Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:23

"Сейчас здохнешь здесь"


Ўзбек ДАН чиларининг бедодлиги¸ Озодликка бўлаëтган кўплаб мурожаатларда такрорланадиган мавзулардандир.
Ўзбек ДАН чиларининг бедодлиги¸ Озодликка бўлаëтган кўплаб мурожаатларда такрорланадиган мавзулардандир.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қиладиган тингловчиларимиз ҳикояларига кўникма хосил қилиб бўлганмиз. Лекин чоршанба куни Тошкентдан қўнғироқ қилган Фарида опанинг ҳикояси Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бедодликларининг чеки йўқлигига яна бир мисол бўлди.


Ўғлим йўл қоидасини бузгани учун бутун оиламиз таъқиб қилинмоқда

Озодликка Тошкентдан қўнғироқ қилиб, ўзини Фарида Ҳамидуллаеваман, деб таништирган аёл ички ишлар ходимларининг бедодлклари ҳақида гапирди.

Фарида опа "ўғлим йўл қоидасини бузгани учун, бутун оиламиз милициянинг тазйиқларига дуч келяпти", дейди.

- Менинг ўғлим тоққа дам олишга чиққан бўлган. Машинада бўлган. Нарушение қилган. ГАИшниклар билан келиша олмаганми нимадир қилган. Уйда бўлганман мен у пайтда. Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Менинг уйимга учта машина бўлиб бостириб киришди. Қўлида на ордер умуман ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки мен яшаган жойда ўғлим пропискада турмайди.

Менинг келинимни ëш боласи билан кечаси деярли ярим-яланғоч олиб чиқиб кетиб соат тўртгача ўша ерда ушлаб, “Мен СНБданман”, деб (суҳбатдошимиз шу ерда йиғлаб юборди) ўша ерда мени ҳақорат қилиб ташлади. Мен уни қаердан биламан? Уйга келмаган умуман. Тўртгача ушлаб ўтириб, деярли изнасиливаниегача олиб келди.

Озодлик: Қаерга олиб боришди сизларни?

- Яккасарой РОВДсига. У ерда началник министрнинг укасимишми шунақа экан. Ҳеч кимнинг кучи етмас экан у ерга. Эрталаб кейин қанчадир нима билан бўлиб “Бўлди кетаверинг”, деди. Мазам бўлмай қолди менинг. Мазам бўлмай қолган эди “Сейчас здохнешь здесь. Умрëш, ну и что?”, деяпти. Кейин чиқиб кетаëтганимда телефон қилиб, “Сиз қаердасиз?”, дейди. “Мен келиним, ëш бола билан кетаяпман”, десам, “Сиз ҳозир тез орқага қайтинг”, деди. “Нима учун қайтаман? Мазам йўқ. Докторга кетаяпман”, десам, “Йўқ, сиз орқага қайтинг”, деб соат тўртдан бери мана шу пайтгача мени қидиришаяпти ҳозир. Мен ҳозир бекиниб ўтирибман. Чет элга учмоқчи эдим. Билет олиб қўйганман. Ўғлимнинг қаердалигини билмайман.

Озодлик: Ўғлингиз нима гуноҳ қилган экан?

- Ичган бўлган. Ичиб машина ҳайдаган. Штраф пул сўрашган экан. Ўша пулнинг ҳаммасини берган экан. Ҳозир қидириб синглимнинг уйига бостириб кириб синглимнинг сим карталаригача олиб қўйибди. Хуллас мени қидиришаяпти, лекин мен ўғлимнинг қаердалигини ҳам билмайман. Ҳозир мени ушлашса, нима қилишади мен билмайман, дейди ўзини Тошкент шаҳридан Фарида Ҳамидуллаеваман, деб таништирган аёл.


Нон нархи ошганига пахта мавсуми сабабчи

Озодликка Сурхондарё вилоятининг Ангор туманидан телефон қилган Хайрулла Юсупов октябр ойи аввалидан бошлаб ун ва ун маҳсулотлари нархи ошиб кетгани ҳақида гап очар экан, нарх ошиши сабабини, пахта теримига чиқа бошлаган аҳоли қўлида нақд пул пайдо бўлгани билан изоҳлади.

- Ўзи 28-29 минг эди. Ҳозир 45 мингга чиқиб кетди.

Озодлик: Неча килолик ун?

- 50 килолик. Мана ҳозир пахта теримида пул берилиб бошландию. Пахтага пул берилди деб ҳамма бирдан кўтарди.

Озодлик: Бу Ўзбекистоннинг ўзининг уними ëки Қозоғистонникими?

- Ўзимизнинг Сурхондарëники.

Озодлик: Қозоғистоннинг уни қанча?

- Қозоғистоннинг уни 70 мингга чиқиб кетган. 45 мингда тўхтамайди у.

Озодлик: Ноннинг нархичи? Билишимча, Сурхондарëларда аҳоли ўзининг уйида нон пишириб олиб чиқиб сотади-а?

- Ҳа. Шунга қараб ошди энди. Олдин 800 сўмдан олардик. Ҳозир 1200 сўмдан олаяпмиз. Булар ҳам бозордан ун оладида.

Озодлик: Яна нималарнинг нархи кўтарилди?

- Ҳамма нарса. 1 августдан бошлаб неча фоиз бўлса шу фоизда ошаяпти. 200-300 сўм қандларга, макаронларга 100 сўм қўйилаяптида. Шу вақтгача аҳолида нақд пул жуда оз эди. Ҳозир ҳамма пахта териб пул олгандан кейин шундай бўлиб кетдими деяпманда.

Озодлик: Одамлар терган пахтасига пул олаяптими ахир?

- Ҳа, пулини ҳар беш кунда бераяпти.

Озодлик: Бир кило пахта неча сўм бўлди?

- 100 сўмдан бераяпти.

Озодлик: Ҳар беш кунда аниқ терган пахтангизга 100 сўмдан олаяпсиз.

- Ҳа. Банкдан олиб келиб, фермерга ҳам ишонмаяпти, банкнинг ходимлари тарқатаяпти, дейди ангорлик Хайрулла Юсупов.


Йўқ пахтани териб юрибмиз, қарзга ботиб

Қашқадарёнинг пахтазоридан телефон қилган суҳбатдошимиз ўзини Қарши шаҳридаги иқтисодиёт ва муҳандислик институти талабаси, деб таништирди.

Мадина исмли бу тингловчимиз аслида далада пахта деярли қолмаган ва оқибатда, талабалар еган овқати пулини қоплайдиган миқдорда ҳам пахта тера олмасдан қарзга ботмоқда, дейди.

- Пахта ҳам қолмаган. Ердаги пахталарни терамиз. Овқатлар яхши бўлмаяпти.

Озодлик: Бир кунда норма қанча?

- 40 кило.

Озодлик: Неча килодан тераяпсизлар ҳозир?

- Обедгача 10 кило тердик. Пахта йўқ. 20 кило тера олмаган болалар бор. Таëқ еяптида.

Озодлик: Таëқ еяпти!?

- Ҳа. Домлалар урадида норма қилмагандан кейин.

Озодлик: Овқат нега яхшимас? Қанақа овқатлар бераяпти ҳозир?

- Шу гуруч, макарон овқат беради. Буханка нон беради.

Озодлик: Қорнинглар тўймаяптими?

- Қорнимиз тўяди. Мажбур еймиз. Емасак ҳам магазиндан нарса оламиз ëки уйдагилар олиб келади. Уйга икки-уч кунга рухсат олиб кетсак ҳам, емаган овқатимизнинг пулини тўлашимиз керак. Қарзга тушиб кетаяпмизда. Кунлик 25 кило пахта олади овқат учун.

Озодлик: Бир кило пахта 100 сўмдан бўлса, 2500 сўм.

- Ҳа.

Озодлик: Неча марта овқатланасизлар бир кунда?

- Обедда ва кечқурун. Далада пахта йўқ. 25 кило норма сўрайди. 30 кило терсангиз, шундан 25 килосини овқатга ушлайди. 5 килосини спискага ëзади. Кўпроқ териш керак. Кўпроқ терай десангиз, пахта йўқ.

Озодлик: Яна қанча юраркансизлар пахтада?

- Ҳар йили ноябргача юрамиз. Ноябргача юрсак керак менимча. Қийин бўлиб кетаяпти қизларга. Ўғил болаларку майли. Эрталаб ва кечқурун совуқ сувда ювинамиз. Пиëда борамиз. Машина йўқ шийпонга олиб борадиган. Пиëда боришади ҳамма. Эрталаб 6да турғизишади. Яна пиëда олиб келишади. Ҳеч бўлмаса қизларга машина йўқ.

Озодлик: Ëтоқ жойинглардан пахта терадиган жойгача қанча юрасизлар? 10 минутми, 15 минутми.

- Бир-бир ярим соат юрамиз. Кейин пахта терамиз, дейди ўзини Қарши шаҳридаги иқтисодиёт ва муҳандислик институти талабаси, деб таништирган Мадина.


Ботиров ҳам, Қодиров ҳам ҳақ

Андижондан телефон қилган Мухторжон Сотволдиев эса куни кеча Озодлик радиосига эксклюзив интервью берган Қодиржон Ботиров сўзларига муносабат билдирди.

Унинг фикрича, Қодиржон Ботиров ҳам, Ўш масаласини БМТ минбарида тилга олган президент Каримов ҳам халқаро текширув масаласида мутлақо ҳақ.

- Қодиржон Ботировни мен шахсан танимайман. Лекин унинг фикрлари, гапирган гаплари ҳаммаси тўғри. Бутун Қирғизистон ҳукумати ундан илтимос қилди, талаб қилди чиқиб кетгин деб. У одамнинг ҳеч қанақа айби йўқ. Бу одамни алдашди.

Озодлик: Сиз нимага комил ишонч билан гапираяпсиз? Алдаганига далил-исботингиз борми?

- Мен ўзим Қирғизистонда ўқиб ўсганман. Институтда ўқиганман. Мен биламан. Ҳамма нарсадан хабарим бор. Танишларим кўп. Ахборотлар шунинг учун етиб турибдида. Июн ойидаги воқеалар олдидан тайëргарлик бўлганини билардик бу гапларни. Бу гапларни билар эдик. Ўзбекларга нисбатан геноцид бошланишини ҳам билганмиз.

Озодлик: Воқеалардан олдин билгансиз-а?

- Олдин билганмиз. Тайëргарлик бўлаëтганини ҳам билганмиз. Просто Қодиржон Ботировни алдашди улар. Текебаеви ҳам, Роза Ўтунбаеваси ҳам, Бекназаровлар ҳам – ҳаммаси алдашди. Энди бир томонлама комиссия қилиб туриб, комиссияси бутун айбни ўзбекларга ағдариб қўйди. Ислом Абдуғаниевичга жуда катта раҳмат. БМТда жуда чирйоли бошлаб берди. “Буни охирига етказмасак бўлмайди” деди. Мана эшитаяпмиз 15 октябрда уже комиссияси кирар экан. Ўшликларга менинг мурожаатим шунақада: Қўрқмасдан шуларга арз-додларни айтиш керак. Айтиб бериш керак. Фактларни кўрсатиш керак. Қўрқмасдан комиссияга ҳамма нарсани айтиб очиқ-ойдин берсин. Энди чидаб бўлмайди, дейди Андижондан телефон қилган Мухторжон Сотволдиев.


Амир Темур айтган ўзбек бўласан, деб

Яна бир тингловчимиз Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан телефон қилди.

Ўзини Ҳусниддин Файсиев, деб таништирган тингловчи “Эркин микрофон” эшиттириши орқали “ўзбек”, деган миллат номини ўзининг узоқ тарихга эга бўлган асл этник номи — “турк” деб ўзгартириш керак, деган таклифни тилга олган самарқандлик тингловчимиз фикрига муносабат билдирди.

- Тўғри, ўзбекларнинг асл келиб чиқиши турклару, лекин шундай бўлгани билан, мана Темурнома китобини ўзбекларнинг ҳаммаси ўқиб чиққан бўлса керак менимча, ўзбекларнинг ўзига хос тарихи бор, миллати бор. Миллат ҳам бор ўзбек деган. Миллатни турк деб аташнинг кераги йўқ. Яна “Ўзбекистон фуқароси деб ëзсин, миллатини қўймасин” деяпти. Ҳозирги ҳолати ҳам ëмон эмас. Миллати деган жойга ўзбек. Ҳақиқатан ўзбек бўлса ўзбек деб ëзади, бошқа бўлса бошқа.

Мен яна битта нарсани айтмоқчиман. Ўзбек миллати ҳар доим, жуда кўп кузатганман, очиқкўнгил, бир-бирини барибир суяши керакда. Улар миллатчилик қилмайди ҳеч қачон. Тўғри, бизлар туркий миллатлар. Унинг гапида ҳам жон бор. Туркий қавмдан келиб чиққанмиз. Мен ўзим ҳам ўзбекларнинг оқ манғитлариданман. Амир Темур ҳазратлари оқ манғитдан келиб чиққан деб ëзилган жойи бор. Оқ манғит жуда кўп ўзимизда. Амир Темур китобида “ўзбек деган номни олади Амир Темурнинг авлодлари келажакда” деган. “Ўзбек деган номни олади ва қиëматгача Ўзбекистонда ўзбек миллатида ислом дини қолади” деган жойлари ҳам бор, дейди Ўзини Ҳусниддин Файсиев, деб таништирган суҳбатдошимиз.


18 йилдан кейин фуқароликдан маҳрум қилишди

Яна бир тингловчимиз эса 18 йил муқаддам Ўзбекистонга қўшни Тожикистонда кўчиб келган ва шу вақт давомида Ўзбекистон фуқаролигини олиб яшаганини айтар экан, яқинда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги унинг фуқаролигини бекор қилиб, фуқаролиги йўқ шахс мақомига тушириб қўйганидан шикоят қилди.

Унинг рафиқаси эса асли ўзбекистонлик фуқаро ва ҳозирда бу оилада 3 фарзанд бор.

- Шу ерда ўқиганман, унивьерситетларни тугатганман, шу ерда ишлаганман. 18 йилдан кейин текшириш бўлиб, гўëки “Паспортлар нотўғри берилган. Ўзбекистон фуқаролиги нотўғри берилган” деб Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиб, “фуқаролиги йўқ шахс” паспортини беришаяпти.

Озодлик: Асосий сабаб нимада экан?

- Асосий сабаб 1992 йил июл ойида чиққан буйруққа асосланиб нима қилишаяпти. “Паспорт столлар ўша даврда нотўғри берган янги паспортни” деб шуни баҳона қилиб, 18 йил яшаган фуқарони Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этиб, қизил паспорт беришмоқчи. Ҳатто Конституцияда “Ўзбекистон республикасида 10 йил яшагандан кейин президентлик нималарига овоз беришга, сайланишга ҳуқуқи бор” дейилган. Бунга Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳозирги кундаги муносабат сабаб бўлаëтган бўлиши мумкин. Ҳатто унга бизнинг алоқамиз ҳам йўқ. Охирги марта раҳматли бувам ўлганда 1997 йилда борганман. Ундан бери Тожикистонга бориб бўлмайди. Ҳозир йўллардан ўтиб қайтиш жуда проблема. Миллий хавфсизлик томондан бўлаяпти шу нарсалар. Ўрганиб чиқилиб, шу нарсаларга олиб борилаяпти, дейди 18 йил муқаддам Ўзбекистонга қўшни Тожикистонда кўчиб келган ва шу вақт давомида Ўзбекистон фуқаролигини олиб яшаган суҳбатдошимиз.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG