Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:34

Ўзбеклар ўзини тузатмагунча¸ улар ҳоли ўнгланмас...


Бугунги ўзбек жамияти¸ муҳожир суҳбатдош фикрича¸ чуқур таназзулда.
Бугунги ўзбек жамияти¸ муҳожир суҳбатдош фикрича¸ чуқур таназзулда.

"Ота билан ўғилнинг иши йўқ. Биродар билан биродарнинг иши йўқ. Бунақа беоқибатлик, тарқоқлик, қўрқоқлик, иккиюзламачилик, хушомадгўйлик, лаганбардорлик, айғоқчилик урчиб кетган жамиятда қандай қилиб адолат, озодлик бўлиши мумкин?" дейди ўзбек муҳожирларидан бири.



Қавм ўзини ислоҳ қилмаса¸ Оллоҳ улар аҳволини ўнгламас...


Покистондан сим қоққан Ҳазрат Жўраев Озодликнинг кейинги бир неча кунги дастурида Ўзбекистон мухолифати ҳақида билдирилган айрим фикрларга эътироз билдирди.

- Мухолифат вакилларига нисбатан танқидий фикрлар кўпайиб қолди. Бир неча кун олдин Шароф Убайдуллаев айтдиларки, кеча ҳам андижонлик биродаримиз айтдилар, фикрларда жон бўлиши мумкин, аммо шунақа танқидий фикр билдираëтганларга бир саволим бор. Абдували қори акага ўхшаган қанча даъватчилар ë ҳуқуқ фаоллари ҳибсга олинди. Кимларнингдир ўлиги келаяпти. Уларни бу золим ҳукуматнинг чангалидан қутқариб олиш учун мана шунақа танқидий фикр билдираëтганлар нима иш қилдилар? Қанақа амал кўрсата олдилар? Четда юрган мухолифат вакиллари келиб, улар ҳам бир кун қўлга тушиб қийноқларга қолса, кейин нима бўлади? Ота билан ўғилнинг иши йўқ. Биродар билан биродарнинг иши йўқ. Бунақа беоқибатлик, тарқоқлик, қўрқоқлик, иккиюзламачилик, хушомадгўйлик, лаганбардорлик, айғоқчилик урчиб кетган жамиятда қандай қилиб адолат, озодлик бўлиши мумкин? Мана шу савол билан ўшаларга юзланмоқчи эдим ва Қуръони каримнинг Раъд сурасини юртдошларимизга эслатмоқчи эдим. Оллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта Оллоҳ ҳеч бир қавмнинг аҳволини яхши томонга ўзгартирмайди токи улар ўзларини ўзлари ислоҳ қилмасалар, дейди Покистонда муҳожиратда яшаëтган Ҳазрат Жўраев.


Фарғона- Қўқон йўналиши монополияга айланди....

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан сим қоққан Камолиддин Мамадалиев Қўқон-Фарғона йўналишидаги автобус қатнови қимматлаганидан норози бўлиб, бу ҳақдаги шикоятини президентга етказиб қўйишимизни сўради.

- Фарғона билан Қўқонга қатнайдиган автобус бор. Тендерда ютиб олган қатнаш ҳуқуқини.

Озодлик: Тадбиркорми у киши?

- Ҳа. Шундан кейин Қўқон-Фарғона йўлига 15тача автобус қўйган. Шу автобуслар бошида 500 сўмдан қатнар эди. Шуни бир баробарга кўтариб олди.

Озодлик: 1000 сўм бўлиб қолдими энди?

- Ҳа. Қўқондан Фарғонага ўзи 1500 эди. 3000 бўлиб қолди. Давлатнинг хабари йўқ. Ўзбошимчалик билан халқни қийнаб қўяяпти. Муомалалари ҳам жуда чатоқ. Катта ëшдаги опаларга ҳам, акаларга ҳам яхши муомалада бўлишмайди. Президентимизга сизлар орқали хабар бермоқчимиз. Бу ўзбошимчаларни тартибга чақириб қўйишларини сўраймиз, дейди олтиариқлик суҳбатдошимиз Камолиддин.


Россияда алдаганлар жазосиз қолаверадими?

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидан телефон қилган навбатдаги суҳбатдош Россияда ўзини сарсон қилган маҳаллий фирмалардан бири устидан шикоят қилди.

Ўктам Тиловов жами 42 кишилик гуруҳ бир фирма орқали Россияга ишга боргани, у ерда кўплаб алдовларга учрагани, ҳатто, алдов йўли билан 20 кун қамоқда ҳам қолганини айтди ва энди ҳақиқатни юзага чиқара олмай сарсон қолганидан нолиди.

- 2010 йил 24 феврал куни биз Россиянинг Иркутск шаҳрига жўнатилганмиз. Бизларни у ерда битта одам кутиб олиши керак эди. Бизларни Қарши шаҳридан жўнатишган эди. Иркутскка бориб ишладик. Ойлигимизни бермади. Бизлар қийналдик. Бизларга “Ҳозир сизларни чақирган одам қўлга тушди. Сизлар турмага ëтишларинг керак” деди. Бизлар кейин турмага тушдик. Красноярск шаҳрининг марказида турмаси бор экан.

Озодлик: Нимага турмага ëтиш керак деди? Жиноят қилган одам турмага ëтадику.

- Бизларни чақирган, бизларга иш берган одамларнинг устидан суд юритиб бизларга ойликларни олиб бериш учун шу гапни айтишди. Биз ўшанга кўниб 24 кун ўша ерда ëтдик. 2010 йил 11 май куни бизларни уйга жўнатишди.

Озодлик: Турмада ëтиб чиққандан кейин иш ҳақингизни ололдингизми?

- Йўқ. Ана шу сабабли мен сизларга чиққан эдим.

Озодлик: Сизларни шу аҳволга солган одамлар жазоландими ëки жазоланмадими?

- Ҳеч қандай жазо-пазо бўлгани йўқ уларга. Қамоқхонадан чиққанимиздан кейин биз билан ҳеч ким гаплашмади.

Озодлик: Депортация қилдими?

- Ҳа. Бизларни жўнатган жойга бордик. Бизнинг ишимизни кўришдан бош товлашаяпти. Эртага суд тугайди, индинга суд тугайди, май ойидан бери шу билан курашиб келамиз. Бизларга ҳеч қандай нажот бўлмаяпти. Бизлар 42 киши¸ дейди Ўктам Тиловов.


Менга ҳам ëрдам беринглар....

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан телефон қилган Муҳайё Исмоилова эса юрак хасталиги боис ўзинга 2 йил муқаддам мураккаб жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, аммо давлатнинг ижтимоий ҳимоясига муҳтож бўлган бу аёл ҳануз амалиётдан ўта олмагани учун кундан кунга аҳволи оғирлашиб бораётганини сўзлаб, кўмак сўради.

Муҳайё Исмоилова Ўзбекистонда ногирон бўлгани ҳолида давлат томонидан етарли даражада ҳимояга олинмаганини айтиб мурожаат қилаётган кўплаб тингловчиларимиздан биридир.

- Ëшим 42да. Икки йилдан бери операция қилиши керак. Шунга озгина қийналиб турибманда. Юракни очамиз дейишаяпти. Шунга қурбимиз етмаяпти.

Озодлик: Боқувчиларингиз борми?

- Йўқ. Ўзим қўшни давлатдан келин бўлиб келган эдим 1991 йил. Ëрдам берсак, 100 доллар ëрдам берамиз, бошқа ëрдам бера олмаймиз дейишади. Турмуш ўртоғим бор. Армияга бориб ногирон бўлиб келганлар.

Озодлик: Фарзандларингизчи?

- Фарзандларим иккита. Юрагим порог бўлгани учун иккаловини ҳам операция қилиб олган. Каттаси 18 ëшда, иккинчиси лицейда ўқияпти.

Озодлик: Давлатдан қанақадир ижтимоий ëрдам оласизми?

- Бир йил бўлгани йўқ мени 75 минг билан группага чиқаришган мени. Ҳаммасига мурожаат қилаяпмиз. Энг ками 5 миллион кетади дейишаяпти. Шунга кучимиз етмай турибдида. Ëрдам берамиз, барибир шунча кетади дейишаяпти. Униси бу ëққа бор, буниси у ëққа бор дейди. Аниқ жавоб ололмаймиз. Сизлар ëрдам қила оласизларми¸ деб илтимос қилмоқчи эдимда, дейди сурхондарëлик Муҳайë Исмоилова.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG