Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Жаслиқдан Марҳаматга тобут келди


Ўзбекистондаги маҳбусларнинг қийноқлар ҳақидаги шикоятлари ҳукумат томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.
Ўзбекистондаги маҳбусларнинг қийноқлар ҳақидаги шикоятлари ҳукумат томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.

11 январ куни Жаслиқ қамоқхонасидан 48 ёшли маҳкум Адулфаттоҳ Раимохуновнинг жасади чиқди. 14 йилдан бери Жаслиқда жазо муддатини ўтаган марҳаматлик Абдулфаттоҳ Раимохунов¸ расмий тиббий хулосага кўра¸ юрак инфарктидан ўлган¸ аммо марҳумнинг танишлари унинг ҳам қамоқхонадаги қийноқ қурбони бўлганини тахмин қилишмоқда.

Абдулфаттоҳ Раимохуновнинг жасади солинган тобут 11 январ куни Жаслиқдан Андижоннинг Марҳамат тумани Тўхтасин Мирзаев ширкат хўжалигидаги уйига олиб келинди.

Марҳумнинг ўғли Абдулатифнинг Озодликка айтишича, отасини 11 январ тонгдаëқ дафн қилишган.

- Кеча эрталаб соат 7да Марҳаматга келди. Бу ëққа 7.30-8.00ларда олиб келдик. Соат 11ларда олиб бориб қўйдик. Медэкспертизага қараганда¸ юрак инфарктидан¸ деб келган. Шунақа деб келди бизга, деди Абдулатиф.

Абдулатиф отасининг ўлими билан боғлиқ бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади шекилли¸ алоқани узиб қўйди. Суҳбатдош билан қайта боғланиш уринишларимиз натижа бермади.

Абдулфаттоҳ Раимохуновнинг ўлими билан боғлиқ бошқа саволларимизга марҳумнинг таниши Қобулжон ака ойдинлик киритди.

Қобулжон акага кўра, ўтган йилнинг ноябр ойида Жаслиқдаги бедодликларга қарши норозилик акцияси ўтказган маҳкумлар орасида Абдулфаттоҳ Раимохунов ҳам бўлган.

- Биродаримизнинг Жаслиқ қамоқхонасидан майити келган эди. Оти Абдулфаттоҳ. Қазо қилган экан олиб келишди. Кеча қўйилди. 1997 йилдан бери ўтирарди. 19 йилга қамалган эдида.

Озодлик: Нимада айблашган эди?

- Диний мотивда. 159да. Ноябр ойида жуда қаттиқ қийноқлар бўлибди деб нималар бўлувдику. Ўшанда жазоланганда. Ўшанда Жаслиқда ўша отрядда бўлган эканда. Ўшанда Абдулфаттоҳ ҳам ўша ерда эди. Ўшандан кейин нима бўлдида бу бола. 11 январ куни майити келди, деди марҳаматлик Қобулжон ака.

Суҳбатдошимиз¸ Абдулфаттоҳ Раимохуновнинг Жаслиқдаги қийноқлар натижасида ўлганлигини тахмин қилади.

- Қийнашган эканда.

Озодлик: Майит танасида қийноқ излари бор эканми?

- Кўрсатишмабди ҳам уни. “Кўзи кўриниб турибди¸ холос. Бошқа ҳамма ери берк” деди. Ўраб олиб келишган. Оилаларига кўрсатганда ҳам кўзи очиқ ҳолатда бўлган¸ холос. Участка нозири бўлди ўша ерда. Олиб келишди. Кейин олиб бориб тупроққа қўйилдида, деди Қобулжон ака.

Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи Қуролбой Бердиев 30 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда ўз назоратидаги жазони ижро этиш муассасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги хабарларни бутунлай инкор қилган эди.

Озодлик 6 январ куни Навоий қамоқхонасидан жасади чиққан тошкентлик 32 ёшли маҳбус Улуғбек Ғофуровнинг ўлими сабабларини ўрганиш борасида Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Шодиев номига хат йўллаган эди.

12 январ куни яна ушбу ташкилотга мурожаат қилиб, ўша хат жавоби ва Абдулфаттоҳ Раимохунов ўлими сабабларини сўрадик.

Ташкилот ходими биринчи хатимизга бир ой ичида ёзма жавоб бўлиши¸ Абдулфаттоҳ Раимохунов ўлими бўйича ҳам ўзларига ёзма мурожаат қилишимиз шартлигини билдирди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳисоб-китобича¸ ўтган йил давомида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар оқибатида 40 қа яқин маҳкум ўлган.
XS
SM
MD
LG