Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "сим-сим"


Ўтиш пунктлари расман ëпиқ бўлса-да¸ одамлар ундан ўтишнинг йўлини қилмоқда¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.
Ўтиш пунктлари расман ëпиқ бўлса-да¸ одамлар ундан ўтишнинг йўлини қилмоқда¸ дейди Озодликка сим қоққанлардан бири.

Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасидаги бугунги вазият манзараси¸ Ўшдаги зўрланган аëллар фожиаси¸ Ўзбекистондаги ҳақсизликлар 3 ноябр куни яна одамларни Озодликка сим қоқишга ундади


"13 десангиз ҳамма тушунади..."

“Эркин микрофон” эшиттиришига Андижон вилояти Марҳамат туманидан телефон қилган Исомиддин исмли суҳбатдошимиз ушбу туман ва қўшни Қирғизистоннинг Аравон тумани туташган чегарадаги вазият ҳақида сўзлаб берди.

Унга кўра, июндаги қонли воқеалардан буён чегара ёпиқ, аммо, далалар ва экинзорлар оралаб, яширинча Қирғизистонга ўтаётган одамлар кўп.

Исомиддиннинг сўзларига кўра қисқа муддат ичида яширин ўтувчилар учун “13” рақами билан кодланган киракаш таксилар ҳам пайдо бўлиб улгурган.

- Чегаранинг нариги бетида туради. Номини энди Аравонга кетади дейилмайдию, 13 деса ҳамма тушунади. Ҳамма жойнинг машинаси бўладию. Жиззах, Тошкент, Самарқанд қатнайдиган машинаналарнинг ўрнига 13 деб ном қўйишган.

Озодлик: Машинагача чегарадан ўзингиз ўтиб олишингиз керак-а?

- Чегарадан ўзингиз ўтиб олганингиздан кейин машина бор. Дала билан чегара симга етиб борасиз. Точкалари кўпку ўтадиган. Солдатлар ҳар битта точкада ярим соат туради.

Озодлик: Ўтаëтганлар кўпми озми?

- Ўтаëтганлар оз. Лекин қариндош-уруғини кўриб тургани анча-мунча ўтиб турмаса ҳам бўлмайди. Иложи йўқда бир-бирини кўрмасдан, дейди Андижон вилояти Марҳамат туманидан телефон қилган Исомиддин исмли суҳбатдошимиз.


Андижонда тоза ҳаво ҳам тақчиллашди

Андижон шаҳридан телефон қилган Гулбаҳор Тўраева эса шаҳардаги ёш болалар орасида “кўк йўтал” касаллигининг пайдо бўлгани ва шу дардга чалиниб қолган ёш болалари учун оддийгина тоза ҳаво топилмаётганини айтди.

Касби ҳамшира бўлган Тўраеванинг айтишича, шу кунларда шаҳарда кузги хазон ва ахлатлар ёқилмоқда ва бу иш кўпроқ аҳоли турар-жойлари, мактаб ва боғчалар яқинида жойлашган ахлатхоналарнинг ўзида қилинмоқда.

- Менинг қизим академик лицейда ўқийди. Олдида олтинчи мактаб бор. Умуман йўлдан ўтиб бўлмайди. Ахлат жуда ҳам катта. Мактабларнинг олдида ўшанча ахлат. Масалан кўп қаватли уйларда ахлатхона йўлакларга яқин, уйларга яқин жойлашган. Ахлатхона ëнади. Ойнани оча олмайсиз. Сассиқ, нафас ола олмайсиз. Бунга энди фуқаролар ҳаммаси ëндашиб гапираяптими гапиришмаяптими мен уни суриштирганим йўқ.

Мен ўзим доктор бўлганлигим учун мана шу нарсага аҳамият бераяпман. Чунки ҳақиқатан ахлатнинг ëнишидан, ахлатнинг сассиғидан микрорайонда яшаб бўлмай қолди. Кўк йўтал умуман йўқ эди. Кўк йўтал бўлиши соғлиқни сақлаш тизимида қора доғ ҳисобланади. Мана кўк йўтал кундан кунга кўпаяяпти. Иккита болам ҳозир кўк йўтал билан оғрияпти. Йўтали тутган пайтда ойнани очишим керак. Тоза ҳаво керак. Бу шамоллаш эмас. Бу юқумли касаллик ўта узоқ давом этадиган. Ойнани очишим билан, мана ҳозир ҳам болам йўталаяпти, ахлатнинг тутунидан, сассиғидан тоза ҳавони топа олмаяпман. Қийналиб кетдим. Маҳалла комитетига айтаяпман¸ умуман аҳамият бермаяпти. Шунинг учун мен шу нарсани сизларга айтишга мажбур бўлдим, дейди касби ҳамшира бўлган андижонлик Гулбаҳор Тўраева.


Ўзбекистон Эрон билан ҳамкорлик қилиши лозим

Яна бир суҳбатдошимиз “Эркин микрофон” эшиттиришига телефон қилиб, ўзини самарқандлик Исмат, деб таништирди ва Озодлик орқали берилган эшиттиришлардан бирига муносабатини билдирди.

Яқинда тақдим этилган бу эшиттиришда президент Ислом Каримовнинг Форс кўрфазига йўл очиш тўғрисидаги ташаббусига ўзбекистонлик экспертлар муносабат билдирган эди.

- Сиëсий шарҳловчи Абдураззоқ, мен фамилияларини эсимдан чиқардим, Ўзбекистоннинг Форс кўрфазига чиқиш масаласида ўз фикрларини айтдилар. У кишининг фикрларини бутунлай қўллаб-қувватлай олмайман. Эрон масаласи, унинг ядро программаси бўрттирилган бу. У шундай айтаяптики, худди Эрон йўқ бўлиб кетиш арафасида тургандек. Аслида ундай эмас. Ўзбекистонга бу яхши даромад келтиради. Чунки биз маҳсулотимизни Форс кўрфазига чиқарсак, тараққий этамиз. Кўпроқ даромад кўрамиз. Биз фақат пахта етиштирмаймизку. Уранимиз бор, бошқа бойликларимиз бор, симобларимиз бор. Афсусларки, коррупция, порахўрлик, мафиябозлик каби ишлар туфайли тараққиëт бўлмаяпти бизда. Шунинг учун ҳамма инсонлар чиқиб кетаяпти хорижга ишни ташлаб. Форс кўрфазига келсак, агар Туркманистон виза режимини олиб ташлаганда эди, ҳар тарафлама Форс кўрфазининг бой давлатлари билан алоқаларни ривожлантирганимизда, давлатга, аҳолига фойдали ишлари бўларди. Чунки Форс кўрфази, Эрон орқали чиқиш ҳақиқатан хавфсиз, дейди ўзини самарқандлик Исмат, деб таништирган суҳбатдошимиз.


Ўшда зўрланган ўзбек аëлларининг сони кўп....

Ўшдан телефон қилган Маъруфжон ака эса сўнгги кунларда Озодликда кўп шов-шувларга сабаб бўлаётган зўрланган ўшлик аёл-қизлар тақдирига муносабат билдирар экан, шундай тажовузга дучор бўлган, аммо, дарди ичида қолаётганлар қизлар кўплигини айтди.

Бу киши ўзи истиқомат қиладиган Черемушка маҳалласи теграсида шундай ҳоллар бўлганига гувоҳ бўлганини айтди.

- Номусига тегиб, бошқа қилинганларни кўрдик мана Ўшда. Биз яшаб турган жойда ҳам бўлган. Мисол мана Черемушкада. Ўшанақа нарсалар бўлган.

Озодлик: Қачон ва қандай қилиб бўлди?

- Уруш, тўполон маҳалида, ундан кейин ҳам. Телефон орқали айтиш мумкин эмасда уни. Бизни ташвишга солаëтган нарсалар бўлаяптида бу ерда. Ëш ўспирин йигитларимизни, бошқаларимизни ушлаб, олиб бориб калтаклаб, қийноққа солишаяпти. Жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолаяпмиз. Ўзбек миллати бўлганларни ишдан четлатиб, ундан ташқари яна бошқа ишлар бўлаяпти, дейди Ўшдан телефон қилган Маъруфжон ака.

Бу суҳбатдошимиз телефон орқали номусига тажовуз қилинган аёл-қизлар шахсига оид маълумотларни беролмаслиги, аммо, маҳаллий мухбирларга тақдим этишга тайёрлигини айтди. Имкони билан мухбирларимиз бу мавзуни ўрганишга ҳаракат қиладилар.


Эл қатори намоз ўқиганга ҳам 159 қўйилмоқда

Ўзини Тошкент вилояти, Қибрай туманидан Дилбар Соҳипова, деб таништирган аёл эса ўз укаси тақиқланган диний ташкилотлардан бирини молиявий таъминлаган, деган айблов билан ҳибсга олинганини айтди.

Унга кўра, укаси айнан кимларни, қандай тақиқланган ташкилотни маблағ билан таъминланганига оид ҳеч қандай маълумот берилмаганини айтиб, шикоят қилди.

Дилбар Соҳиповага кўра, кейинги пайтларда шундай мавҳум ва тушунарсиз айбловлар билан ёшларни ҳибсга олиш ҳоллари кўп учрамоқда.

- Менинг укамнинг бошига оғир кун тушди. Қамалиб қолди. Ноҳақ қамалиб қолди. 159 ва 244-моддалар билан қамаб қўйишди. Эл қатори жума намозини ўқишга борарди. Айби шу.

Озодлик: Айбловни қандай тушунтириб беришди?

- Айбловда буни “таъминловчи” деб ҳисоблашаяпти.

Озодлик: Кимни таъминлаган?

- Бу 700 мингга компьютерини сотган бир болага. У бола ўшанинг 100 долларини берганда, қолганини бера олмаган. Бу юриб-юриб ололмагандан кейин компьютердан воз кечиб кетган. Энди булар ўшани “Сен таъминлаб тургансан” деган мақсадда бўйнига “таъминловчи” деган нимани қўйишаяпти.

Озодлик: Қанақадир гуруҳни таъминлаган деяптими?

- “Гуруҳни таъминлаган. Ҳокимиятни ағдаришга ҳаракат қилган” деган бўлмағур нарсаларни қўйиб ташлашган.

Озодлик: Гуруҳнинг номини нима дейишаяпти?

- Гуруҳнинг номи у ерда тўлиқ ëзилмаган. Беш-олтита гуруҳнинг номини ëзган. “Булар одамларни йиғиб, жалб қилмоқчи бўлган” деган маънода нима қилишаяпти. Лекин аниқ исбот қилинмаган бу нарса, дейди Тошкент вилояти, Қибрай туманидан Дилбар Соҳипова, деб таништирган аёл.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG