Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Эркин микрофон - Жаслиқдаги рўзадорлар хўрланмоқда


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Чоршанба куни "Эркин микрофон"га Жаслиқ қамоқхонасидаги меҳмонхонадан қўнғироқ қилган Сайёра опа турмуш бир турмуш ўртоғи тақдиридан хавотир олса, бир қамоқхонада сахарликка сув ичиб, рўза тутаётган мусулмонларнинг хўрланаётганига куюнади.


Жаслиқдан келган хабар


“Эркин микрофон”нинг яна бир қаҳрамони бизга Ўзбекистондаги Жаслиқ қамоқхонасининг меҳмонхонасидан телефон қилганини айтган Сайёра исмли муслима аёл бўлди.

Сайёранинг турмуш ўртоғи “Ҳизбут-Таҳрир”га аъзоликда айбланиб, кўп йиллик муддатга озодликдан маҳрум этилган экан. Сайёра сўнгги 4 ойдан буён турмуш ўртоғини кўрмагани, кейинги бир ярим ойдан буён эса уни камерадошлари ҳам кўрмаганини айтар экан, бундан қаттиқ хавотирда эканини сўзлади.

Қашқадарёдан Жаслиққача бўлган олис йўлни босиб келган Сайёра унга иккинчи марта ҳам эри билан учрашишга рухсат бермаётганликлари ортида бир хавотирли сабаб борлигидан шубҳа қилмоқда.

- Келганимга мана 13 кун бўлиб қолди. Булар ўйин қилиб ëтибди. Бир ой олдин ҳам келиб кетган эдим бу ерга. 13 кун туриб қайтиб кетган эдим. Унда изоляторда деб айтган эди. “Бу ой келсанг киргизаман”, деган эди. Мана бир ойдан кейин ГУИНдан рухсат олиб келган эдим. ГУИНдагилар “Бораверинг. Отрядда. Кўрсатади”, деб рухсат берди. Ҳозир келганимга 13 кун бўлди. Кўрсатмаяпти. “Бор қайтиб кетавер. Фойдаси йўқ”, дейди. Мен ҳозир Жаслиқ меҳмонхонасида турибман. Кеча буларни ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ отряддан олиб чиқиб кетган. Биттаси ўлибди. Учаласининг ҳали дараги йўқ. Қаердалигини билмайман. Отрядда эмас экан.

Озодлик: Улар кимлар? Уларнинг исм-шарифларини биласизми?

- Сирдарëдан Ўткир деган бола ўлган. 19 июлда ўлигини олиб чиқиб кетишган шу ердан. Учта фарзанди бор. Биттаси андижонлик Абдуллоҳ деган. Биттаси Намангандан Жамолиддин деган. Отрядда йўқ булар ҳам. 28 июнда буларни отряддан олиб чиқиб кетишган. Турмуш ўртоғимнинг аҳволини билмаяпман. Ҳалигача кўрсатгани йўқ. Началник билан ўтган ойда гаплашганимда мен билан уруш қилди. “Даъват қилган¸ нарушение қилган”, дейди. “Нима нарушение қилган?”, десам айтмайди. Ҳозир болаларга ҳаддан ортиқ азоб бериб ëтибди. Қўлидан занжир билан осиб қўйиб азоб бериб ëтибди бошлиқнинг ўзи.

Озодлик: Қаердан биласиз буни?

- Кириб чиққанлар айтишаяптида. Ўлгунча уришар экан. Доктор ҳам ўша ерда турар экан. Агар юраги ëмон бўлиб суллайиб қолса¸ уришни тўхтатиб туриб¸ укол дорини қилдириб¸ бирпасдан кейин яхши бўлиб қолса¸ яна азоблаяпти экан. “Йўлингдан қайт”, деяпти. Ҳозир бу жуда авж олган.

Ҳозир болалар рўза тутишаяпти экан. Обедда ошхонага олиб борса¸ бошқа статядагилар овқат еб нима қилса¸ уларнинг олдига салат¸ қовун-тарвузлар қўйиб “Олинглар. Булар рўзадор. Булар емайди. Сизлар еб қўйинглар. Тўйиб-тўйиб еб олинглар”, деб буларнинг нафсониятига тегаëтган экан.

Озодлик: Демак ҳозир рўза тутишаяпти.

- Ҳа¸ рўза тутишаяпти болалар. Эрталаб сув ичишиб¸ кечга ифторлик қилиб бераяпти экан. Ифторлик соат 10 ларда бўлаяпти экан. Оқшоқни қайнатиб бераяпти экан. Саҳарликка сув ичишаяпти экан¸- дейди Қашқадарёдан Жаслиққача бўлган олис йўлни босиб келган Сайёра.


Ит итга, ит қуйруғига - мен эса ерсиз қоляпман

Дейди Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан телефон қилган фермер Шарофиддин Азаматов. 2008 йилда деҳқон хўжаликларини йириклаштириш қарори ортидан унинг ери бошқа фермерга қўшиб берилган. Бунинг эвазига туман ҳокими фермерга аввалги еридан 5 гектар майдонни сабзавот етиштириш учун ажратиб берган. Энди эса, Шарофиддин Азаматовга қарашли бўлган ерни ўзига бириктириб олган фермер бу беш гектар ернинг ярмини ҳам ториб олган.

- Беш гектар сабзавотга 2008 йилда туман ҳокимининг қарори чиққан. Кейин давлатга озиқ-овқат етиштириш бўйича сабзавотчилик фермер хўжалигига айландида.

Озодлик: Шунда ҳам фермер хўжалиги бўйича қолаверди шунақами?

- Ҳа. Номи қолаверди. Икки гектар пиëз эккан эдик. Туман прокурори¸ началник милицияси орага тушиб икки гектардан 40 сотихини буздириб ташлади.

Озодлик: Нимага буздириб ташлади?

- Билмайман. “Нега буздириб ташладинг?” деса¸ индамаяпти. Келдида “Бузамиз экан пиëзни. Туман прокурори шунақа, деб айтди”, деди. Шу билан кейин 40 сотихини буздириб ташлади. Беш гектар ернинг икки ярим гектарини бошқа жойга кўчириб ташлади. Шу туман прокурори¸ началник милициялар аралашиб бўлдида. Кейин бу ерда жуда катта тўполон бўлди. Ўша прокурорларнинг ўзи қочиб кетди. Келмади ҳам. Бош прокурорга¸ президентга хат ëздим. Натижаси умуман бўлмаяптида.

Озодлик: Пиëзни нимага бузди экан? Сиз нима деб ўйлайсиз?

- Энди у прокурор фермерга сотилганда. Сотилгани учун бузилган. Кейин хўжалик судига берган эдим. Хўжалик судидагилар келдида ҳокимиятда очиқ суд ўтказиб¸ суднинг тарафини олди. Натижаси бўлмади унинг ҳам. Прокуратурага ўзим борган эдим. Кейин прокурор чақириб “Сен мени юқорига ëзаяпсан экан. Киссангга наша солиб¸ қаматиб қўяман. Ëзавермагин”, деди. Беш-олтита жойга ëздим аниқ жавоб бўлмаяпти. Тепа вилоят прокуратурасига бераяпти¸ вилоят прокуратураси туман прокурорига бераяпти. Мени чақирмасдан ўзлари ишни битириб юбораяптида. Ҳоким қарорни чиқариб берган. Ҳоким “Агар жанжал қилсанг¸ икковингдан ҳам фермерликни олиб қўяман”, деди. Ўша ерда келишдик. Орадан икки-уч ой ўтгандан кейин прокурорнинг буйруғи билан пиëзнинг 40 сотихи бузилиб кетди. Кўпчилик билан бўлаяпти бу ерда. Жуда кўп. Улар энди қаëққа чиқишни¸ қаëққа ëзишни билмайди¸- дейди бешариқлик фермер.

Бундан арз қилиб, куйиниб юрган деҳқон маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатлари натижа бермагач¸ бизга телефон қилганини айтмоқда.

Шарофиддин Азаматовга кўра, ҳосил етилиб даромад қўлга кирай, деб турган шу кунларда бу каби ноҳақлик йўли билан еридан бутунлай мосуво қилинаётган собиқ фермерлар сони ортиб бормоқда.


Европага бориб ишласак, қалай бўларкин?...

“Эркин микрофон” эшиттиришининг яна бир қаҳрамони эса Украинанинг Луганск шаҳрида яшаб юрган, асли самарқандлик муҳожир Бахтиёр Алибеков.

У 1990 йилда Ўзбекистон ва Украина ўртасида талаба алмашинуви бўйича давлат дастури орқали Украинага бориб қолган ва ўша ерда яшаб қолганини айтди.

Мана 20 йилдирки, Украинада ишлаб юрган Бахтиёр ака шунча йилдан бери муҳожирлигича қолмоқда ва шу кунларда унинг сафига келиб қўшилаётган яна юзлаб ўзбекистонлик муҳожирларни собиқ МДҲ давлатларига эмас, ғарбий Европа давлатларига ишга боришга даъват қилмоқда.

- Мен айтмоқчи эдимки¸ Ўзбекистонимиз меҳнаткашлари кўпроқ Европаларга бориб ишласалар. Шунинг иложи борми? Мен ўзим Лугансктепловозда ишлайман. Илгари токар бўлиб ишлардим. Ҳозир бизларнинг цехларни қисқартириб ташлади. Шунинг учун мен қурилиш цехига ўтдим.

Озодлик: Сиз 1990 йилдан бери ўша ерда ишлайсизми?

- Ҳа. Уйга икки-уч марта бориб келдим. Ўзимизда иш топа олмадимда. Қийин ўзимизда.

Озодлик: Бу томонларга нима бўлиб келиб қолган эдингиз?

- Илгари давлатлараро шартнома тузилган эди. Украинадан бизга борарди ўқишга¸ ўзимиздан Украинага келарди ўқишга. Мен ўқидим¸ лицейда ўқидим. Кейин техникумни тугатдим. Ҳозир шу ерда қолиб ишлаяпман.

Озодлик: Шунча йилдан бери мана Украинада ишлаб юрибсиз экан. Сиз 1990 йилда чиқиб кетган бўлсангиз ҳам¸ гапларингиздан мардикорлар сафларига қўшилибсиз чоғи.

- Ҳа¸ мен ҳам муҳожирман.

Озодлик: Энди “Мардикор бўлайлик. Мардикор бўлиб Ғарбга борайлик¸ мардикор бўлиб Россияга борайлик деб юрилаверадими? Мардикор бўлмасдан боришнинг иложи йўқми?

- Барибир ишлаш керакку. Барибир одам¸ қандай тушунтирсам экан¸ барибир овқатланиш керакку.

Озодлик: Тўғри овқатланиш керак¸ лекин қаранг сизнинг 20 йиллик ҳаëтингиз ўтиб кетибди.

- Ҳа¸ 20 йил бўлди.

Озодлик: Сиз 1990 йилда заводга ишчи бўлиб келган эдингиз. Мана ҳали ҳам ишчи бўлиб юрибсиз.

- Ҳа¸ ҳозир ҳам ишлаяпман.

Озодлик: Ҳаëтингиз нимага бунақа ўзгаришсиз қолди экан? Ўзингиздан ўтдими ëки вазият шунақа мажбур қилаяптими одамларни?

- Вазият мажбур қилаяпти. Балки иттифоқ бўлиб қолар бориб. Яна совет иттифоқи бўлиб қолар деб ўйлардим. Бўлмайди¸ совет иттифоқи бўлмайди энди. Мустақил бўлиб ўзимизни ўзимиз кўтармасак¸ бошқа ҳеч ким ëрдам бермайди. Россиядан умуман умид йўқ. Украинадан ҳам умид йўқ.

Озодлик: Қоладиган йўл барибир ишчи бўлиб ишлаш бўлиб чиқаяптими?

- Ҳа¸ барибир ўшанга бориб тақалаяпти. Ғарбга бориб ишласак¸ ўзимизнинг давлатимизнинг бюджетини¸ ўзимизнинг оиланинг бюджетини яхшилаб олсак. Ўзбекистонлик юртдошларимиз Россия ëки Украинада эмас Ғарб давлатларида¸ Америка қўшма штатларига¸ Жанубий Кореяларга бориб меҳнат қилса¸ шунинг иложи борми демоқчи эдимда¸ дейди 20 йилдан бери Украинада ишлаб юрган Бахтиёр ака.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG