Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Қибрайда 10 шахс "ваҳҳобийлик"да айбланмоқда


Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида бораëтган маҳакама жараёнида 10 судланувчининг бари 15 йил илгари изсиз ғойиб бўлган Абдували қори Мирзаев ҳамда муҳожиратдаги Обид қори Назаров ғояларини тарғиб қилганликда айбланмоқда.


Куни-кеча Озодлик радиосига қўнғироқ қилиб¸ ўзини Тошкент вилояти, Қибрай туманидан Дилбар Соҳипова, деб таништирган аёл укаси Ниғматулла Соҳиповнинг диний мотивларда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида сўзлаган эди.

8 ноябр куни маълум бўлишича, Ниғматулла Соҳипов Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича судида судланаётган 10 айбланувчнинг биридир.

1963 йилда туғилган Ниғматулла Соҳипов, опасининг сўзларига кўра, Қибрай тумани бўйича собиқ депутат бўлган ва ҳозирда аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш ўртоқлик ширкати раҳбари бўлиб ишлайди.

Дилбар Соҳиповага кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари укасини тақиқланган диний ташкилотлардан бирини молиявий таъминлаган, деган айблов билан ҳибсга олган.

- Бу 700 мингга компьютерини сотган бир болага. У бола ўшанинг 100 долларини берганда, қолганини бера олмаган. Бу юриб-юриб ололмагандан кейин компьютердан воз кечиб кетган. Энди булар ўшани “Сен таъминлаб тургансан” деган мақсадда бўйнига “таъминловчи” деган нимани қўйишаяпти.

“Гуруҳни таъминлаган. Ҳокимиятни ағдаришга ҳаракат қилган” деган бўлмағур нарсаларни қўйиб ташлашган. Беш-олтита гуруҳнинг номини ëзган. “Булар одамларни йиғиб, жалб қилмоқчи бўлган” деган маънода нима қилишаяпти. Лекин аниқ исбот қилинмаган бу нарса, дейди Тошкент вилояти, Қибрай туманидан Дилбар Соҳипова, деб таништирган аёл.

Дилбар Соҳиповага кўра, укаси айнан кимларни ва қандай тақиқланган ташкилотни маблағ билан таъминлангани ҳақида яқинларига ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ушбу маҳкама жараёни билан танишган, аммо, суд залига қўйилмаган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса судланувчиларга қўйилган айбловга оид баъзи маълумотларга ойдинлик киритади.

- Буларга учта модда билан айб қўйилган. 159-модда, 244 биринчи прим моддаси ва 244 иккинчи прим моддаси билан айб қўйилган. Буларнинг ҳаммаси июн-август ойларида қўлга олинишган ва қамоқда сақланишган, дейди Суръат Икромов.

Айни пайтда Суръат Икромов бу суд ишининг аввалгиларидан фарқли бир жиҳатига эътибор қаратди.

- Ҳамма гап шундаки, бу галги айблов ҳам жуда ақлга сиғмайдиган нарса. Мана ҳозир буларга Ҳизбут-Таҳрир ва Ваҳҳобий оқимларига аъзо деб қўйилаяпти. Айтилаяптики, 2007 йилдан бери мана шу 10та судланувчилар йиғилиб, буларнинг ичида Маҳаматов Бахтиëр Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Амир ўғли Ҳасанбой деган масжиднинг имоми экан, ўша бошчилигида булар ҳаммаси Ҳизбут-Таҳрир ва Ваҳҳобийлик оқимларини ўрганиш учун йиғилган дейилган. Булар аъзо ëки бошқа эмас. Шунчаки “Бу оқим нимадан иборат” деб ўрганиш олиб боришган. Лекин ҳеч қанақа фаолият тўғрисида гапирилмаяпти. Қўйилган айбларни тушуниб бўлмаяпти. Кейин буларнинг адабиëтлари¸ асосан¸ очиқ сотиладиган диний китоблар. Бирортасида тақиқланган адабиëт топилмаган. Лекин иккита қорининг фамилияси ҳар бетида ëзилаяпти. Яъни булар шуни пропаганда қилган, шу ҳақида кўп гапирган деяпти. Асосий айб шу.

Озодлик: Абдували қори ëки Обид қори Назаров исмлари айблов хулосаларида тез-тез тилга олинадими?

- Хоҳ Ҳизбут-Таҳрир бўйича, хоҳ Ваҳҳобий бўйича қўйилган деярли барча айбномаларда¸ албатта¸ 100 фоиз ҳаммасида бор. Ўшаларнинг ҳаммасини айбдор қилиб қўйишмоқчи, лекин конкрет нима қайб қилганлигини ҳеч қаерда келтирмайди, дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, кейинги йилларда Тошкент вилоятида тақиқланган диний гуруҳларга алоқадорликда айблаб, асосан, ёшларни ҳибсга олиш ва уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб судлаш ҳоллари кўп учрамоқда.

Хусусан, ўтган икки ой ичида бирваракайига 7 ва 12 айбланувчи устидан маҳкама жараёнлари бўлиб ўтганини айтади ҳуқуқ фаоли.
XS
SM
MD
LG