Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:25

Қирғизистонда судланувчилар хавфсизлиги таъминланмаяпти


Давлат айбловига кўра, Сампа ҳудудида ўзбеклар томонидан 16 та қирғиз ўлдирилган.
Давлат айбловига кўра, Сампа ҳудудида ўзбеклар томонидан 16 та қирғиз ўлдирилган.

Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеаларага алоқадорликда айбланиб судланаётганларнинг адвокатлари Қирғизистон президенти Рўза Ўтунбаевадан маҳкамаларни хавфсиз ҳудудларда ўтказишни, маҳкама жараёнида адвокатлар, гувоҳлар ва судланувчилар хавфсизлиги таъминланишини талаб қилмоқдалар

Жалолободдаги ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, Санпа воқеаси бўйича судланаётганлардан бирининг адвокати Гулсара Нурғозиеванинг айтишича, маҳкама жараёнида жабрланувчи томон айбланувчилар ва адвокатларга таҳдид қилмоқда.

- 30 сентябр кунги суд жараёни бошланишидан аввал тўпалон чиқди ва шу сабабли суд томонидан жараён хавфсизлигини таъминлаётган милиция ходимларини кўпайтиришга, спецназларни олиб келишга тўғри келди. Сабаби ишлашга имкон бўлмади. Адвокатларнинг хавфсизлиги сақланмаяпти. Жабрланувчилар томонидан босим кўрсатилаяпти. Мен инсон сифатида жабрланувчиларни тушуниб турибман, бироқ биз адвокат сифатида қонун доирасида ўз вазифамизни бажаришимиз керак. Маҳкама жараёнларида бизнинг хавфсизлигимиз таъминланса яхши бўлар эди. Бироқ хозир бундай бўлмаяпти. Шу сабабли бир неча адвокатлар суд жараёнига қатнаша олмай, қочишга мажбур бўлишди, - дейди Гулсара Нурғозиева.

Униннг айтишича, ҳозир Санпа воқеаси юзасидан айбланиб қўлга олинганларнинг адвокатлари маҳкама жараёнларида хавфсизлик масаласи таъминланишини сўраб, тегишли идораларга мурожаат қилишмоқчи.

- Вилоят прокуротурасига, Бош прокуротурага мурожаат қилмоқчимиз. Ҳозир ушбу маҳкамада иштирок этаётган адвокатлар номидан суд органларига ҳам мурожаат тайёрлаяпмиз. Бизнинг хавфсизлигимиз таъминланмаса, биз суд махкамасида иштирок эта олмаймиз. Негаки, жабрланувчилар очиқчасига “адвокатларни сўямиз, ёқамиз. Нега жиноятчиларни ҳимоя қилишади”, деб таҳдид қилишаяпти. “Адвокатларга ўлим” деб очиқчасига айтилаяпти, - деди Гулсара Нурғозиева.

Айтиб ўтиш жоизки, сентябр ойидан бери турли сабаблар билан 2 марта бошқа кунга қолдирилган Санпа воқеаси юзасидан маҳкама жараёни 30 сентябр куни Новкен туманида давом эттирилди.

Сузоқ туман суди судяси Дамир Назаров раислигида ўтаётган ушбу маҳкамада оммавий қотиллик, жисмоний зарар етказиш ва ўзгалар мулкини ёқишда айбланган 14 киши судланмоқда.

Айбланувчилар бу жиноятларни 13-14 июн кунлари Бишкек-Ўш магистрал йўли ёқасида жойлашган Сампа пахта тозалаш заводида содир этгани гумон қилинмоқда.

- Судланувчилар ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг умрига хавф солиб, ўлдириб, мулкини тўнаб, одамларни гаровга олиб, оммавий тартибсизликларни амалга оширишган, - деди давлат қораловчиси Ўмурбек Сарибаев 30 сентябр кунги маҳкамада.

Айбловга кўра, ўша воқеа вақтида 16 киши ўлдирилган, 2 нафар одам бедарак кетган, 9 та автранспорт воситаси ёқиб юборилган.

Бироқ маҳкамада айрим судланувчилар ўзларини айбдор эмасликларини айтишди:

- Мен Сампа деган ерни билмайман, Сузоқ туманини ҳам яхши билмайман. Мен 7-синфдан бошлаб Тошкентда ўсганман. Армиядан келганимдан бери 12 йилдан бери Владивостокда ишлайман. Мен тартибсизликларда қатнашганим ҳам йўқ, чиққаним ҳам йўқ, - деди судланувчилардан бири.

Қирғиз матбуоти хабарига кўра, ўлдирилганларнинг барчаси қирғиз миллатига, қотилликда айбланаётганларнинг барчаси эса ўзбек миллатига мансуб фуқаролардир.
XS
SM
MD
LG