Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:24

Ўш расмийлари халқаро ташкилотларни айбламоқда


Роза Ўтунбаевани Ўшда кучишлатар тизимлар раҳбарлари "қисув"га олди.
Роза Ўтунбаевани Ўшда кучишлатар тизимлар раҳбарлари "қисув"га олди.

13 сентябр куни президент Роза Ўтунбаева билан учрашган Ўшдаги кучишлатар тизимлар раҳбарлари мамлакат жанубидаги вазиятнинг барқарорлашувига халқаро ташкилотлар ҳалақит бераётганини айтишиб, "ғоявий диверсантларга" қарши кескин чоралар қўллашни талаб қилишди.


Қирғизистон Президенти Рўза Ўтунбаева 13 сентябр куни Ўшга қилган ташрифи чоғида Ўш вилоят ва шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар бошқармаси ва суд тизими раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда Ўш вилоят ва шаҳар Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Турат Асанбаев, халқаро ташкилотларнинг Қирғизистон ички ишларига аралашишига йўл қўймаслик учун кучли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини, халқаро ташкилотларнинг вазиятга бир томонлама ёндашуви миллатлараро янги низолар туғилишига замин яратаётганини таъкидлади:

- Айни пайтда асоссиз провакацион маълумотларнинг халқ орасида тарқалиб кетиши айрим сиёсий кучларнинг қилган ишларидир. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг, айниқса, айрим халқаро ташкилотларнинг июн воқеаларини бир томонлама ёритиши ва айрим маҳаллий нодавлат ташкилотларининг уларни қувватлаётгани вазиятга салбий таъсир кўрсатяпти. Уларнинг бир ёқли иш олиб бориши охир-оқибатда миллатлараро янги низоларга сабаб бўлиши мумкин,- деди Турат Асанбаев.

Бироқ Ўшдаги айрим маҳаллий нодавлат ташкилотлари Ўшнинг бош "чекисти" сўзларига қўшилмайди. Уларга кўра, ҳозирда ҳам турли маҳаллий оммавий ахборот воситаларида миллатлараро низога сабаб бўлувчи мақолалар чиқмоқда, бироқ куч тизими вакиллари бундай ҳолларга эътибор беришмаяпти:

- Айрим газеталар “Новқат туманида ўзбек-қирғиз уриши қачон бошланади?” деб ёзишибди. Шундай иғвогар газеталарни ўқиган одамларда, “икки миллат яна уришади экан”, деган қўрқувлар бор. Ҳукумат бўлганидан кейин шундай нарсаларни текширса бўлмайдими,- дейди Новқатдаги “Қонунийликни ҳимоя қилиш” фонди раҳбари Набижон Каримбердиев.

Айрим ўшликлар эса, энг авало Ўш воқеаларининг олдини ола билмаган ҳуқуқ-тартибот тизимлари раҳбарлари ва бошқа расмийларни жавобгарчиликка тортиш керак деб ҳисоблайдилар.

- 10 июн куни тўполон бошланиб, 11 июнда тартибсизликлар, талончилик ва ўт қўйишлар кучайди. Бунга давлат даражасида чора кўрилмади. 12-13 куни уч кун Ўш хўжайинсиз қолди. Шунинг учун бунга шароит яратиб беришга аралашган одамлар, бир гуруҳ амалдорлар, жумладан, куч тизимидаги бир гуруҳ расмийлар лавозимидан бўшатилиши керак. Улар жавобгарчиликка ҳам тортилиши керак, акс ҳолда ҳозиргидай воқеалар яна такрорланиши мумкин. Турли миллатларда қуролланган армиялари пайдо бўлди. Ўшалар ҳозирги ҳукуматга катта таъсир кўрсатмоқда,- дейди ўшлик Тўлўген Келдибоев.

13 сентябр кунги учрашувда президент маъмурияти хавфсизлигини таъминлаш хизмати бошлиғи Бусурманқул Табалдиев “учинчи куч”ларнинг ҳаракатини ғоявий диверсия сифатида баҳолади.

- Миш-мишлар бу идеологик диверсия ҳисобланади. Барчамиз биламиз, Улуғ Ватан урушида немислар Москвага яқинлашиб қолганда Сталин “ютқазишга сабаб бўлган миш-мишларни тарқатгани учун тергов ва судсиз жойида отиш” тўғрисида қарор чиқарган. Бу миш-мишлар одамларни тинчсизлантириб, қанча одамлар шаҳардан кетишяпти. Бундай миш-мишларни тарқатаётган одамларни топиб жавобгарчиликка тортиш керак,- деди Бусурманқул Табалдиев.
XS
SM
MD
LG