Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

"Ҳажга қирғиз квотаси сотилган эронликлар тутилди"


11 ноябр куни олинган бу суратда Саудия Арабистонига етиб борган зиёратчиларнинг Ҳаж ибодати олдидан амалга ошираётган Умра ибодати акс этган.
11 ноябр куни олинган бу суратда Саудия Арабистонига етиб борган зиёратчиларнинг Ҳаж ибодати олдидан амалга ошираётган Умра ибодати акс этган.

Норасмий манбалар ўтган йили чўчқа гриппи сабабли чеклов жорий этилгани боис бу йил Ҳажга келган зиёратчилар кўпайгани, баъзи давлатлар, хусусан, Қирғизистон мутасаддилари бу давлатга берилган квоталарни бошқа давлатларга сотиб юборганига оид можаролар кузатилганини айтмоқда.

Бугун Саудия Арабистонида 2 миллиондан ортиқ зиёратчи Ҳаж ибодати маросимларини бошлади.

Ҳаж вазирлиги бу йил 1 миллион 700 минг зиёратчига рухсат берилгани, яна 200 мингдан ортиқ киши зиёратчиларга хизмат кўрсатишини маълум қилган.

Бироқ норасмий манбалар ўтган йили чўчқа гриппи боис зиёратчилар сонига чеклов жорий этилгани ва шу сабабдан бу йил зиёратчилар сони 3 миллиондан ошиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Шу кунларда Ҳаж зиёратида юрган қорасувлик имом Рашод қори Камолов ҳақиқатан ҳам зиёратчилар сони бу йил сезиларли даражада кўплиги ва баъзи давлатлар, хусусан, Қирғизистон мутасаддилари бу давлатга берилган квоталарни бошқа давлатларга сотиб юборганига оид можаролар кузатилганини айтди.

Рашод қори билан ўзбек зиёратчилари Мино тоғига етиб борган кезда суҳбатлашдик.

- Алҳамдулиллаҳ, биз ҳам юртдош хожилар билан бирга Мино тоғига келдик ва пешин намозини жамоат бўлиб ўқишлик билан Ҳаж зиёратини бошлаб олдик. Шу Мино тоғида турган мусулмонлар ҳолидан сизларга хабар берар эканман, ҳаммамизнинг ибодатимизни қабул қилишини ва қолганларга, шу жумладан, сизларга ҳам Оллоҳ Ҳаж зиёратини насиб қилишини сўраб қоламан.

Озодлик: Рашод қори ака, бу йил Ҳаж зиёратчилари сони хусусида расмий ва норасмий маълумотлар ўртасида 1 миллионлик фарқ бор. Ҳажда одам кўпми бу йил?

- Ҳақиқатан шундай. Аммо буни агарда бир масъулиятли ташкилот, ҳукумат идоралари ҳисобига етмаса, одам кўзи билан кўриб, ҳисоблайдиган адад эмас. Аммо Ҳарамда, Каъбада ва Расулуллоҳнинг масжидларида ўтган йилгидан кўра одам кўп, оз деёлмайман.

Озодлик: Ҳозир шароит қандай, одам кўплиги муносабати билан озгина тиқилинч бўлиши мумкин, деган хавотирлар бор эди?

- Йўқ, йўқ, аҳвол яхши. Хабарингиз бор, Мино-Арофот-Муздалифа-Мино оралиғида аввал ҳожилар автобусда қатнар эди. Бу йилдан бошлаб тезюрар поездлар қатнай бошлади. Иншааллоҳ, бу ҳожилар учун катта енгиллик ва биз ҳам ундан фойдаланамиз, насиб этса.

Озодлик: Бу йил Қирғизистондан ўзбек зиёратчилар кўп бўлдими ёки озми?

- Бу йил хабарингиз бор, юртимиздан нафақат, ўзбек миллатига мансуб, балки қирғиз миллатига мансуб зиёратчилар ҳам кам бўлди. Чунки Дин ишлари қўмитаси қирғизистонлик зиёратчиларига берилган квоталарни бошқа давлатларга, худди аввалги йилдагидек, сотиб юборишган.

Ҳатто Саудия Арабистони ахборот воситаларида ҳам чиқдики, қирғизистонлик фуқаролар номига расмийлаштириб визалар олинган, аммо унинг наклейкасига Эрон фуқаролари исми ёзилган экан. Бу Жидда халқаро аэропортида маълум бўлиб қолди ва у ерга чоршанба куни келган Эрон фуқаролари Жумъа оқшом Саудия ҳукуматининг динга ҳурмати ва раҳми билан ибодатга қўйилган. Чунки йўл босиб келган ҳожиларнинг айби эмас бу.

Бу ерда Саудиядаги вазирликларидан бирида форс тилидан таржимон бўлиб ишлайдиган укамиз бор. Ундан эшитдик бу хабарни ва уч кун аэропортда қолган зиёратчилар бугун Маккага келганига ўзимиз гувоҳмиз.

Озодлик: Тушунарли, Рашод қори ака. Демак, бугун Ҳаж ибодатининг биринчи куни ва сизлар Мино тоғида қоласизлар бугун?

- Ҳа, иншааллоҳ, бугун Минода қоламиз. Бугун Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни. Эртага эса тўққизинчи куни бомдод намозини ўқиб, сўнг бутун дунё мусулмонлари билан бирга Арофот тоғига қараб юзланамиз. Шундай улуғ кунларда мусулмон биродарларимизга ҳам шундай ибодатлар насиб қилишини Аллоҳдан сўраб, улардан бизнинг ҳаққимизга дуо қилиши ва бутун ер юзидаги мусулмонларимизни ўз дуоларида ёд олишларини, мусулмонлар сафини жам қилиб, дин душманлари қаршисида ҳамиша ғолиб қилишини Аллоҳдан сўраб, дуо қилишини сўраб қоламиз, - деди қорасувлик имом Рашод қори Камолов.
XS
SM
MD
LG