Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:28

Асқаровнинг яқинлари қайта тергов ўтказишни талаб қилишмоқда


Қўшнилар гувоҳлигига кўра, Азимжон Асқаров ҳеч қачон миллатчи бўлмаган.
Қўшнилар гувоҳлигига кўра, Азимжон Асқаров ҳеч қачон миллатчи бўлмаган.

15 сентябр куни Жалолобод вилояти Новкен туман суди томонидан бир умирлик қамоқ жазосига ва мол-мулки мусодара қилинишга ҳукум этилган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг яқинлари жиноят иши қайта терговга юборилишини талаб қилишмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида истиқомат қилади. Ҳозирда унинг уйи дарвозалари берк, онаси, хотини ва болалари ўз уйини ташлаб, ўзларининг Тошкентда истиқомат қилувчи қариндошлариникида яшашмоқда.

Қариндошлари Азимжон Асқаровга қўйилаётган айибловларни асоссиз, деб ҳисоблашади.

Шу йилнинг 15 сентябр куни бўлиб ўтган суд маҳкамасида ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ўз фаолиятида фақат ўзбеклар ҳуқуқини ҳимоя қилганликда айбланган, бироқ ҳуқуқ ҳимоячисининг келини Турдихон Асқарова бу айбловни инкор қилди:

- Суд қарори бизнингча нотўғри бўлди. Биз яқинлари ўкиничдамиз. Бу нотўғри қарор бўлди. Азимжон Асқаров ҳуқуқ ҳимоячиси эди. Ким мурожаат қилса, хамманинг ҳуқуқини ҳимоя қилар эди. Ўз ҳаққини талаб қилолмаганлар, қирғизлар ҳам келар эди. Ҳаммага тенг инсон эди-да, - деди Азимжон Асқаровнинг келини Турдихон Асқарова.

Махкама жараёнида кўрсатма берган маҳаллий милиция ходимлари ва давлат қораловчилари Азимжон Асқаровни шу йилнинг 13 июн куни Бозорқўрғон туманидаги кўприкда тўпланган одамлар орасида бўлганини ва ўша ердаги милиция раҳбарини қўлга олиб, қолган милиция ходимларини ўлдиришга буйруқ берганини таъкидлаганлар.

Бундан ташқари унинг уйи текширилганида ўқ дори ва “Ҳизб ут - Таҳрир” оқимига тегишли диск ва варақалар чиққани айтилади.

Бироқ Азимжон Асқаровнинг синглиси Мархаматхон Асқарова бу айбловни туҳмат сифатида баҳолайди.

- У уйда ўтирган, ҳеч қаёққа чиққани йўқ. Бу туҳмат ёлғон бу. Бу ўзимизнинг мелисаларни қилган иши, бу ерда туҳмат бўлди. Эшикни тагидан булар ўқ отишди, 3та. Мен ўша ўқларини беркитиб қўйганман. Оллоҳга ишонган ҳолда гувоҳлик бераман, уйдан ўқ, қурол деган нарса чиқмаган, - деди Мархаматхон Асқарова.

Айни пайитда Азимжон Асқаровнинг қўшнилари ҳам маҳкамада гувоҳлик берган милиция ходимлардан фарқли ўлароқ, 13 июн куни ҳуқуқ ҳимоячиси ўз уйида бўлганлигини айтишади:

- Мана, мен шу ердаги қўшнисиман, ана шу уруш бўлган куниям, эрталабда “уруш бўляпти”, дейилганида бу киши уйида ухлаётганди. Хотини чиқиб “Азимжонни туринг десам унамаяпти, “Мол бозорга ўт қўйиб юборишибди”, дейишяпти десам, ”Довдир, мол бозор тўртта девор бўлса, қаерига ўт қўяди”, деб Азимжон уйда ухлаяпти”, деган. Ўшанда мен гувоҳ эдим. 13 - куни бозор куни эди. У ҳаммага ёрдам берарди. Қирғизлардан дўстлари бор эди, келарди кетарди. Жуда улар билан мехрибон, яхши яшарди. Тўйлар бўлса, ўлимлар бўлса келиб ётиб қолишарди. Қирғизлар билан роса иноқ эди, - дейди Азимжон Асқаровнинг қўшниси.

Қирғизистонлик ўзбек инсон ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга милиция ходими ўлдирилишига алоқадорлик, июн ойида Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги қонли воқеалар келиб чиқишига сабаб бўлган оммавий тартибсизликларни уюштирганлик, миллатлараро низо келтириб чиқарганлик ва бошқа айбловлар қўйилган.

15 сентябр кунги маҳкамада судя Азимжон Асқаровга қўйилган айрим айбловлар бўйича айбдор, баъзилари бўйича айибсиз деб топди. Жумладан, Азимжон Асқаровдан диний –экстремистик гуруҳга алоқадорлик айби олиб ташланди. Бироқ у милиця ходимини ўлдиришда айбдор деб топилди ва мол - мулкини мусодара қилиш билан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Азимжон Асқаров яқинлари жиноий иш қайта тергов қилинишини талаб қилишмоқда.

- Бегуноҳ-да, айби бўлганда ҳам майли эди. Ҳақиқатни топишсин, майли розимиз. Одамларни ўлдирганларни топишсин, мана шу тўпалонди бошлаганларни топишсин, исташсин, қидирсин. Бегуноҳ одамга жиноятчиларнинг айбини қўйишмасин. Биз арзланамиз, қаерга бўлса ҳам борамиз, бизнинг талабимиз шу, -дейишади Азимжон Асқаровнинг яқинлари.
XS
SM
MD
LG