Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Милиция сержанти: Марҳаматда ноҳақлик бўлаяпти


Марҳаматлик милиция сержанти кўзи ожизларга нисбатан ноҳақлик бўлаётгани виждонини қийнаб юборганини айтади.
Марҳаматлик милиция сержанти кўзи ожизларга нисбатан ноҳақлик бўлаётгани виждонини қийнаб юборганини айтади.

Марҳаматда 100 га яқин кўзи ожиз кишини иш билан таъминлаб турган бино икки шахс томонидан ноқонуний равишда тортиб олинмоқда ва бундан норози бўлган ногиронлар бугун бино олдида йиғилиб, бу ноҳақликка чора кўрилишини талаб қилди.

Андижон вилояти Марҳамат туманидан қўнғироқ қилган ва ўзини ички ишлар ходими, милиция сержанти, деб таништирган йигит Озодликка туманда кўзи ожизларга нисбатан бўлаётган ноҳақлик ҳақида хабар берди.

Табиийки, бу киши исмини сир тутишимизни сўрагани боис, унинг шахсига оид маълумотларни ошкор қилмаймиз.

- Ўзбекистонда яна кичкина раҳбарлар томонидан ноҳақлик бўлаяпти. Марҳамат туманида кўзи ожизлар жамияти бор. Шу жамиятга 350 та одам аъзо бўлган. 350 та одам фойдаланиб турган 8 сотихли ер биносига эга бўлган идорани Абдуғаффор деган одам билан Козимжон деган одамлар қалбаки документ қилиб олишган. Улар “биз сотиб олганмиз”, деб талашишаяпти. Бу кўзи ожизлар президентга ëзишибди. Марҳамат туманининг ҳокими: “ҳаракат қилаяпмиз”, деяпти. У одам ҳаракат қилгани билан амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти. Бугун пожарний келди, милициялар бўлди шу ерда, докторлар, тез ëрдам, маҳалла комитети - ҳаммаси кўзи ожизларга қарши тураяптики, суд қарор чиқарган. “Чиқиб кетинглар бу бинодан” деб, ташқарига ҳайдашаяпти.

Озодлик: Пожарнийлар, маҳалла комитетларининг бориб олишига сабаб нима?

- Юзлаб одамлар тўпланаяпти, агар жанжал чиқса, ëрдам бериш мақсадида ëки бошқа мақсадда келдида улар ҳам.

Озодлик: Воқеага гувоҳ бўлдингиз-а сиз?

- Воқеага гувоҳ бўлдим. Кўзи ожизлар: “Президентга бизнинг оҳларимиз етмаяпти” деб жуда ҳам хафа. Яна Абдуғаффор келиб: “Бу ерни бузаман мен, сотиб олганман, сенлар қаерга чиқсанг чиқавер”, деяпти. 350 та кўзи ожизнинг тақдири билан у қизиқмаяпти.

Озодлик: Сиз мана ички ишларда ишлайсиз. Ўзингизга яраша ваколатларингиз бор. Сиз бориб ҳужжатингизни кўрсатиб, “Қани кўрсатинглар ҳужжатларни” дейишга ҳаққингиз борми-йўқми?

- “Кўрсатаман, уйимда бор” деяпти. Ëзда ҳам уйида эди, ҳозир ҳам уйида.

Озодлик: Сизлар куч ишлатар тузилмалар ҳисобланасизлар. Агар одам қонунга бўйсунмаса, ҳақиқатан ҳужжати қалбаки бўлса, сизда куч қўллаш, уйига бориб тинтув ўтказиш ҳаққи бор-ку тўғрими?

- Тўғри.

Озодлик: Нимага шунақа чора кўрилмаяпти? Масалан, сиз ўзингиз шунга ҳаракат қилсангиз бўлмайдими?

- Мен ҳаракат қилсам, биз энди кичкина одамлармиз. Бунинг орқасида биласизми, Абдуғаффор қанча биноларни сотиб фойдаланди, қамалиб чиқди, бошқа бўлди. Лекин бу одам ўзига хулоса чиқармаяпти. Мен энди ўзларидан сўрадим. Буларга раҳмим келиб, “Нима гап?” деб сўрадим. Фойда бўлмаяпти ҳозирча.

Озодлик: “Раҳмим келди кўзи ожизларга” деяпсиз.

- Албатта раҳмимиз келади-да. Ўзингиз ўйланг, Худо буларни ногирон қилиб қўйган бўлса, шунчалик булар ишласа, кўриб туриб виждоним қийналаяпти-да. Мен мажбур нима қилаяпман. Майли, мени қамасин ëки ишдан бўшатишсин, лекин ўзингиз ўйланг - ҳаммамиз инсонмиз-ку. Пулни деб, тирикчиликни деб, виждонимизни сотмаймиз-ку. Мен, ҳеч бўлмаса, сизларга телефон қилсам, бутун дунë эшитади, президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳаммаси эшитади-да, ўтган сафаргига ўхшаб бости-бости бўлиб кетади, деган умидда сизларга телефон қилаяпман.

Озодлик: Мен сизга ишонсаммикан-ишонмасаммикан, деб турибман. Чунки ички ишлар структурасида ишлаб туриб, сизга ўхшаб кичкина унвони бўла туриб, бизга қўнғироқ қиладиган милиционерлар деярли бўлмаган. Бунақанги катта жанжал ортидан хабар берадиганларини мен шахсан учратмаганман. Шунинг учун мен ҳайрон қолаяпман. Сизни нима турткилади бизга мурожаат қилишингизга?

- Мен буларнинг кўпини танийман-да. Буларнинг ичида яхши инсонлар кўп. Буларнинг биносида ҳам турганмиз бир пайтлар.

Озодлик: Фақат раҳмингиз келгани учун, шуларга нисбатан адолатли қарор бўлсин, деб бизларга телефон қилаяпсиз, шунақами?

- Биз ўша ерда тинчлик сақлаб турдик. Кўзи ожизлар, катта-катта оқсоқоллар, ëш аëллар, болалар жамики кўзи ожизлар тўпланишди-да ўзларининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун. Бизнинг ички ишларда ҳам яхши, раҳмдил инсонлар кўп-ку, - дейди Ички ишлар бўлимида ишлайдиган ва сержант унвони бўлган орган ходими.

Марҳаматлик милиция сержанти берган бу хабарга биз очиғи шубҳа билан қарадик ва сўнгра Ўзбекистон ногиронлар жамиятининг Марҳамат тумани бўлими билан боғландик.

Бўлим мутасаддилари милиция сержанти берган маълумотларнинг ҳаммасини тасдиқлади. Шунингдек, бўлим раҳбарияти жума куни туман ҳокими билан айнан шу масалада алоҳида учрашув белгилангани ва бино ана шу учрашувдан сўнг ногиронларнинг ўзида қолишига ишончи комил эканини айтди.

Биз эса овозини ёзиб олишимизни истамаган бу мутасаддининг ҳоким билан учрашуви тафсилотларини ўрганишга ва бу ҳақда сизга хабар қилишга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG