Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:22

Arbuz.com блоггерлари озодликка чиқарилдими?


Норасмий манбанинг Озодликка билдиришича, тўрт ой муқаддам ҳибсга олинган тўрт форумчи йигит бундан бир ҳафта муқаддам озодликка чиқарилган. Аммо на бу форумчиларнинг ҳибсга олингани ва на уларнинг озод этилганига оид расмий маълумот йўқ.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида сўзлашувчи зиёли ўзбек ёшлари орасида жуда оммалашиб кетган Arbuz.com тўрт форумчисининг бир ҳафта муқаддам озод этилгани ҳақида форумнинг хориждаги фаол иштирокчиларидан бири Қурбон Абдуҳолиқов Ўзбекистон ичкарисидаги норасмий манбаларга таяниб Озодликка хабар берди.

- Мен форум иштирокчиларидан бир нечаси ҳибсга олингани ва ҳозир озодликка чиқарилгани ҳақидаги гапларни эшитдим. Менда буни тасдиқловчи аниқ далиллар йўқ. Лекин факт шуки, бу интернет форумнинг Ўзбекистондаги иштирокчилари кузатувга олинган, форумнинг ўзи эса блок қилинган, деди Озодлик билан суҳбатда форумнинг хориждаги фаол иштирокчиларидан бири Қурбон Абдуҳолиқов.

Ҳозирча Arbuz.com интернет форуми маъмурияти ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аслида ҳам сўнгги ойлар ичида форумдаги фаоллик бироз сустлагани кузатилди ва Қурбон Абдуҳолиқов буни сафдошлари ҳибсга олингани ортидан арбузчиларда пайдо бўлган хавотир билан изоҳламоқда.

- Бу йигитларнинг нега ҳибсга олингани сабаблари ва қандай озод қилингани тафсилотлари менга маълум эмас. Аммо уларнинг шу форум орқали турли ижтимоий-сиёсий ва бошқа мавзуларда ўз фикрини эркин билдиргани бунга сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман, деди Arbuz.com форумининг Ўзбекистондан ташқаридаги фаол иштирокчиларидан бири.

Шунингдек, бу суҳбатдошимиз Arbuz.com форуми аввал ҳам Ўзбекистонда муттасил назорат остида бўлгани ва бу саҳифа блок қилиб келингани ҳақида сўзлади.

- Мен эшитганман ва йигитлар ҳам буни тасдиқлашган, яъни, Arbuz.com Ўзбекистонда блок қилинган ва фойдаланувчи йигитлар бу форумга прокси сайтлар орқали киришар эди. Бу форумнинг маъмурияти эса Ўзбекистондан ташқарида ўтиради ва сўнгги пайтлардаги воқеалар боис анча эҳтиёткорона йўл тутмоқда, деди Қурбон Абдуҳолиқов.

Arbuz.com интернет форуми ўзбек, рус ва инглиз тилларида сўзлашувчи зиёли ўзбек ёшлари орасида жуда оммалашиб кетган форумлардан бири эди.

Унда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар билан боғлиқ ижтимоий-маданий, илмий ва спортга оид мавзулар билан бир қаторда ўзбек расмий матбуоти тилга олмайдиган ҳамда мустақил ахборот манбаларида эълон қилинган сиёсий мавзуларда ҳам кўплаб форумлар бериб борилар эди.

Қурбон Абдуҳолиқов Arbuz.com интернет форумини Ўзбекистон ва Ўзбекистон ташқарисидаги зиëли ўзбек ёшларининг эркин фикр алмашинувига бўлган улкан эҳтиёжи маҳсули, деб баҳолайди.

- Бу форумда Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги сиёсий вазият, халқаро майдондаги сиёсий вазият жуда қизғин муҳокама қилинар эди. Бундан ташқари, диний масалалар ҳам жуда фаол тилга олинар эди. Бошқа айтганда, Ўзбекистон ва ўзбекларнинг келажагига оид кўплаб муҳим масалалар хусусида иштирокчилар ўз конструктив мулоҳазаларини дадил тилга олар эдилар, деди суҳбатдош.

Бундан ташқари, Arbuz.com интернет форуми иштирокчиларининг кейинги йилларда ўзаро учрашиб, гуманитар ёрдам уюштириш билан шуғуллангани ҳам кузатилди.

Бу ҳақда Arbuz.com форумининг ўзида ҳам ҳисоботлар бериб борилди.

- Улар ўзлари яшаб турган ҳудудларда гуруҳларга бирлашиб, учрашишар эди. Флэш-моблар уюштиришаётган эди ва бу кўпроқ гуманитар ёрдам тарқатишга қаратилган эди, дейди Қурбон Абдуҳолиқов.

Суҳбатдошимиз фикрича, оддий блоггерларнинг интернет тармоғидан четга чиқиб, реал ҳаётда уюша бошлагани ва гуманитар ёрдам акциялари билан халқ орасига кира бошлагани Ўзбекистон ҳукуматини чўчитган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG