Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Сиёсий таҳлилчи: АҚШ ва Қозоғистон учун "қимматли келишув"


АҚШ президенти Барак Обама апрел ойида Вашингтонда бўлган учрашув чоғида қозоқ ҳамкасби Нурсултон Назарбоевни жуда илиқ қарши олди.
АҚШ президенти Барак Обама апрел ойида Вашингтонда бўлган учрашув чоғида қозоқ ҳамкасби Нурсултон Назарбоевни жуда илиқ қарши олди.

АҚШ ва Қозоғистон Америка ҳарбийлари ҳамда Афғонистонда толибларга қарши курашаётган халқаро қўшинларга мўлжалланган ҳарбий юкларни ташиш учун янги ҳаво йўлаклари очиш бўйича келишув имзолади.

Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга мўлжалланган ҳарбий юкларни ташиш учун янги ҳаво йўлаклари очиш бўйича Қозоғистон билан келишув имзолангани ҳақида билдирилган АҚШ Давлат департаменти баёнотида янги ҳаво қатновларига йўл бериш билан Қозоғистон “Афғонистондаги зўравон экстремизмга қарши кураш ва Афғонистон ҳамда минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлашда халқаро кучлар учун жуда қимматли бўлган ёрдамни кўрсатмоқда”, дейилади.

АҚШ томонига кўра, янги келишувга мувофиқ янги йўлаклардан ҳам ҳарбий, ҳам ноҳарбий юклар ташувини амалга ошириш мумкин ва бу ёнилғи ҳамда вақтни тежаш имконини беради.

Бу келишувга муносабат билдирган қозоғистонлик таҳлилчилар унинг малакатга нафақат сиёсий, балки моддий манфаат ҳам келтиришини ва ҳақиқатда ҳам Қозоғистон учун “қимматли” келишув бўлишини айтмоқдалар.

Улардан бири қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Азимбой Ғалидир.

- Бунда Қозоғистоннинг Россия иттифоқчиси сифатидаги позицияси намоён бўлди. Маълумки, Россия Америка ҳарбийлари билан бирга Афғонистондаги бир қатор амалиётларни амалга оширишда иштирок этди. Ва эндиликда Қозоғистон Россия иттифоқчиси сифатида ўз ҳудуди орқали ҳарбий юклар транзитига ҳам рухсат берди. Асл воқеликдан келиб чиқилса, бу Қозоғистон ҳукумати манфати учун фойдали қарор. Чунки толиблар таҳдиди ҳозир бутун минтақага тушмоқда, - дейди қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Азимбой Ғали.

Унинг фикрича, айни пайтда Қозоғистон ҳарбийларининг Афғонистондаги инсонпарварлик амалиётларида иштирок этаётган гуруҳи сони ҳам кўпайтирилган.

“Бу ерда Қозоғистон ҳукуматининг масъулияти тўла англанган сиёсий иродасини ҳам эътироф этиш керак”, дер экан бу сиёсатчи ўз вақтида президент Назарбоев америкаликларга мамлакатдаги аэродромлардан биридан фойдаланишни ҳам таклиф қилганини эслади.

- Эсимда бор, Олмаота шаҳри яқинидаги аэродромлардан биридан фойдаланиш таклиф қилинган, аммо ҳозирча ноҳарбий юклар ташувида қўшимча аэродромга эҳтиёж йўқлиги боис бу таклиф рад этилган эди. Албатта, бу масалада фақатгина Қозоғистон ташаббусигина эмас, балки бундай ташаббусга Россиянинг розилик бериши ҳам муҳим эди. Аммо, кўриб турибмизки, Афғонистондаги амалиётлар борасида кейинги вақтларда Россия ҳукумати ҳам иштирокини фаоллаштирмоқда, - дейди қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Азимбой Ғали.

"Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги янги келишув Қозоғистоннинг минтақа давлатлари, хусусан, НАТО кучларига аталган таъминот юклари қатновида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон билан муносабатларида қандай аҳамият касб этади?" деган саволимизга бу таҳлилчи қуйидагича жавоб берди:

- Менимча, ҳозир бутун Марказий Осиё афғон масаласида АҚШ билан ҳамкорликка ён бермоқда. Чунки, фикримча, америкаликлар у ерда узоқ қолиш ниятида эмас. Ҳозирда халқаро қўшинлар бу низони имкон қадар тезроқ афғонлаштириш, яъни Ироқда бўлгани каби террорчилар, толибларга қарши Афғонистон армияси, Марказий Осиё ва Россия қўли билан курашишга интилмоқда. Табиийки, бундай амалиётда иштирок этишдан томонларнинг ҳаммаси манфаатдор, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари бундан сиёсий дивидент қозониш билан бирга каттагина моддий манфаат ҳам кўради, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Азимбой Ғали.
XS
SM
MD
LG