Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:28

"Тилидан илинмаганга ҳукумат тегмайди!"


Ўзбекистонда милиция ходими билан ҳуқуқларингиз борасида тортишиш қимматга тушиши мумкин.
Ўзбекистонда милиция ходими билан ҳуқуқларингиз борасида тортишиш қимматга тушиши мумкин.

"Эркин микрофон"нинг иштирокчиларидан бири Ўзбекистон ҳукумати диндорлар танобини тортиб турмаганда Ўзбекистонда ҳам худди Тожикистоннинг Рашт водийсидаги каби воқеалар бўлиши мумкинлигини айтиб, президент Каримов ва унинг ҳукуматига тасаннолар айтди.


Бизни таҳқирланган милиционерга жазо борми?!


Озодликнинг “Эркин микрофон”ига телефон қилган тингловчиларимиздан бири Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани, Ойнакўл маҳалласида истиқомат қиладиган 30 ёшли Чори Эшқобилов Шўрчи туман ички ишлар идоралари фаолиятидан норози эканини айтди.

Шу йил январ ойида тумандаги ҳарбий қисм ёнилғи базасидан ноқонуний равишда арзон гаровга ёнилғи сотиб олган танишига тасодифан шерик бўлиб қолгани учун туман ички ишлар идоралари томонидан ҳибсга олинганини сўзлаб берган Чори Эшқобилов ҳибс чоғида у ва шериклари милиция ходимлари томонидан таҳқирлангани, ҳақоратлангани ва аёвсиз калтакланганини айтади.

Бунга барча зарурий далиллари бўлгани ҳолда Чори унга нисбатан ноқонуний муносабатда бўлган милиция ходимларининг жазоланиши ва тасодифан бу ишга гувоҳ бўлиб қолганини таъкидлаб, ўзининг оқланишини талаб қилар экан, бундай мурожаати йил бошидан буён эътиборсиз қолдириб келинаётганидан норози бўлди.

- Қумқўрғон тумани ички ишлар ходимлари бизни уриб, арқон билан боғлаб милицияхонага олиб келди бизни. 10 кишидан ортиқ киши тепаяпти келиб. Йиртилмаган жойимиз қолмай, ҳамма еримиз шарманда бўлиб қолди, башарамиз. 29 январ кечаси олиб келгандан уришни бошлади 10 февралгача. Шариатга тўғри келмайдиган нарсалар қилди. Кийимни ечиб олди, совуқ бу ëғи. Битта хонада 13 кун ëтдик. Совуқ. 10 феврал куни обеддан кейин “Военний прокуратурада ишларинг кўрилади энди. Военнийнинг соляркаси экан” деди. Ҳарбий прокуратурада урганигача ҳаммасини айтиб бердим. Кейин ҳарбий судга оширди. Бизга энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида штраф босди. КамАЗни мусодара қилиб юборди. Менинг КамАЗимни ака-укаларим олган эди. Ўзим деярли пул ҳам қўшмаганманда. Адвокатга “мени урган” деб айтдим.

Суд экспертизага бориб, жароҳатларимизни ҳарбий прокуратурадаги терговчи кўрган эди, адвокат ҳам кўрган жароҳатимизни, “Майли айбдор бўлиб жазомизни олаяпмиз. Бизга қонун бор экан, буларга йўқми?” дедим. Аризани инсон ҳуқуқлари Сайëра Рашидовага ëздик, президентга ëздик, Миллий хавфсизликка ëздик. Кейин Қумқўрғон прокуратурадан яна хат келаяпти, “тергов олди текширдик” деяпти. Ургани у ëқда турсин, 10 кун сақлаганини тан олмаяпти. Милиция ходимларига қонун йўқми? Замон пулдорникими ë танишникими? Мен тушуна олмай ҳайрон қолаяпманда. Урса, тўбаласа, тан олмаса. Биз урган кишини таниймизку, қувган кишини, ушлаган кишини таниймиз. Уйда жанжал. Отам ҳам қари, онам ҳам қари, лекин уйда тинчлик йўқ. Ҳар кун жанжал. Машина меникимасда.

Озодлик: Сизнинг номингиздамиди у?

- Машина менинг номимда, лекин мен пул сарфламаганман. Ака-укаларимники у. Россияда ишлаб келган, деҳқончиликдан топган, дейди шўрчилик 30 ёшли Чори Эшқобилов.


Диндорларни таъқиб қилган ҳукуматга раҳмат!!!


Яна бир тингловчимиз ҳам ўзини деновлик Файзуллоҳ, деб таништирар экан “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг сўнгги сонини тилга олиб, Озодлик мухбирини танқид қилди.

Бу эшиттиришнинг сўнгги сонида 15 йилдан буён бедарак Абдували қори Мирзаев ҳақида гап борган эди.

Файзуллоҳ, агар бу қорини ҳукумат йўқ қилган бўлса, тўғри иш қилган, деб ҳисоблашини айтар экан, бунинг сабабларини шундай изоҳлади.

- Мен айтаяпманку, ҳукумат қилган нарса, тадбир тўғри деб ўйлайман. Агар қилган бўлса ҳукумат. Энди аниқмаску ҳукумат қилганми ëки бошқами. Сиз айтаëтган жуда бўрттириб гапираяпсиз. Агар ўша бўлса, тўғри деб ўйлайман. Бунақа чала муллалар давлатни бузади.

Озодлик: Сиз “чала мулла” деб Абдували қорини айтаяпсиз.

- Абдували қорини. Ҳукумат ҳар кимни ҳам ўзидан ўзи олиб кетмайдику. Мен ҳам намоз ўқийман. Бошқаларни ташвиққа солмасам, мазҳабга тўғри юрсам Имоми Аъзам мазҳабига, ҳеч ким ҳеч нарса демаяптику. Ҳизбут-Таҳрир, ваҳҳобийларни ўзингиз биласиз. Мендан яхши билсангиз керак нима истайди улар. Пайғамбаримиз 40 йилда қилмаган исломни улар қандай халифалик қилиб қилади? Тўрт халифадан кейин халифа бўлмаслиги керак. Мен шундай деб ўйлайман.

Озодлик: Яъни Абдували қори халифалик тарафдори бўлган демоқчисиз-а?

- Халифалик тарафдори бўлганку.

Озодлик: Ишончингиз комилми бунга?

- Ўзидан ўзи масалан сиз ҳеч кимга ҳеч нарса демасангиз, қандай сизни олиб кетиши мумкин? Масалан ҳозир мен яшаяпман. Мен ҳам ҳажга бориб келдим. Совет даврида ким ҳажга борган? Беш киши борганми йўқми. Мана мустақиллик даврида ҳар йилда 5000 киши бораяпти. Ëки мана Тошкент “ислом маданият маркази” деб эълон қилинди. Бу нимадан бўлади? Лекин сиздан илтимос савоб оламан десангиз, маданият тўғрисида гапиринг. Нима Абдували қори, Обид қори деб тураверасизми? Ибратли нарса бўлса, одам фойдаланса дейманда.

Озодлик: Масалан қанақа?

- Кўпку энди мавзу. Одамгарчилик бор, отанинг фарзандга нима ҳуқуқи борлигини айтинг, фарзанднинг отага нима ҳуқуқи борлигини айтинг. Террористларни гапирасиз доим. Кейин сизни ким эшитади? Ўзидан ўзи бўлмайди демоқчиман. Бирор киши бир нарса қилмаса, тилидан илинмаса, ўзидан ўзи нима бўлмайди, унга ҳеч ким тегмайди. Ташаккурлар билдираман. Керак бўлса, ички ишлар, миллий хавфсизлик, президентдан бошлаб ҳаммасига ташаккур. Агар шундай қилмаганида бизда ҳам худди Раштдагидай аҳвол бўларди. Кўряпсизку, Раштда нималар бўлаётганини! Битта-иккита ахмоқ нималар қилади, ислом номидан гапиради, кейин балога қолади ислом, дейди деновлик суҳбатдошимиз Файзуллоҳ.


Ёлланиб пахта терганга ҳар 10 кунда 100 минг сўм


Яна бир қаҳрамонимиз Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидан телефон қилган ва ўзини Қаҳрамон, деб таништирган йигит шу кунларда Нишон туманида пахта теримида экан.

У туман шифохонаси ходимларидан бирининг ўрнига пахта теримига чиққанини айтар экан, ўзига ўхшаб ёлланиб пахта териб бераётган теримчилар кўплигини айтди.

- Бир ишчининг ўрнига Деҳқонобод туманидан келганман. Ўзим ишсизман.

Озодлик: У ишчининг ўрнига чиққанингизга у ишчи сизга пул берадими?

- Ҳа, беради.

Озодлик: Қанча беради сир бўлмаса?

- 10 кунга 100 минг беради.

Озодлик: У одам нимага пахтага чиқмади?

- Оилавий аҳволи, соғлиғи тўғри келмади. Шунинг учун чиқмаган.

Озодлик: Эркак кишими аëл кишими?

- Аëл киши.

Озодлик: Ўрнига кимнидир чиқарса ҳам бўлаверадими?

- Ҳа, бўлади.

Озодлик: Сизга ўхшаб бировнинг ўрнига чиқиб пахта териб юрганлар кўпми?

- Кўп.

Озодлик: Ҳаммаси 10 кунга 100 мингдан оладими?

- Бир хиллар олади, бир хиллар камроқ олади.

Озодлик: Пахта терим бошлангандан бери қанча ишладингиз?

- Билмадим энди. Қанчалигини ҳисоблаб кўрганим йўқ.

Озодлик: Ҳар ҳолда 400 минг бор.

- Бор.

Озодлик: Шунча пул энди яхшими?

- Бўлади.

Озодлик: Уйда бекор ишсиз ўтиргандингиз-а? Ë бошқа иш ҳам қилармидингиз?

- Договор бўйича ишлардим. Қурилишда, дейди деҳқонободлик ўзини Қаҳрамон деб таништирган йигит.


Заводлар талон-тарож, аёллар эса муҳтож


Фарғонанинг, Риштон туманида истиқомат қиладиган ва исми сир қолишини сўраган кекса бир суҳбатдошимиз: “Собиқ совет замонидан мерос қолган уч-тўрт завод фабрика қолган эди. Ҳозирга келиб шу иншоотларнинг қолган-қутган жиҳозлари ҳам талон-тарож қилинмоқда”, деган фикрни айтди.

- Бизда союз пайтида қурилган фабрика ва заводлар ҳаммаси қанақадир одамлар томонидан сотилиб, сотиб олиниб, майдаланиб, йўқ қилиб юборишаяпти. Билсангиз, бизнинг Риштон шаҳрида кулолчилик заводи бор. Кулолчилик Риштонда шунақалигини ҳамма биладию. Катта керамический завод бор эди. Ҳозир молхонадан ҳам баттар бўлиб кетди. Ҳеч нарса қолгани йўқ. Бор нарсани сотиб юборишаяпти. Кейин бу ëқда текстилний фабрика. Уч-тўрт смена аëллар ишларди. Ҳозир уни ҳам кимлардир сотиб олиб, майдалаб сотиб юборишаяпти. Мустақиллик дегани шунақами? Совет пайтида қурилган нарсани бузиб сотиш деганимикан?

Озодлик: Шу пайтгача ишлаб турган эдими бу завод фабрикалар?

- Ҳа, ишлаб турган эди. Ҳозир иш бошлаймиз деб началниклар иш бошласа, бу томондан қисади, у томондан қисади, мақсади шуни йўқ қилиб юборишми билмайман. Бизда ҳозир 200-200та аëл центрга чиқиб мардикорлик қилаяпти. Фабрикаларни бузмасдан ўшаларни юргизиб, ўша аëлларни ишлатса бўлмайдими? Районда яшаш жуда қийин бўлиб кетди, дейди риштонлик кекса суҳбатдошимиз.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG