Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Алдаб, пенсиямни камайтириб қўйишди


2011 йилда ҳам аксар ўзбекистонликлар учун уларнинг иқтисодий аҳволи асосий муаммолардан бири бўлиб қоладиган кўринади. "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилиб, ҳокимият идораларининг лоқайдлиги туфайли турмушлари ёмонлашган тингловчиларимиз ҳикоялари бунга мисол.


Тезкор, аммо, айёр пенсия тайинловчилар устидан арз


“Эркин микрофон”га Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидан телефон қилган собиқ 2-гуруҳ ногирони Шокир Турсунов уни алдов йўли билан ногиронлик пенсиясидан маҳрум қилиб, миқдори бундан оз бўлган ёшга оид пенсияга ўтказишдан норози бўлди.

- Турсунов Шокир. 62 ëшдаман. Иккинчи гуруҳ ногирони эдим 1996 йилдан бери. Мени 2010 йил 10 август куни ВТЭКнинг раиси чақириб, мени ногиронлигимдан озод қилишди. Ўзим ногиронман. Оëқ остеохондрозиман. Ҳассада юраман. 100 метр юрсам, чарчаб қоламан. Ëнбошлаб овқат ейман. Улар ногиронликдан маҳрум қилишди.

Озодлик: Нима асосда маҳрум қилишди?

- Пенсия ëшига етибди, энди қарилик пенсиясини олади дейди. ВТЭКнинг раиси Шохонов деган одам. “Мен ногиронманку. Ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганку. Мен 14 йилдан бери ногиронман” десам, “Йўқ, президентнинг қарори бор. Энди сиз қарилик пенсиясини оласиз” деб ногиронликдан чиқариб ташлади. Текшириб ўтирмади. “Соғлиғим ўзгарганлиги сабабли мени озод қилишларингизни сўрайман” деб ариза ëзиб бердим мен.

Озодлик: Ўзингиз рози бўлмасангиз, нимага ëзиб бердингиз?

- Президентнинг қарори бор, дейди, қарилик ëшига етгандан сўнг ногиронликдан чиқариб ташлар экан.

Озодлик: Ўзингиз ëзиб, ўзингиз қўл қўйиб берибсизку. Нимага норози бўлаяпсиз?

- Менга “пенсиянгиз икки баробар кўпаяди” дедида у. Жуда ҳам қийналиб қолдим. Кимга дардимни айтишни билмайман. Каравотда ëтибман. Бешта болам бор.

Озодлик: Уйли-жойли қилганмисиз?

- Йўқ.

Озодлик: Қарилик пенсияси қанча?

- Ногиронликда 96 минг олар эдим. 73 мингга тушириб ташлади мени. Ҳозир ëтибман каравотда. Юра олмайман. Кеча сизларнинг радиода Фармон отанинг гапини эшитиб, у сизларга миннатдорчилик билдирдию, мен ҳам сизларнинг телефон номерларингизни топиб бир арз қилиб кўрай деган эдим. 63-65 ëшга кирган ногиронлар ногиронлиги билан юрибдию. Битта юристдан сўрасам “Пастдарғомни улар бомбит қилди” деди. Бомбит қилди дегани ҳамма пенсионерларни шундай қилиб ташлади дегани, дейди Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидан телефон қилган собиқ 2-гуруҳ ногирони Шокир Турсунов.


Бой, аммо зиқна собиқ куёв устидан арз

“Эркин микрофон”га Хоразм вилоятининг Гурлан туманидан икки қўшни қўнғироқ қилди.

Озодликка анчадан буён боғлана олмай юрган тингловчиларимизнинг бири - Гурлан туманидаги Беруний кўчаси 6-уйда истиқомат қиладиган Назар Оллоберганов 4 фарзанди бор қизига собиқ турмуш ўртоғи алимент тўловини озайтиргани ортидан қилаётган мурожаатларига суд идораларининг бефарқ қараётганидан арз қилди.

- 2003 йилдан бери олиб келаëтган эди.

Озодлик: Қанчадан олиб келаëтган эди?

- 30 минг сўмдан олиб ўтирган экан. Энди ҳозир жуда камайтириб ташладида буни.

Озодлик: Ҳозир қанча олаяпти?

- Ҳозир кварталга иккита болага 60 минг сўм чиқариб қўйибди. Ойига 5000 сўмданми тўғри келиб турибдида бу.

Озодлик: Куëвингиз билан гаплашмадингизми?

- Гаплашдик. Судга ҳам чақирдик. Бир марта судланди ҳам. Суд ижрочисининг ëрдамчисини ушлаб олганда бу. Унга бир нарсалар берганми дейманда. Шунинг қилаëтган иши бу ҳаммаси. У бола бир марта судланган. У прокуратурага “Пулни вақтида тўламасам ëки камайтирсам, қамаб юборсангизлар ҳам розиман”, деб тилхат бериб қўйган. Суднинг ижрочисининг ëрдамчиси “Қаерга борсанг боравер. Туман, вилоят, республика прокурорини боқиб ўтирибман мен. Қаерга ëзсанг ҳам мени ҳеч нарса қила олмайсан” деган гапни айтди.

Озодлик: Куëвингиз нима иш қилади?

- Уста. Иморат қуради. Озодликда берсангиз, катталар эшитса буни сал ўйланмасмикан деган мақсадда қилаяпман, дейди Хоразм вилояти, Гурлан туманидаги Беруний кўчаси 6-уйда истиқомат қиладиган Назар Оллоберганов.


Яқин, аммо беоқибат қўшни устидан арз

Назар Оллобергановнинг қўшниси – Гурлан тумани, Беруний кўчаси 3-уйда истиқомат қиладиган Рўзимет Йўлдошев эса кўпдан буён уни қийнаб юрган мулк можароси масаласини тилга олди.

- Менинг қўшним боламнинг участкасига ноқонуний ўтиб қурилиш қурди.

Озодлик: Участка ўғлингизникими?

- Ҳа. Йўлдошев Неъматнинг участкаси.

Озодлик: Сизнинг ҳовлингизга туташиб кетганми бу участка?

- Ҳа. Ҳокимнинг қарорини подделка қилган. Мен ҳокимиятга бориб туриб очтирдим. Ҳокимиятдан одам келди. “Шу вазиятни бориб кўрай” деб ҳокимнинг ўзи ҳам келди. 839 метр квадрат давлат ерини эгаллаб ўтирганини ҳоким аниқлади.

Озодлик: Сизнинг қўшнингиз ўғлингизнинг еридан ташқари давлaтга тегишли ерни ҳам эгаллаб олганми?

- Ҳа.

Озодлик: Қаерда бу ер? Қанақа ер бу?

- Бу огород. Бунинг участкасининг ëнида. Ҳокимиятнинг судга берган делосида шу иккаласини қўшиб бир кўрадиган. Олти ойдан бери шу ишни кўрмай турибди.

Озодлик: Ишни нимага кўрмаяпти?

- Билмайман. Шунга ҳайронман мен, дейди Гурлан тумани, Беруний кўчаси 3-уйда истиқомат қиладиган Рўзимет Йўлдошев.


*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG