Ўтунбаева ҳамда вақтли ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан учрашган АҚШ президентининг Россия ва Евросиё бўйича бош маслаҳатчиси Майкл МакФол Қирғизистон ҳукумати халқаро полиция кучларини қабул қилишга тайёрлигини билдирганини айтди.

Майкл МакФол Вашингтон Қирғизистон жанубида июнда рўй берган зўравонликлар юзасидан халқаро текширув ўтказиш тарафдори эканлигини яна бир бор таъкидлади ва бу ҳудудда ҳануз давом этаётган ҳуқуқбузарликлардан чуқур хавотир билдирди.

- Биз мамлакат жанубидаги зўравонликлар, у ерда инсон ҳуқуқлари, айниқса, Қирғизистондаги ўзбек фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганига оид халқаро ва АҚШ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари берган баъзи ҳисоботлардан жиддий хавотирдамиз. Бу масалани Қирғизистон расмийлари билан муҳокама этдик. Муваққат ҳукумат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири биз гувоҳ бўлган низодан кейин ярашувни йўлга қўйишдир ва бунга фақат айрим фуқароларнинг эмас, балки барча фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тўла риоя этиш билангина эришиш мумкин, дея таъкидлади Бишкекда журналистлар билан учрашган АҚШ расмийси Майкл МакФол.

Қирғизистон жанубида рўй берган июн воқеалари оқибатларини баратараф этиш ва бу ерда тўла барқарорликни тиклаш учун бу ҳудудга халқаро полиция кучлари киритилиши зарурлигини такрорлаган Майкл МакФол ҳам бу қарор 17 июл куни Олмотада бўладиган ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирлари учрашувида тасдиқланишига умид билдирди.

Ҳозирга қадар эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, ЕХҲТ бу минтақага 50 га яқин полициячи киритишни таклиф қилган ва бу қуролланмаган, Қирғизистон қуролли кучлари июн воқеалари устидан олиб бораётган тергов доирасидаги амалиётларда, сўроқ-саволларда иштирок этадиган халқаро кузатувчи ҳарбийлар гуруҳи бўлади.
XS
SM
MD
LG