Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

"Ўз тараққиëт йўли бор Ўзбекистоннинг"


Президентнинг "оғир" китобларини алифбони энди ўрганаётган биринчи синф ўқувчилари тушунармиди, дейди андижонлик ўқитувчи.
Президентнинг "оғир" китобларини алифбони энди ўрганаётган биринчи синф ўқувчилари тушунармиди, дейди андижонлик ўқитувчи.

Бугун "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган мухлисларимиздан бири мактабда бошланғич синф болаларига президентнинг асарлари ўқитилаётганидан норози бўлса, бошқа тингловчимиз президентга арзини етказмоқчи бўлди. Хоразмда эса Бухорий номидаги ароқ дўкони очилди.


Хўжакўрсинга "Юксак маънавият"

Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қиладиган Жаҳонгир исмли йигит Ўзбекистонда тобора президент Каримов шахсига сиғиниш кучайиб бораётгани, мактабларда, ҳатто бошланғич синф ўқиувчиларига ҳам Каримов ёзган асарлардан машғулотлар қўйилгани ҳақида сўзлади.

- Ҳаттоки мактабларда унинг асарлари энг асосий фанга кўтарилди. Мен ўзим география, иқтисоддан дарс берганим учун менга шунақа фан бердики 2011 йилдан бошлаб, президент асарларини ўтиш вазифаси юклатилаяпти. Раҳбариятга “Мен бу фанни ўта олмайман. Бола ҳали уни тушунмайди. 5-6-7-синф боласи” дедим. Президент китобларини оладиган бўлсангиз, жуда оғир китоблар. “Мафкура ҳақида, иқтисод, халқаро ҳаëт қийинлик қилади” десак, “Йўқ¸ ўтасизлар мажбур” деяпти.

Озодлик: Нечанчи синфдан бошлаб ўтилаяпти президентнинг китоблари?

- Мактабда 1-синфдан бошлаб ўтилади.

Озодлик: 1-синфга қайси асарини ўтади?

- 1-синфда "Юксак маънавият" ўтилади.

Озодлик: 1-синфдая? Адашмаяпсизми?

- Тўппа-тўғри! 1-синфда ҳам ҳафта бир соат "Юксак маънавият" ўтилади. 5-синфдан бошлаб ҳафтасига икки соатга айланади.

Озодлик: Ўша асар.

- Худди шу. "Юксак маънавият" тўлиқ номи.

Озодлик: Аниқми бу?

- Аниқ. Худди шу китоб. Лекин 2-синфда қўшилади. Масалан, "Баркамол авлод", "Ўз тараққиëт йўли бор Ўзбекистоннинг" деган китоблар қўшилаверади. Ўқитувчи шунга мажбур қилинади. Текшириш келса, мактабларда, энг биринчи президент асарлари фани очилади, конспекти кўрсатилади. Бу ўрта таълим мактабдаги. Энг комедияси институтда ҳозир. Бу ëш авлод бошқа оқимларга қўшилиб кетмайди шу билан деган фикр борда. Ҳамма конспект ëзади дарсга киришдан олдин. Хўжакўрсинга ëзилишини билади ҳаммаси. Дарсларда ўзлари тушунмаган нарсани болаларга тушунтира олмайди,- дейди Андижон шаҳридаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қиладиган Жаҳонгир исмли йигит.


Президентимиз айтяпти-ку...

Гулистонлик ўқитувчи Ҳазратқул Эрназаров ўзининг ноҳақ ишдан бўшатилгани ҳақидаги арзини Озодлик орқали президент Каримовга етказиш умидида қўнғироқ қилганини айтади.

- Касаллик вақтимда “мажбурий ариза ëзиб берасан, ишдан кетасан” деганда. Бир ҳафта касал бўлганман.

Озодлик: Бир ҳафта касал бўлганингиз учун ариза ëздириб олишганми?

- Ҳа, касал бўлганим учун.

Озодлик: Нима учун ариза ëзиб бердингиз?

- Энди мажбур бўлдим, қўрқитдида. У қиламан, бу қиламан деб қўрқитдида. Шаҳар халқ таълимининг мудири ëздириб олган эди. Қўрқамиз энди. Раҳбарлардан қўрқмай бўладими.

Озодлик: Унда ҳозир қандай қилиб судлашаяпсиз? Эндин қўрқмаяпсизми демоқчиман?

- Энди ҳуқуқимни танидимда. У вақтда билмас эдим. Юравергандан кейин одам ўрганади экан, гаплашади экан. Мен ҳамма ëққа бораяпман. Ҳамма ташкилотга киритаяпман ўзимнинг ҳуқуқимни ҳимоя қилиб. Меҳнат қонуни катта қонун экан. Президент назоратида туради. Шуни ҳам инобатга олмаяптида булар. Фуқаролик судида кўрилаяпти. Даже беш марта анави Жалолов дегани кўраяпти. 2005 йилда кўрган эди. Процессуал кодексда ишни бир марта кўриши керакда судя. Бу муддатда ишга тиклашни ҳам кўраяпти, янги очилган ҳолатни яна ўзига ташладида. Эфирга кетса, зора президентимиз эшитиб қолса, ҳозир энди катта эътибор қилаяптида. Ҳаммага айтаяпти интернетни кўр, оч, қара деб. Кеча Самарқандда сессияда ҳам айтди. Шунга мен илҳомланиб, ўзимиз чиқа олмаймизку, сизлар орқали чиқмоқчиманда,- дейди Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан телефон қилган Ҳазратқул Эрназаров.


Бухорийнинг номини ароққа алмаштирдилар

Хоразм вилоятининг Урганч туманидан Озодликка сим қоққан Шомурод Рўзимбой ўғли Ислом оламидаги улуғ инсонларнинг номида ароқ дўкони очилганини эшитиб, дили ранжиганини сўзлади.

- Мен Хоразмдан Шомурод бўламан. Урганчданман. Бу ерда бизда масъулияти чекланган фирма дўкони очилибди. Ароқ, вино сотувчи дўкон деб ëзиб қўйибди. Бунинг исми Шоҳжаҳон Бухорий дебди. Бу жуда ҳам қизиқда. Бухорийнинг номини ароқ сотадиган дўконга қўйиб олишибди. Юқорида ўтирганлар ўйлаб кўришмайдими қанақа номни қаерга бериш кераклигини. Шундай эшитилиши яхшимасда,- дейди хоразмлик Шомурод.

************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG