Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

Марҳум маҳкум ҳаққини ким ҳимоя қилади?


37 ёшли Шавкат Алимхўжаев Ўзбекистон қамоқхоналаридан ўлиги келаётган маҳбусларнинг навбатдагиси бўлди.
37 ёшли Шавкат Алимхўжаев Ўзбекистон қамоқхоналаридан ўлиги келаётган маҳбусларнинг навбатдагиси бўлди.

Навоийдаги қамоқхонадан жасади келган маҳбуснинг онаси тошкентлик Насиба Алимхўжаева билан суҳбатни ҳафта бошида эътиборингизга ҳавола қилган эдик. Ўзбекистонда қамоқхонадан маййит чиқиши тез-тез учрайдиган ҳодисага айланиб қолган ва Насиба опа каби бошига кулфат тушганлар такрор-такрор тилга оладиган саволларга жавоб топишга уриндик.


Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари кузатувларига кўра, мамлакатдаги 55та жазони ўташ муассасаларидан ҳар ойда 20га яқин маҳбуснинг жасади чиқади.

Асосан Сангород, Навоий, Қарши ва Жаслиқ қамоқхоналаридаги маҳбуслар орасида ўлим ҳоллари кўп учрайди ва ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари тўплаган маълумотларга кўра, қамоқдан ўликлари чиқаётганларнинг кўпчилиги диний айбловлар билан қамалган маҳбуслардир.

Маҳкумлар ўлими сабаблари борасида ҳам ўзбекистонлик кузатувчилар деярли якдил хулосада — сил касали ва қийноқлар.

Озодликка маълум бўлган ҳолатларнинг аксариятида эса, марҳумларнинг яқинлари уларнинг қамоқдаги қийноқлар оқибатида ўлгани ҳақида сўзлашади.

Шундай ҳоллардан бири Навоий қамоқхонасида жазо ўтаётган 37 ёшли ўғли Шавкат Алимхўжаевнинг жасадини тупроққа қўйган тошкентлик Насиба Алимхўжаеванинг мурожаатини сизга 6 сентябр куни ҳавола қилган эдик.

Насиба Алимхўжаева бундай ҳолларда марҳумларнинг яқинларини қийнайдиган саволларни тилга олди.

- Менга ҳозир просто алам қилаëтгани нима учун ўлдиришди, нима учун қилишди билмайман. Ëздим шуни управлениега. Ҳеч қайсиниси қулоқ солмади, - дея куйинади Насиба Алимхўжаева.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев қамоқхонадан жасади келган маҳбусларни дафн этиш маросимида кўп бор иштирок этган. Қамоқхонадан келтирилган жасад ҳуқуқ-тартибот идоралари зуғуми ва кузатуви остида ҳеч бир текширув-суриштирувсиз кўмиб юборилганига кўп бор гувоҳ бўлган.

У киши қариндошининг жасади қамоқхонадан келган оилаларга жуда чекланган бўлса-да, юридик жиҳатдан ёрдам бериши мумкин бўлган бир неча ҳолатларни тилга олди.

Биринчи галда, уйга келтирилган марҳумнинг танасидаги қийноқ аломатларни тасдиқловчи далилларни йиғиш лозим. Жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган далиллар марҳумнинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома, фотосурат, тиббий экспертиза хулосасидир.

Одатан, 2 ёҳуд 3 нафар кузатувчи — қамоқхона ходими, ички ишлар органлари ходими ва маҳаллий ҳокимият идоралари вакилларидан иборат, баъзан эса, ювғучию гўрковни ҳам ўзи билан олиб келган гуруҳ ўлим ҳақидаги гувоҳномани тақдим этиши шарт. Аммо, марҳум танасини кўздан кечириш, уни суратга олишга имкон бермайди.

Бундай ҳолларда, дейди Абдуслом Эргашев, гувоҳлар кўргазмаларини йиғишга уриниш лозим.

- Умуман расмга олдиришмаяпти, дейлик. Шундай ҳолларда битта оила аъзолариданмас қўни-қўшниларидан гувоҳ олиш керак. Уларнинг оғзини ëпа олмайдику. “Мана бу ерини кўраяпсизларми? Мана бу из ниманики қўшнилар?”, деб нима қилинса, бу битта оиланинг иддаоси бўлмайдида. Бу гувоҳлик адвокатга берилса, адвокат қанақа қилиб ишлатишни билади,- дейди Абдусалом Эргашев.

Яна бир муҳим масала марҳум танасидаги аломатларни фарқлай билишдир.

Ҳуқуқ фаоли одатан, мусибатда қолган оилалар маҳбусни кўрган заҳотиёқ унинг кўкарган, кесилган жойлари қийноқ аломати, деган чалғитувчи гумонга боришини айтади.

- Келган ўлик оқ матоми, бошқа матогами ўраб ëки бир тўшакка ўраб келинган бўлса, албатта ўралган матода қон бўлади. Кейин кўкариб кетган бўлади жуда кўп пайтда. Биринчи ўринда ҳаëлга келадиган нарса “мана уриб ўлдирилибди, қийнаб ўлдирилибди”, дейдида. Аслида инсон жони узилгандан кейин вскритие бўлади. Жуда кўп аъзоларидан гестология учун намуна олинади. Жуда кўп жойида қон томирлари кесилади. Кесилган томирлар, албатта қайтариб тикиб қўйилмайди. Ундан кейин ўликнинг ичига қон тўлиб секин ташқарига чиқишни бошлайди. Узоқ масофадан келаëтганда эса ўриндиққа ëки автомобил полига қўйиб олиб келинади. У эса келгунча урилиб, заха ейди. Заха еган жойлари кўкариб гемотома дейди, қон тўпланиб, қорайиб қолади. Бу ҳам биринчи ўринда калтакланган, деган шубҳага олиб келади,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Яъни, танадаги кўкарган нуқталар гарчи ҳақиқатда ҳам қийноқ аломатлари бўлса-да, марҳум қийноқдан ўлган, деган даъвога далил бўла олмайди, дея хулоса қилади Абдусалом Эргашев.

Бундан ташқари, Насиба Алимхўжаева ҳикоясида тилга олинган яна бошқа аломат — бош чаноғининг очилгани ҳам тиббий текширувнинг натижаси бўлиши мумкин.

Аммо, бундай аломатларнинг барчаси қўшимча текширувни талаб қилишга асос бўлади. Шу боис, бундай аломатларни йиғиш билан чекланиб қолмай, дарҳол қўшимча текширувни талаб қилиш лозим, дея тавсия қилади ҳуқуқ фаоли.

Қўшимча текширувда жасад кўмилмасдан туриб, уни очиш ва ички аъзоларидан намуналар олинади.

- Албатта, кўпинча оилалар диний нуқтаи назардан бунга рози бўлмайди. Рози бўлса ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга имкон бермайди ва одатан, шомга яқин ёҳуд кечаси олиб келинган жасад ислом қоидалари ҳамда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари қистови билан зудликда кўмиб юборилади,- дер экан Абдуслом Эргашев бундан кейинги ва сўнгги имконият эксгумация эканини айтади.

Ўзбекистон қонунлари доирасида эксгумация марҳумнинг оила-аъзолари розилиги билан амалга оширилади.

- Оила-аъзоларнинг розилиги бўлиши керак, қариндош-уруғларининг. Халқаро нормаларда бунақа чеклов йўқ. Бизда шу чеклов бор. Яқинларининг розилиги керак. Менталитетдан келиб чиқиб, дейилган. Ўзлари рози бўлгандан кейин эса, прокуратурага мурожаат қилиш керак. Комиссия тузилади. Асосан, кечқурун эксгумация қилинади. Ўзим кўп бор иштирок этганман. Қабристон милиция кучлари томонидан ўралади биров кирмасин деб. Жуда даҳшатли нарсаю, жасад эзилиб, бузилиб кетган бўлади кўп ҳолларда. Ўша ернинг ўзида яна ўша гестология учун намуналар олинади, кўздан кечирилади,- дейди ҳуқуқ фаоли.

Абдусалом Эргашев шу йўл билан, босқичма-босқич ҳақиқатни юзага чиқариш мумкин, деб ҳисоблайди.

Фарғоналик диндор Ҳусанбой хожи Навоий қамоқхонасидан келгач вафот этган бир фарғоналик тарихини эслайди.

- Ҳамид Ҳасанов, деган одам таниқли тадбиркор Алишер Ҳасановнинг акаси эди. Қамоқда жазосини ўтаëтганда уришган ва ошқозонини ëриб ташлашган. Санчастга ëтқизиб операция қилишган. Кейин сал тузук бўлса, зонага қайтарган. У ерда яна уришган ва шу аҳволда уч марта операция бўлган. Қарасаки бўлмайди. Аҳволи жуда оғир. Зона ходимлари келиб қўлидаги кишанни ечиб, 26 минг пул бериб, “бу энди озод бўлди”, деган. Алишер Ҳасанов акасининг дардида куйиб-ëниб қаратмаган доктори қолмади, аммо, иложи бўлмади. Акаси ўлди. Кейин судга мурожаат қилган. Навоий шаҳар, Навбаҳор районининг суди кўриб чиққан. Хўжамов деган суднинг раиси экан. Жараëнда кўп бошқа ишлар ҳам очилиб кетиб қолибди. Шунақа қилиб уларга моддий зарар уч миллионни жавобгарлардан ундириб буларнинг уйига юборишган. У ерда жуда кўп одамга жазо қўллаган, бир-иккитасини бўшатган ҳам, дейишади,- дейди фарғоналик Ҳусанбой хожи.

Аммо у бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас, деб қўшиб қўяди.

Судялар билан тортишиб ҳақиқатга эришиш учун сабр, куч-қувват, моддий имконият ва билим керак.

Қамоқхонадан жасади келган маҳбуслар юз фоиз ҳолатларда эркаклардир. Уларнинг вафотидан кейин ҳақиқатни тиклаш ишлари эса болаларини бағрига босиб боқувчисиз қолган аёллар ёҳуд мусибатдан қадди букилган кекса ота-оналарга қолади.

- Талаб қилса бўладию, лекин булар аëлларда. Ëзишмайди улар. Ëзишса, югуришса, натижаси бўлади. Ҳамма нарсани Худодан, деб билиб 85 фоизи ëзмайди. Ёзилгани, ҳақиқатни талаб қилингани яхши. Хўжамовга ўхшаган судлар бўлса, жазолайди.

Ўзбекистонлик кузатувчи мамлакат судяларига ҳам бунақа ишлар ҳисобот учун керак, бундан ташқари, текшир-текширлардан қўрққани боис, даллилар яққол кўриниб турган ишларда ҳақиқат томонга эгилишга баъзан мажбур бўлишади, деб ҳисоблайди.

Абдусалом Эргашев ҳам шу фикрни қувватлар экан, эътиқоди учун қамалган ва қамоқда ҳам эътиқоди учун қийноққа солиниб, нобуд бўлган маҳбуслар ҳаққини ҳимоя қилиш пайтида чиқарган хулосасини айтади.

- Биринчи ўринда қўрқувда. Кел, дейди, акамиз ўлибди, қолган 10 та укам тирикку, Худо шуларнинг умрини берсин, дейди. Биз уринамиз. Роса уриниб, бир натижага етган жойимизда хиëнат қилишади, ташлаб кетишади қариндош-уруғи. “Йўқ, бизга бўлди”, дейишади. Нега бунақа деганини эса биламиз ва “қоп-қора” бўлиб қолаверамиз. Айтишадики¸ сизлар атайин ваҳима кўтарасизлар¸ бошқа қиласизлар, деб. Мурожаат қилса¸ қонуний мурожаат қилса бўлади. Бир марта уринганда бўлмаса¸ яна қайтиб мурожаат қилиш керак. Битта одам ўзидан ўзи ўлиб кетавермайдию қамоқдами, бошқа жойдами, қаерда бўлса ҳам. Бу бир тирик инсоннинг умрику!
XS
SM
MD
LG