Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

"Ата-Журт" тарафдорлари Бишкекда намойиш бошлади


“Ата-Журт” партияси ҳамраиси Қамчибек Ташиев шанба кунги ҳужумда ўзининг енгил тан жароҳати олганини айтмоқда.
“Ата-Журт” партияси ҳамраиси Қамчибек Ташиев шанба кунги ҳужумда ўзининг енгил тан жароҳати олганини айтмоқда.

Бишкекда парламент биноси ёнига йиғилган "Ата-Журт" партияси юзлаб тарафдори 10 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловида ғолиб чиққан партия етакчиси Қамчибек Ташиевга уюштирилган суиқасдга алоқадорликда айблаб, хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев истеъфосини талаб қилмоқда.

24 октябр куни Қирғизистон парламенти биноси ёнига йиғилган “Ата-Журт” партиясининг юзлаб тарафдори ўз етакчиси Қамчибек Ташиевга уюштирилган суиқасдда мамлакат хавфсизлик хизматининг қўли бор, деган қатъий айблов билан хизмат раҳбарининг истеъфосини талаб қилди.

Намойишчилар ўз талаби бажарилмагунга қадар намойишни тўхтатмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Бироз муқаддам Қамчибек Ташиев ўзига нисбатан суиқасд юштирилгани айтиб, баёнот берган эди.

Унга кўра, шанба оқшом унинг Бишкек яқинидаги уйига 15 га яқин одам бостириб келган ва ичкарига киришга уринган. Ташиевнинг соқчилари бунга қаршилик кўрсатган пайтда эса қурол ишлатилган ва бир неча бор ҳавога ўқ узилган.

Бу маълумотларни тасдиқлаган Қамчибек Ташиев буни ўз сиёсий фаолиятига қарши уюштирилган ҳаракат, деб баҳолашини билдирди.

- Мен, биринчидан, бу воқеани бугунги сиёсий жараёнлардаги фаолиятим билан боғлиқ, деб ҳисоблайман. Иккинчидан, менимча, булар мени ўғирлаш ниятида эди ёки мен отмоқчи бўлишди. Чунки менга қарата мақсадли равишда икки марта отишди. Яхшиямки, Худо бор, ўқ тегмади. Бошимга тўппонча билан уришмоқчи эдим, қўлим билан тўсишга улгуриб қолдим. Мана, кўриб турибсиз қўлимдаги жароҳатни, - деди Бишкекда сўзлаган Қамчибек Ташиев.

Ташиевнинг сўзларига кўра, унинг қўриқчилари ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлган ва ҳужумчилардан 3 дона тўппонча тортиб олинган.

Шунингдек, улардан Қирғизистон Хавфсизлик хизмати ходими, майор Марат Садиев номига ёзилган гувоҳнома ҳам тортиб олингани айтилмоқда.

Бу воқеа ортидан Бишкекдаги парламент биноси ёнига йиғилган юзлаб норозилар эса буни ўз раҳбарига қарши провокация, деб ҳисоблаб, хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев истеъфо бермагунга қадар тарқалмаслигини айтмоқда.

Айни пайтда “Ар-Намис” партияси лидери Феликс Кулов ҳам бундай воқеа содир бўлиши бўйича масъулиятни тўла хавфсизлик хизмати раҳбарига юклади ва бунга қадар ҳам партия раиси ортидан таъқиблар бўлганини айтиб, шундай деди:

- Ата-журт” партиясига нисбатан провокация уюштирилди. Биз буни очиқ айтамиз, бу — провокация. Хавфсизлик хизмати раҳбари сўзсиз истеъфо бериши керак, - деди Феликс Кулов.

Айни пайтда Қирғизистон хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Душебаев буни Қамчибек Ташиевнинг популистик ҳаракатлари, деб баҳолаб, содир бўлган воқеа юзасидан баёнотлар ёлғондан иборат, деди.

Душебаев Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг Қамчибек Ташиев яшайдиган ҳудудга боргани, аммо бу гиёҳванд моддалар савдосига қарши амалиёт доирасидаги сафар бўлгани, уларнинг Ташиев айтган суиқасдга умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Шунингдек, Қирғизистон президенти маъмурияти раҳбари Эмилбек Каптагаев воқеа юзасидан суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда журналистларга сўзлаган Каптагаев президент Роза Ўтунбаева унга бу воқеани синчиклаб ўрганишни топширганини ҳам таъкидлаб ўтди.

24 октябр куни парламент биноси олидида йиғилган 700 га яқин одам уни душанба куни давом эттириш ваъдаси билан кечки соат 9 да тарқалгани хабар қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG