Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Жаслиқда рўзадор маҳбуслар таҳқирланмоқда


"Борса келмас" номи билан тилга тушган Жаслиқ қамоқхонасида диндор маҳбусларга рўза тутишга рухсат берилди. Аммо бу диндор маҳбусларга енгиллик яратиш учун эмас, балки уларни яна-да кўпроқ хўрлаш, азоблашни кўзлаб берилган рухсат, дейди маҳбусларнинг яқинларию ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари.

Турмуш ўртоғи “Ҳизбут-Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, 13 йилга озодликдан маҳрум этилган ва жазо муддатини Жаслиқ қамоқхонасида ўтаётганини сўзлаб берган қашқадарёлик Сайёра 18 август куни таҳририятимизга мурожаат қилиб, 13 кундан бери турмуш ўртоғи билан учрашувга рухсат берилмаётганидан норози бўлган эди.

22 август куни боғланганимизда Сайёра уйига қайтган, аммо 4 ойдан буён қамоқхонадан дараги чиқмаётган турмуш ўртоғини кўролмай қайтганини айтди.

- У киши ҳалиям отрядга қайтмаган. У билан бирга олиб чиқиб кетилган икки кишининг ҳам дараги йўқ. Уларни балки Жаслиқни ёнидан қурилган умрбодлик қамоқхонага олиб ўтишгандир, дейишипти ёнида бирга ўтирганлар. Умрбодлик қамоқ яқинда очилган. Ўлим жазоси берилганлар ёки умуман қайтмас бўлган диндорларни ўша тарафга олиб ўтиб, бошлиқларининг ўзи қаттиқ қийноққа солишаётган экан, азоблаётган экан, - дейди Озодлик билан суҳбатда Сайёра.

Суҳбатдошимиз тилга олган “умрбодлик қамоқхона”, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинганидан сўнг бундай жазога маҳкум қилинган маҳбуслар учун махсус Жаслиқ ёнида қурилган қамоқхонадир. Бу қамоқхона 150 маҳбусга мўлжалланган ва унда ҳозир 80 дан ортиқ маҳкум сақланаётгани айтилади.

Улар орасига ўз турмуш ўртоғининг ҳам қўшиб қўйилганидан хавотир олаётган Сайёранинг сўзларига кўра, шу кунларда айни қамоқхонада сақланаётган маҳбусларнинг яқинларидан олинган бошқа бир хабар – диндор маҳбусларга рўза тутиш учун расман рухсат берилгани бор гап.

Аммо рўза тутишга рухсат берар экан, қамоқхона маъмурияти бундан қийноқнинг яна бир воситаси сифатида фойдаланмоқда, деб таъкидлаган Сайёра Жаслиқдаги диндор маҳбуслар қандай қилиб рўза тутаётганини сўзлаб берди:

- Болалар рўза тутишаяпти экан. Лекин уларни обедда ошхонага олиб бориб¸ бошқа статядагилар овқат еб, нима қилса¸ уларнинг олдига салат¸ қовун-тарвузлар қўйиб, “Олинглар, манавилар рўзадор, улар емайди, сизлар еб қўйинглар, тўйиб-тўйиб еб олинглар”, деб буларнинг нафсониятига тегишаëтган экан. Буларга кечга ифторлик қилиб бераяпти экан. Лекин ифторлик соат 10 ларда бўлаяпти экан. Оқшоқни сувга қайнатиб бераяпти экан. Саҳарлик эса йўқ, қуруқ сув ичиб, оғиз беркитишаяпти экан¸ - дейди Қашқадарёдан Жаслиққача бўлган олис йўлни босиб келган Сайёра.

Аёлнинг сўзларига кўра, маҳбусларга Рамазон ойида бомдод намозини ўқишга ҳам имкон берилган.

- Авваллари бомдод намозига турганларга “тартибни буздинг”, дейишарди. Ҳозир индашмаётган экан. Имо-ишора қилиб ўқишаяпти экан, дейди Сайёра.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазиятдан яхши хабардор бўлган ва айни пайтда ўзининг ҳам ўғиллари диний эътиқоди учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров Жаслиқдаги маҳбусларга қамоқхона маъмурияти кўрсатаётган бундай “марҳамат”дан хабари борлигини айтди.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, бу қамоқхона халқаро жамоатчиликнинг муттасил кузатуви остида бўлгани боис шундай қарор берилган.

- Жуда қаттиқ назорат остида бўлгани учун бўлса керак, мен ҳам яқинда бориб келганлардан шу янгиликни эшитдим. “Жаслиқ”да болаларга рўза тутиш ва намоз ўқишга рухсат беришганмиш. Чунки аввал Жаслиқда, ашаддий динсизлар бўлиб, “мана мен Худо”, деганлари бўлган эди бир вақтлар, - дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Жаслиқ қамоқхонаси аслида 400 маҳбусга мўлжаллангани, аммо шу кунларда бу ерда 600 га яқин маҳбус сақланаётгани ва уларнинг асосий қисмини диний эътиқоди учун қамалганлар ташкил этиши ҳақида норасмий маълумотлар бор. Бироқ бу маълумотлар Республиканинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан на тасдиқланган ва на инкор этилган.

Шу кунларда бу ерда ўз яқинларини кўриш учун минглаб километр олисдан, иссиқда йўл юриб келаётган Сайёра каби баъзи ўзбекистонликларга эса ўз яқинларини кўришга рухсат берилмаяпти ва уларнинг сўровлари ҳам бу бошқарма томонидан жавобсиз қолдирилмоқда.

Бошқармага мурожаат қилиб нажот тополмагани боис Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи эшигини қоқиб бораётганлардан йиғилган аризалардан хулоса қилган гуруҳ раҳбари Суръат Икромов Жаслиқда Рамазон ойида маҳбусларнинг рўза тутишига гўёки қаршилик қилинмаётган бўлса-да, шу кунларда маҳбусларнинг яқинларини таҳқирлаш ҳоллари кузатилаётганини айтади.

- Қамоқхона бошлиғи Бердиев деган шахс маҳбусларни яқинлари билан учраштирмай қийнаши, олиб борган егуликларни икки-уч бердирмай сақлаттириши ва егуликларнинг сифати бузилиб, яроқсиз бўлиб қолиши, кейин яқинларини кўргани борганларни ҳаммасини 50-60 одам қилиб, бир хонага олиб кириб қўйиши ҳақида ариза билан бизга мурожаат қилишган, - дейди Суръат Икромов.

Яъни ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, расман рўза тутиш ва намоз ўқишга рухсат берилгани билан бошқа тарафдан маҳбусларнинг ўзлари-ю, яқинларини бунақа қийнаш, таҳқирлаш Жаслиқ қамоқхонаси маъмурияти учун мутассил қийноқнинг яна бир воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу борада йиллар давомида Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилиб келаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ҳануз бу қамоқхонани бутунлай ёпиш талабини қўймоқдалар.

- Чунки, тасаввур қилинг, агар Тошкентда ҳарорат 40 даража иссиқ бўлса, Жаслиқда 50 даражадан ошиқ бўлади. Бунинг устига у ерда сув йўқ. Яшаш умуман имконсиз. Шундай иссиқда камерада ўтириш, бунинг устига рўза тутишни тасаввур қилишни ўзи оғир. Шундай иссиқда уларга кондиционер қўйиб берармиди?! Бошданоқ бундай қамоқхонани умуман ёпиш талабани қўйганмиз ва ўз вақтида биз буни БМТ нинг қийноқлар бўйича маслаҳатчиси бўлган Тео Ван Бовенга ҳам айтганмиз. Аммо бу қамоқхона ҳали ҳам ишлаяпти. Бу ҳам етмагандай ёнига яна биттасини қуриб ҳам қўйишди, - дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Жаслиқ Ўзбекистонда энг кўп сарф-харажат талаб қиладиган қамоқхоналаридан бири, деб қаралади. На ичимлик суви бўлган ва на экин-тикин унган саҳронинг ўртасига қурилган бу қамоқхона таъминоти юк ташувчи самолётларда ташилиши, бу ердаги ҳар бир маҳбус учун бошқа қамоқхоналардаги маҳбусларга нисбатан 5-6 баробарга кўпроқ маблағ ажратилиши ҳақида норасмий маълумотлар бор.

Албатта, давлат бюжетидан ажратилиши айтилаётган бу маблағлар, агар ҳақиқатда ҳам ажратилаётган бўлса, Жаслиқ тутқунларига қадар етиб борадими ёки йўқми - бу яна бошқа бир жиддий масала.

Аммо мамлакатда асосан диндор маҳбуслар жазо ўтайдиган бошқа қамоқхоналар – жумладан, “диндорларга нисбатан ўта шавфқатсиз қийноқлари билан танилган Навоий, Қарши, Зарафшон каби қамоқхоналардаги маҳбусларга рўза тутиш имкони берилаяптими?” деган саволга жавобан ҳуқуқ фаоллари ва маҳбусларнинг яқинлари “йўқ”, деб жавоб бермоқдалар.

Шу кунларда бу қамоқхоналардаги ўғиллари ва турмуш ўртоқларини кўриб қайтган марғилонликлар билан суҳбатлар асосида буни таъкидлаган Аҳмаджон Мадумаров бу йиллар давомида кузатиб келинаётган аҳвол эканини таъкидлайди.

- Умуман, рўза тутишга ҳам намоз ўқишга ҳам рухсат йўқ. Аксинча, режим кучайтирилган ва рўза тутирмаслик учун барча шароитлар кўрилган. Оғизларини очтириб, нонушта, обед ва кечки овқатга мажбур олиб бориб, натижада умуман егуликсиз қолдиришаяпти. Ошхонадан бир тўрғам нон олиб чиқишга рухсат йўқ, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Қамоқхонадаги диндор маҳбусларнинг ҳолидан хабардор бошқа бир суҳбатдошимиз ҳам бундай қамоқхоналарда намозхонлар учун намоз ўқишга умуман рухсат йўқлигини айтар экан, айрим ҳолларни мисол қилиб келтирди:

- Ҳатто имо-ишора қилиб намоз ўқишга рухсат йўқ экан. Баъзи зоналарда диндор маҳбус жим бўлиб қолса, “сен ичингда намоз ўқияпсан” деб, келиб нима қилишар экан. Ҳа, агар у маҳбус ҳақиқий террорист бўлса-ю, давлат террорни душмани бўлса, маҳбуснинг террорчилигига душман бўлиши керак-да. Бу ерда кўриниб турибдики, очиқ унинг эътиқодига душманлик кетаяпти. Ахир намоз, рўза, ҳижоб бу эътиқод талаб қилган нарса-да. Мана куни кеча, ҳалиги Иброҳим эшон деган ҳазрат бўларди, шунинг тарафдорларидан бирини “диний либос кийиб юрибсан”, деб Учкўприкда 15 суткага қамаб қўйишибди, - дея шу кунларда эшитгани-билгани мисолларни тилга олди фарғоналик суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG