Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:23

Сариқ бола ҳақида қўшиқ куйлаб қора болани танлаган Сарвиноз


Хоразм халфачилик анъанасини давом эттириб¸ расмийлар томонидан танқидга учраганига қарамай¸ Сарвиноз халфани тўй ва базмларига олиб келишни истовчилар сони камайгани йўқ.



Ўзбек поп мусиқасида Хоразм шевасида қўшиқ айтишга мойиллик сезиларли бир ҳодиса.

Насиба Абдуллаеванинг "Бари гал"идан тортиб "Божалар" гуруҳи қўшиқларигача бу мойиллик билиниб туради.

Ўзбек поп қўшиқчилигининг катта момоси Тамарахоним айтган “Рўмолим” қўшиғи граммафон карнайларидан янграганига ҳам 60 йилдан ошди.

Рўмолим душди ëпа,
Oлип баринг ҳай опа,
Рўмолим ичи шойи,
Ичинда бордир ойи,
Oлип баринг ҳай дойи.

Бу қўшиқ, аслида, Хоразмда халфа деб айтиладиган аëл ашулачиларга оид эди.

19-аср ва 20-асрнинг иккинчи ярмида Хоразмда Хонимжон халфа¸ Онажон халфа¸ Онабиби қори (Ожиза), Шукуржон халфа, Шарифа халфа, Жони халфа, Бибижон халфа, Дурхоним халфа, Киш халфа, Гулжон қори, Ойша кулол халфа¸ Ёқут халфа Вафоева¸ Шарифа Нўғай Оташева, Ўғил Нўғай Қурёзова, Ёқут халфа Сейтниязова ва бошқаларнинг номлари халқ орасида танилган эди.

Аëлларнинг хос базмларида эркаклар кўзидан холи тарзда айтадиган қўшиқлари совет ҳукумати ўрнатилганидан кейин умумхалқ¸ яъни эркакнинг ҳам¸ аëлнинг ҳам бирдай мулкига айланди.

Феминизм дарғалари Коллонтай ва Цеткиннинг эркин севги ҳақидаги таълимоти Онабиби қорининг муллалар тақиқлаган қўшиқларига яшил чироқ ëқди.

Шу ўртада бир бола бор армани¸
Жоним опа¸ шу болага бер мани¸
Жоним опа¸ шу болага бермасанг¸
Шу кун оқшом уйларинда гўр мани.

Устидан парда кўтарилган қўшиқларга совет даврида деярли эътироз бўлмади. Боз устига¸ халфалар ўз қўшиқларига коммунизм¸ Ленин¸ инқилоб деган калималарни киритдилар.

1974 йилда Ўзбекистон телевидениеси ўтказган “Марҳабо талантлар” кўрсатувида бир халфа иккинчи халфага ўртада рақсга тушаëтган қошлари велосипеднинг рулига менгзайдиган ишвали соҳибжамол раққосага қарата "Сиз шу гулни қайси боғдан олдингиз?" деб савол беради.

“Инқилоб нуридан олдим шу гулни¸ коммунизм боғидан олдим шу гулни” деб жавоб йўллайди иккинчи халфа.

Коммунизм боғидаги “Гул”нинг ортиқча шаҳвонийлиги ўша пайт мулозимларига эриш туюлмайди.

Орадан анча вақт ўтди. Коммунизм боғлари саробдай йўқ бўлди. Аммо коммунист давр меваси бўлган раққоса қизлар ишсиз қолмади. (Совет давридан олдин аëлларнинг рақс қилиши ман қилингани боис эркаклар рақсга тушишган - таҳр.)

Гармон ўрнини Японияда ишланган мусиқий синтезаторлар эгаллади. Халфалар ëқасига митти микрофонлар тақилди.

Совет мафкурасига мос халфа қўшиқлари урфдан чиқиб шаҳвоний мазмундаги қўшиқлар урчиди.

Ўрдаклар оëғига ипак керак¸
Ëр билан ëтиш учун юрак керак.

Халфа қўшиқлари асл ўзанига¸ аëлларнинг хос базмларидагина айтилган эркак-аëл муносабатларига қайтди. Хоразмлик Абиш халфа (Абдушариф Қурëзов) оиласида етишган Сарвиноз қадим қўшиқларга янги оҳанг ва эркин руҳ ато қилди.

Сарвиноз қўшиқлари аëлларнинг ўзбек жамиятида овозсиз қолаëтган қатлами туйғулари изҳорига айланди.

Буюрганим олтин халқа,
Обкелибсан қўрқа-қўрқа,
Меҳримни беролмайман¸
Сендайин ношуд¸ қўрқоққа.

Сарвиноз қўшиқларида 21-асрга оид унсурлар ҳам акс эта бошлади. Қўшиқчи кутган ëр¸ баъзан Нексия¸ баъзан Тико миниб келади. Қўшиқ қаҳрамони эса ëр ишқида арматурадай тўлғанади. Ишқ азобида хаста бўлган қиз билагига гемодез укол урилади - шояд тузалса.

Мен ҳам бир улкан дўхтур бўлиб¸
Гемодез урсам не дейсан¸
Пеницилин урсам не дейсан?

Қўшиқчининг бу эркин талқинларини моҳиятан ëпиқ жамият бўлган Ўзбекистоннинг ҳазм қилиши мушкул бўлди.

Хоразмдаги маҳаллий газеталарда “Сарвиноз халфа ўз қўшиқлари билан демократия яратмоқчими?” деган танқидий мақолалар чоп қилинди. “Сарвиноз халфа қўшиқлари уятсизликни тарғиб қилмоқда” деган эътирозлар мулозимлар тилидан янгради.

Шу боисми¸ Сарвиноз халфа ўз мухлислари билан саҳнадан кўра¸ тўй-тўйчиқларда кўп учрашади.

Айниқса¸ унинг сариқ бола ҳақидаги ашуласи Тошҳовуздан Самарқандгача бўлган ҳудуддаги тўйларнинг кутилган ашуласи бўлди.

Сариқ бола келаверди солланиб¸
Салом бердим арматурдай товланиб.

Сариқ бола ва қора бола ҳақида ашула айтган Сарвиноз Қурëзова яқинда турмушга чиқди. Сиз қайси бирини танладингиз¸ деб савол бердик Сарвинозга.

- Турмушга чиққаним қора бола.

Озодлик: Турмуш ўртоғингиз ким? У ҳам санъат арбобими?

- Йўқ¸ санъаткор эмас у.

Озодлик: Турмуш ўртоғингиз сизнинг санъаткор бўлганингизга¸ мана шундай қўшиқлар айтганингизга қандай қарайди?

- Яхши кўради санъатимни.

Озодлик: Сиз бундан 90 йил олдин Ожиза тахаллуси билан ижод қилган Онабиби халфа қўшиқларини куйлайсиз. Сизнинг тенгдошларингиз реп ва ҳип-ҳоп куйлаëтган пайтда¸ бу қизиқишнинг боиси нима?

- Ожизанинг китоблари бор. Бизлардан олдинги халфалар ҳам айтган. Бизлар шуларни эшитиб¸ кўриб¸ керак бўлса матнларини китобларидан олиб айтамиз. Бу янгилик эмас. Аввалги қўшиқлар. Айтиб юрганларимиз Ожизанинг сўзлари. Менинг дадам халфа. Шунинг учун халфачиликни яхши кўраман. Халфачиликка қизиқиб санъатга кирганман. Боғчага борган пайтимда мен ўйинга қизиқар эдим. Кейин халфа қўшиқларини яхши кўрганим учун халфа қўшиқларини айтаман Хоразмча.

Озодлик: Сизнинг қўшиқларингизда замонавий элементлар ҳам борда. Мана арматурадай дейсиз¸ бошқа дейсиз. Ўзингиз қўшасизми? Ожиза пайтида арматура бўлмаганку.

- Йўқ¸ Ожизаникида арматура бўлмаган. Ҳозир масалан¸ арматура деган қўшиқларни ўтиришмолордо (зиëфат демоқчи – таҳр.) айтаверасиз¸ тўғрими. Узкий кругда айтаверасиз. Шунда ëзиб олинган аудиолар улар. Ҳозир арматура деган гап йўқ. Раҳматли Нурим бахши бор эди. Аввалги халфалар ҳам ўтиришмони қиздириш учун ўзидан қўшиб айтаверганлар. Шу пайтда илҳом келадику. Шу пайтда айтилаверган. Овоз ëзиш студияларида айтилмайди у.

Озодлик: Бунинг ëмон тарафи йўқ.

- Барибир арматура деган нарсани ўтиришмодо айтиш мумкин¸ дейди Сарвиноз.

Ҳолливуднинг энг кассабоп филмлари транформация услубида яратилган. Оддий одам - супер одамга¸ ўргимчак - одамга¸ терминатор ва ҳоказоларга эврилади.

Хоразмлик Сарвиноз Қурëзова ҳам ана шу услубда қўшиқ айтди. Айтишув шаклидаги бу қўшиқнинг икки қаҳрамони боғдаги гулдан осмондаги лочинга шифобахш гиëҳдан қумдаги қуëнга айланади.

Ман боғинго боғбон бўлиб¸
Боғинго гирсам на дийсан¸
Сал очилғон гулларингнан¸
Бир гул узсам на дийсан.

Шаклан шўх¸ мазмунан фалсафий бўлган бу қўшиқ ҳақида сўраймиз суҳбатдошдан.

- Раҳматли Бахтиëр Султонов бор. Шу билан менинг дадам айтишув қилиб айтганлар буни. Шуни энди бизлар замонавийлаштириб айтганмиз.

Озодлик: Ким ëзган буни?

- Муаллифи дадам билан Бахтиëр Султонов.

Озодлик: Халфа йўлини танлаганингизга дадангизнинг муносабати қандай?

- Яхши кўради ўзининг корини эгаллаганимни. Дадам ҳам ҳозирги реп¸ бошқа қўшиқларни ëқтирмайди. Ўзларимизнинг устоз санъаткорлардан қолиб келаëтган ўлмас халфачилик йўналишини яхши кўради дадам. Шунинг учун дадам шу пайтгача аккардионда айтади. Эстрада ëки бошқасида айтмайди. Дадам¸Худо хоҳласа¸ икки йилсан кейин 50 га киради.

Озодлик: Сиз ҳали туғилмаган пайтда Хивада забардаст ҳофиз Комилжон Отаниëзов айтишув айтган эди. Устозлар тарафидан юксакликка кўтарилган қўшиқчилик санъатининг масъулияти нимада?

- Қўшиқчилик ҳам бозордай бўлиб кетди. Ҳар ким хоҳлаганича айтиб юрибди. Халқ яхшисини ва керагини олаверади. Улар маълум бир вақт. Улар халфачиликни кор қилиб қўйгани йўқ ëки доимий хоразмча қўшиқ айтишмайди. Озгина вақт айтиб ўтиб кетаверишади. Халқнинг ўзи танлаб олаверади. Яхшисини эшитадику халқ. Халқ баҳомизни беради.

Озодлик: Ҳозир қандай янги қўшиқлар устида ишлаяпсиз?

- Она ҳақида бир қўшиқ тайëрладим. Яна биттаси

На дасангиз¸ йўқ дамадим¸ жон дадим¸
Жон устина¸ жоним оғожон дадим.

деган қўшиқ.

Озодлик: Бунинг шеърларини ким ëзиб турибди?

- Сўзларини Эргаш шоир ëзиб турибди.

Озодлик: Қаердан бу шоир?

- Хивадан. Ҳар вақтдан шоирларга ëздириб айтамиз бизлар. Ўзларимизнинг халфачилик қўшиқлари ҳали кўп. Бир тўда яратилмаган¸ қолиб кетган қўшиқлар бор.

Озодлик: Ўзингиздан ҳам бир-икки сўз ораларига қўшасизми? Шундай қобилият борми?

- Илҳом келганда¸ қўшаман.

Озодлик: Ҳозиргача ҳеч қаерда эшитилмаган қўшиқларингиздан бир парча айтиб беринг энди.

Ҳали янги қўшиқда бу. Ҳали яхши пишмаган бу.
(Сарвиноз халфа қуйида ëзилган тўртликни янги қўшиғидан бир парча деб куйлаб берди)

Қовунни сараси шакар пороси¸
Йигитни сараси қоши қороси¸
Муҳаббат дардини боми чороси¸
Севиб қолдим ман бир қоши қорони¸
Узи гулмин гўззи гулган болони.

Суҳбат сўнгида Сарвиноз халфа ўз мухлисларига энг эзгу тилакларни тилади.

- Соғ-саломат бўлсинлар. Уйларида ҳар доим яхши кунлар бўлсин. Бизлар бориб хизмат қилаверайлик. Фақат яхши кун бўлсин¸ дея тилак билдирди Сарвиноз.
XS
SM
MD
LG