Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

Рамазон олдидан мусулмонлар ибодати учун чекловлар кучаймоқда


Тошкент бозорларида 2-3 кун давомида осиғлик турганидан сўнг ғойиб бўлган, лекин "Harakat.net" нашри мухбири суратга олишга улгурган эълон.
Тошкент бозорларида 2-3 кун давомида осиғлик турганидан сўнг ғойиб бўлган, лекин "Harakat.net" нашри мухбири суратга олишга улгурган эълон.

Ўзбекистонда Рамазон ойи 11 август бошланади. Ўзбекистон мусулмонлар идораси ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётган Рамазон ойи ибодатлари учун барча шароитлар яратилаётганини айтаётган бўлса, оддий мусулмонлар ўзларининг ибодат қила олишлари учун чекловлар кун сайин кучаяётганидан гапиришмоқда.


Рамазон арафасида Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида маҳалла, кичик-кичик қишлоқлардаги масжидлар ҳануз ёпиқлигича қолмоқда. 18 ёшгача бўлган намозхонлар жума намозларига қўйилмаяпти, расман рухсат берилган жомеъ масжидларидан бошқа жойларда диний либосда юриш ва ибодат қилиш тақиқланган.

Бундан ташқари, кейинги вақтларда Тошкент шаҳри ва вилояти, Қашқадарё вилояти ҳамда Фарғона водийсида ҳижобли аёл-қизларга нисбатан кучайган тазйиқлар давом этмоқда.

Озодлик Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутасаддиси Юсуф Абдураззоқ хожи бу хусусда мурожаат қилганида, у киши мамлакатда 11 август Рамазон ойининг илк куни ҳисобланиши ва бутун республика бўйлаб бу ойни муносиб ўтказиш учун барча тайёргарликлар кўрилганини таъкидлаб, гапни қисқа қилди. Юсуф хожи ва бу идоранинг бошқа расмийлари қолган саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Тошкентлик суҳбатдошимиз Анваржон мусуслмонларнинг бу йил ҳам Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказа олишларига тўсиқ бўлаётган муаммоларга жомеъ масжидларига кириш йўлларининг торайтирилганини мисол қилди.

- Иккита дарвозали мачитлар бўлса¸ битта томони ëпилаяпти албатта. Фақат бир томондаги дарвозадан киргизилаяпти. Намоз тугагандан кейин иккита томони очиб қўйилаяпти. Сабаби назорат қилиш қийинчилиги бўлаяптими ëки бошқа сабаблари борми¸ барча масжидларга одамлар битта дарвоза томонидан киргизилаяпти¸- дейди тошкентлик суҳбатдошимиз Анваржон.

Бу битта дарвозадан ҳам фақат кексалар намозга қўйилмоқда, 18 ёшдан кичиклар эса, ҳар доимгидек, масжид остонасиданоқ қайтарилмоқда, дея қўшимча қилади тошкентлик суҳбтдошимиз.

18 ёшдан кичикларни жума намозига қўймаслик кейинги 2 йилдан бери республиканинг деярли барча вилоятларида одат тусига айланган.

Кўпчилик вилоятларга хос бўлган яна бир умумий жиҳат – маҳалла ва қишлоқ ҳудудларидаги кичик масжидларнинг ёпиқ қолаётганидир.

Қашқадарёлик Абдурасул ака Озодлик билан суҳбатда мана бир неча йилдирки, ўзи яшайдиган қишлоқ масжиди ёпиб қўйилгани, жума намози учун намозхонлар 10 километр йўл босиб, шаҳарга тушишга мажбур бўлаётганидан гапириб берди.

Фарғоналик суҳбатдошимиз Хайриддин ака эса муқаддас Рамазон ойи арафасида Марғилон шаҳрида юрган бошқа бир гапни тилга олди. Унинг айтишича марғилонликлар орасида ўтган йили ишлаб турган маҳалла ва қишлоқ масжидларида бу йил “Қуръон” хатми ўқилмаслиги мумкин, деган хавотир бор.

- Имомлардан “Хатм ўқимайсан маҳалла масжидларида” деган расписка олибди деган гаплар юрибди.

Озодлик: Маҳалла масжидларида хатм қилинмайди дегани бу таровеҳ ўқилмайди деганида-а?

- Катта расмий масжидларда ўқилади¸ дейди фарғоналик Хайриддин ака.

Бу гапларни тасдиқлаган фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров гарчи хатми Қуръон ўқимаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйган қорилар бунинг сабабларини сўзлашдан қочаётган бўлса-да, аслида мақсад диндорлар жамоасининг йиғинларини чеклашдир, деган фикрда. Суҳбатдишимиз ўз фикрига мисол бўладиган ва ўзи яқинда гувоҳ бўлган воқеани тилга олди.

- Чойхонада тўпланиб намоз ўқиëтгани учун 180 минг жарима тўлаб келди бир одам. Чунки бу йил тазйиқ кучайган. Агар хонадонида тўплаб 10 та одам билан намоз ўқиëтган бўлса¸ у одамга жарима солиниши ëки қамоқ жазоси берилиши мумкин¸- дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳмаджон Мадумаров.

Аҳмаджон Мадумаров жамоат жойлари, мисол учун, автовокзал, поезд вокзаллари, давлат ташкилотлари ҳудудида намоз ўқиш таъқиқланганини ҳам эслатар экан, бунга асос тариқасида мамлакатдаги қонунчиликка киритилган ўзгартишларни ёдга олди.

Аввал ҳам хабар қилганимиздек, бу ўзгартишлар Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-моддасида акс этган: “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари — энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”.

Ўтган йили қонунчиликка киритилган ана шу ўзгартишлар ортидан республикдаги жамоат жойларида эълонлар пайдо бўлган эди. Бироз ўтиб,бу эълонлар йиғиштириб олинди. Аммо, суҳбатдошларимизга кўра, эълонларда айтилган тартиб-қоида жуда кескин равишда амалга тадбиқ қилинишда давом этмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли, Ўзбекистондаги Экспертлар ишчи гуруҳи вакили Суҳроб Исмоилов ҳам диндорлар устидан назоратнинг кучайганига яққол мисол тариқасида ёшларнинг жума намозларига қўйилмаслиги ва ҳижобга қарши кампаниянинг кучайганини эътироф этди.

- Бу йилги қабул жараëнида Ўзбекистон ислом университетига ҳам ëпинган қизлар келаëтган бўлса¸ уларга нисбатан ëпинчиқларни олиб ташлаш¸ замонавий бир кўринишда ҳужжат топшириш маросимига келиш каби талаблар қўйилган экан. Мана шунақа киритилган чекловлар ва баъзи бир вилоятлардан олаëтган қишлоқ жойларидаги масжидларнинг ëпилиши ҳақидаги хабарлар келишда ҳали давом этиб турибди. Ўтган йили киритилган чекловларни кўпчилик тушуниб қолди. Кўпчилик эҳтиëткор. Ҳали ҳам диний гуруҳлар¸ оддий мусулмон аҳоли ўзларини эҳтиëткор тутишаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Суҳбатдошларимиз Рамазон ойи арафасида мусулмонлар ўз ибодатларини амалга оширишлари учун қйинчиликлар яратилаётганига яна бир мисол диний адабиётлар савдосининг кескин қисқарганидир, дейди. Хусусан, Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ва яна қатор вилоятларда исломий адабиётларни ҳарид қилиш мумкин бўлган расталардан китоб ва бошқа нашрлар йиғиштириб олинган. Хусусан, дейди тошкентлик Анваржон Хадра майдонида диний мавзудаги нашрларни топиш амри маҳол.

- Кимгадир ëқмади¸ ўша ерда расталар ҳам йўқ¸ китоблар ҳам йўқ. Кўришингиз мумкин мактаб бозорини. Дафтар-китоб сотилаяпти. Лекин диний китобларга рухсат йўқ. Бир қатор турибди. Олдин икки қатор бўлиб диний китоблар сотиларди. Олдида Ихлос деганми қанақадир дўкон бор эди. Фақат ўша қолган. Диний китоб фақат Шайх ҳазратларига тегишли китоблар ҳаммаси. Хайрулла Ҳамидовнинг ҳам маърузаларини олиб ташлашган ҳозир. Олдин сотиларди. Кўрмадим охирги пайтларда. Давлат томонидан белгиланиб берилган китоблар сотилаяпти ҳозир¸- дейди тошкентлик Анваржон.

Тошкент шаҳар ҳокимияти диний адабиётлар сотувчи савдо расталари қисқартирилгани сабабларини изоҳламади.


XS
SM
MD
LG