Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Ўшда яна бир оила зўравонлик нишонига айланди


Ўш ўзбеклари учун бир оз нормаллашгандек кўринган вазият кейинги кунлар ичи яна оғирлашмоқда.
Ўш ўзбеклари учун бир оз нормаллашгандек кўринган вазият кейинги кунлар ичи яна оғирлашмоқда.

29 ноябр куни Ўшнинг Мажримтол маҳалласи бошида истиқомат қиладиган маҳаллий имомнинг уйида махсус амалиёт ўтказилди. Махсус хизматлар амалиёти чоғида "террорчи"га чиқарилган имом ва яна уч одам ўлдирилди. Айни шу куни куппа-кундузи яна бир ўзбек оиласи қирғиз тўдаси томонидан аëвсиз калтакланди.


9 ноябр куни тушдан кейин ўшлик имом уйида амалиёт ўтказган спецназнинг 30 га яқин ҳарбийси Мажримтолни ўраб олди ва бу ҳудудга бировни қўймагани боис, нима бўлганидан бехабар одамлар нафасини ичига ютди.

Ана шу талотумда Ўш марказидаги бозорда ўтирган савдогар ўзбек оиласи ёнидаги шериклари билан молларини йиға солиб, автомобилида уйга шошилди. Қайтишда Мажримтол ўраб олингани боис пробкага дуч келиб қолди.

Ўшанда бу оилага йўл четида турган 10 га яқин безори йигит ҳужум қилди.

Ўш милицияси, Миллий хавфсизлик хизматига ишончини бутунлай йўқотгани боис исми ва манзилини айтмаслигимизни қайта ва қайта илтимос қилган отанинг сўзларига кўра, уларга ҳужум қилган 10 дан ортиқ йигитнинг ҳаммаси қирғиз миллатига мансуб бўлган.

- Бирданига орқадан келиб машинанинг ойнасига тепа бошлашди. Машинанинг эшикларини қулфлаб олган эдик. Ичида аёлим бор эди қизим, яна битта шеригим ва қўшним бор эди. Кейин машинанинг олд томонига ўтиб ҳам ойналарни тепишди ва синдиришди. Менинг ва шеригимнинг бошларига тепишни бошлади. Машинани юргизаман, деган эдим шартта итариб буриб, ариққа тушириб юборишди. Атрофда бирор зот ёрдамга келмади. Кейин орқадаги эшикни очиб, қизимни¸ ёнимда бир шеригимиз бор эди, уни тепа бошлашди. Кейин эса қизимни машинадан олиб кўчага отиб юборишди. Кейин орқадаги аёлларни калтаклашга тушишди.

Озодлик: Аёлларни ҳам калтаклашдими?

- Жуда аёвсиз калтаклашди. Аёлимни остига қаттиқ тепишган экан, ҳозир ўзини ололмай ётибди шўрлик¸ дейди Ўш милицияси, Миллий хавфсизлик хизматига ишончини бутунлай йўқотгани боис исми ва манзилини айтмаслигимизни қайта ва қайта илтимос қилган ота.

Аёвсиз калтак зарбидан бош-кўзи аралаш юзлари моматалоқ бўлган бу кишининг тишлари ҳам деярли тўлиқ тўкилиб битгани боис бошқа гапира олмади.

Бунинг устига у кишининг оёқ-қўллари ҳам жиддий лат егани учун ур-калтакда нисбатан кам шикат еган 17 ёшли қизига трубкани берди.

Қиздан, дастлаб, сизларга ҳужум қилган ва сизни калтаклаган кимлар эди, танирмидингиз, деб сўрадик.

- Ёш-ёш, 20-25 ёшлардаги қирғиз йигитлари эдида. Танимаймиз уларни. Тўпланиб туришган экан. Мен ойнадан нима бўлаяпти экан, деб бундай қараган эдим. Биттаси ана сартлар, кетдик, деди-ю, ҳаммаси биз томонига ёпирилди. Кела солиб, машинанинг ойналарини тепиб кетишди. Ойналарни синдириб, аввал дадам билан унинг ёнидаги кишининг бошлари, юзларига тепишди. Кейин бўлса, мени ёнимдаги эшикни шартта очишдида мени биттаси шартта кўтариб, асфалтга отиб юборди. Кейин 5-6 таси келиб мени уриб-тепиб кетди. Бу ёқда эса дадам билан ҳалиги кишининг бошига тепаверишди¸ дейди 17 яшар қиз.

Қизнинг сўзларига кўра, ўспирин қирғиз йиитлари кейин машинанинг орқа салонида ўтирган икки аёлга — унинг онаси ва қўшнисига ёпишган.

- Иккаласини ҳам орқа салондан судраб тушириб, онамни эса асфалтга отишибди. Аёлларниям бош-кўзи, демай роса тепишибди. Онамнинг қорнига қаттиқ тепган экан, ҳозир ичимдан бир нима узилди, деб ердан қимирлолмай ётибди¸ дейди 17 яшар қиз.

Ўласи қилиб калтакланган икки аёлнинг ҳам қўлида сумкалари бўлган ва улардан бирининг ичида бир неча кунлик савдодан тушган 150 минг қирғиз сўми атрофидаги пул бўлган.

Безорилар тўдаси бешовлонни уриб-калтаклаганидан сўнг, ана шу пулга ёпишган.

Бу орада кўчанинг нариги юзида 6 йигитининг оёқлари остида топталаётган қизни эса, афтидан йўловчи кекса бир қирғиз кишининг аралашуви қутқариб қолган.

- Охиргиси кўзимнинг тепасига тепаётган эди, бир катта қирғиз киши ҳей инсофинг борми, деб бақирди. У киши ўтиб кетаётган бўлган менимча. Шунда ҳали болалар уришни тўхтатишди. Кейин мен бир амаллаб ёнимдан ўтаётган битта Москвич машинасига чиқиб олдим. Танишимиз экан, додлаб эшигини тақиллатиб юриб чиқиб олдим¸ дейди 17 яшар қиз.

Қизнинг сўзларига қараганда, у кетганидан сўнг ҳам анча вақт калтакланган ота-онасини бу ваҳший тўда кўча бўйлаб ҳам анча жойгача тепкилаб борган.

- Аямни бир марта тепгандан кейин ҳушидан кетиб қолган. Ерда ëтиб қолган. Ана шуни кўриб дадам иложсизликдан аямни еталаб нима қилаëтганда орқасидан уриб келишибди. Югуришибди ўша жойларда ҳам. Орқасидан тепкилашибди. Дадам нима қилгунча сумкани аямдан олиб бўлишибди. Ҳалиги хотинникини олиб бўлибди. Ҳеч нарсасини бермабди. Бизнинг сумкамизни олиб очиб, ичида пакетда турадида пул, ичидаги пулни олиб сумкани ирғитиб берибди. Пулни олишиб кетишган. Ярми қолгани қувлаб кўтларига тепиб, шунақа қилишибди. Машинамизни биздан кейин ëқиб юборишибди, дейди калтакланган оиланинг 17 яшар қизи.

29 ноябр куни кечки пайт Ўшнинг қоқ марказида қирғиз йигитлари томонидан калтакланган бу оила йигитларнинг ҳеч бирини танимаслигини айтар экан, уларнинг айнан шу оилага ҳужуми эса, эҳтимол, ўша 150 минг қирғиз сўми учун бўлганини фақат тахмин қилади.

Яна 17 ёшли қизга қулоқ тутамиз.

- Ë бозордан чиққанимизда орада битта-яримтаси таниган, билмасам тўғри бизникига келиб нима қилди. Орқамизда Москвич ҳам бор. Москвич ҳам ўзбек. Унга осилишмади, бизга Тикога осилишди.

Озодлик: Толпага учрадик деяпсиз. Бунақа тез-тез бўлиб турибдими ҳозир?

- Ҳеч ҳам кўрмаганман бунақа нарсани. Телевизорда кўрамиз. Ҳаëтда кўрмаган эдик. Ҳаëтда эркак кишининг аëл кишига қўл кўтарганини ҳеч ҳам кўрмаган эдим, дейди ота-онаси калтакланган 17 яшар қиз.

Отаси, онаси, икки қўшниси ва ўзи ҳам тепкилар зарбидан яримжон бўлиб қолган бу қиз уйига шифокорларни чақиртиргани, шифокор эса уларнинг ҳаммасини зудлик билан шифохонага ётишга кўрсатма берганини айтар экан, бизда шифохонага ётгани пул йўқ, бор бисотимиз шу кундалик тушум эди, дейди.

Сумкада турган 150 минг қирғиз сўми эса, оиланинг сўзларига кўра, бир неча кунлдик савдодан йиғилган ва банкдаги қарзга тўлаш учун тишнинг кавагида асралган сўнгги пул бўлган.

Қиздан милицияга мурожаат қилдингизми, деб сўрадик.

- Билмадим, амаким юрибман деяптию. Биз ҳеч нарса нима қилмадик. Дадам “Нима кераги бор? Фойдаси йўқ” деяпти. Кўраяпсизу ҳозир ўзбекларга қанақа иш бўлаяпти, деди 29 ноябр куни Ўш шаҳрининг қоқ марказида ёш қирғиз йигитлари томонидан калтаклаб кетилган оиланинг 17 ёшли қизи Озодлик билан суҳбатда.

Ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиб, Ўшда ёхуд Бишкекда идорама-идора юрган кезда ҳам бу оила йўқолган соғлиги, пулит ва автомобилини қайтариб олиш мумкинлигига мутлақо ишонмаслигини айтади.
XS
SM
MD
LG