Шу пайтгача Хайрулланинг авф этилганига ишониб келган яқинлари, куни кеча қамоқхонага бориб, журналист билан учрашиб қайтгач шундай хулосага келишди.
Унинг турмуш ўртоғи Дилноза Ҳамидова Озодлик билан суҳбатда эрининг кайфияти яхши эканлиги, унинг сентябр ойида албатта авф этилишидан умид қилаётганликларини айтади.
- Уч кун олдиларида бўлдик.
Озодлик: Болаларингизни ҳам олиб бордингизми?
- Ҳаммасини олиб боришга имконият йўқ. Мактаби бор. Учта фарзандимиз бор. Иккита ўғил, битта қиз. Учалови ҳам мактабга чиққан. Каттам 5-синф, қизим 4-синф, кичкина ўғлим 1-синф. Катта ўғлим Абдуллоҳни олиб бордим. Дадаси қамалгач у жуда сиқилиб қолди. Шунинг учун уни олиб бордим. Дадаси билан иккаласи шунақа нима гаплашишади. Қизим билан кичкинам ҳали барибир ëшда. Сиқилади, йиғлайди соғиниб. Лекин каттамга жуда катта таъсир қилаяпти. Айни дадасидан кўп нарсани ўрганадиган пайти ҳозир.
Озодлик: Хайрулланинг аҳволлари қанақа экан, кайфиятлари қандай?
- Яхши, кайфиятлари ҳам зўр. Клубда ишлаëтган эканлар режиссëр бўлиб. Маҳбусларга интермедиялар, нималар қўяяпмиз дедилар.
Озодлик: Амнистияга тушиш масаласи нима бўлибди? Чунки амнистияга тушди деб кутаëтган эдингизлар.
- Йўқ, тушмаптилар амнистияга. “Тушганда чиқариб юборишардию. Бу ерда бу статя бўйича ҳеч ким чиқмади. Энди сентябрни пойлаймиз. Худо хоҳласа сентябрда янгилик бўлиб қолар” дедилар.
Озодлик: Қамоқхонада Озодлик радиосини эшитишар эканми?
- Эшитишар экан. Эшитаман дедилар.
Озодлик: Қамоқхонада Хайруллага нисбатан муносабат қанақа экан?
- Яхши. “Ҳеч ким менга нима қилмайди. Хўжайинлар ҳам ҳаммаси яхши. Яхши ишлаяпман. Шароитлар яхши” дедилар.
Озодлик: Шароити яхши эканми?
- Ҳа. “Қўлларини ҳам теккизишмади, уришмади. Менга яхши муомала қилишди. Унақа нима бўлмади” дедилар. Кўринишлари ҳам яхши. Олдингига нисбатан ўзларини ушлаб нима қилганлар. Тўғри уйдагидаймас, очиқда юргандай бўлмайдию, лекин аҳволлари яхши. Хурсанд бўлиб келдик кўриб. Бизга ҳамма қўйган интермедияларини гапириб бериб, кулдириб “бунақа қилдик, унақа қилдик” деб ҳазил-ҳузил қилиб “актëр бўлиб чиқаман шекилли” деб кулдилар.
Озодлик: Спектаклга режиссëрлик қилаëтган эканми?
- Ҳа. Сценарийлар ëзаëтган эканлар. “Сценарийлар ëзиб саҳналаштираяпмиз. Маҳбуслар тўғрисида шеърлар ëзаяпман. Яқинда наркотикка қарши тадбир ўтказдик. Роса зўр бўлди. Шеърлар ëздим. Ўша ерда ўтирган маҳбуслар ҳам йиғлаб юборди ўқиган шеърларимга” дедилар.
Озодлик: Демак, Хайрулла қамоқда ҳам ижод қилаяпти.
- Тўхтатмаганлар ижодларини, ижод қилиб ëтибдилар. Ҳозирги қилаëтган ижодлари вообше, юрак юракка тегадиган бўлаяпти.
Озодлик: Ëзган шеърларидан битта-иккита бериб юбордими?
- Бор, бор.
Озодлик: Бирортасини ўқиб беринг.
- Озгина ҳаяжон билан ўқийман энди. Буни маҳбусларга ëзибдилар ўша ерда. Маҳбусларга соғинч хати. Ўшани ўқиб бераман.
Ҳаммамиз соғинчда, ҳаммамиз уйда,
Нимадир етишмас байрамда, тўйда,
Бировга билдирмай ўз ўзларича,
Ақраболаримиз йиғлашар уйда.
Урфда бор балки қондош, саралаш,
Бир дилни шод этмак ëки яралаш,
Тўйга ҳам чорлайди алам аралаш,
Хешимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Ëшликдан суйдингиз акажон дея,
Мен учун куйдингиз акажон дея,
На қилиб қўйдингиз акажон дея,
Синглимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Укажон муштоқмиз аëнларингга,
Сўзлаб бераяжак баëнларингга,
Нима дейман энди жиянларингга,
Опамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Қалби ëнар, чекади фироқ,
Айтинг бунчалар ҳам кетдингиз йироқ,
Қўллари қалтираб ўчирар чироқ,
Аëлимиз йиғлар соғиниб зор-зор.
Кимдир ғиштда ишлар кимдир оҳакда,
Дийдор дийдормиди қисқа гўшакда,
Бир жой бўш туради доим тўшакда,
Аëлимиз йиғлар соғиниб зор-зор.
Изтироб даҳшати юракни еди,
Лаблари пичирлаб бир нима деди,
Келгунингча кетиб қолмасам эди,
Бувимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Кексалик чоғида қадалди тикан,
Нуқул битта гапни дегани деган,
Болам боролмадим йўл узоқ экан,
Бувимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Отасиз яшашнинг азоби ëмон,
Отажон қайтинг дер кўзлари гирëн,
Нима қиларини билолмай ҳайрон,
Ўғлимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Жажжи кўнгли сезар дил фироғини,
Аламдан отади гул тароғини,
Ўйнагиси келмас қўғирчоғини,
Қизимиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Билмасди синовнинг бундоқ шартини,
Олтмишга кирганда ҳаëт зарбини,
Ўзими кўтариш ўғил дардини,
Отамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Кўринишдан гўë қонлар ютмайди,
Лек қалби улғаяр не дард битмайди,
Тўйга зўрға борар ош ҳам ўтмайди,
Отамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Кўча тиқ этганда термулар бедор,
Тўлиқ кўринмайди кўзига қатор,
Бунчалар аламли бўлмаса дийдор,
Онамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Уйда қолиб ҳамма сарсара кийим,
Кузга бошқа кийим, баҳора кийим,
Бугун эгнимизда қоп-қора кийим,
Онамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Энди қандай ухлар юрак тўла чўғ,
Ҳар нигоҳ санчилар кўнгилга бир ўқ,
Уч ойлик дийдордан бошқа далда йўқ,
Онамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Бу гўзал дийдордан маҳруммиз бугун,
Номимиз қародир маҳкуммиз бугун,
Оҳ ким эдик олдин, оҳ ким эдик бугун,
Онамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Вужуди титрайди ëнади тани,
Кўз ëш йўл тополмас қайга оққани,
Соч қўйган болам-а сочларинг қани,
Онамиз соғиниб йиғлайди зор-зор.
Қаранг биз кимларни йиғлатиб кетдик,
Маъюс дилларини тиғлатиб кетдик,
Негаям адашдик жиноят этдик,
Ақраболаримиз йиғлайди зор-зор.
Оқланамиз ҳали Ўзи хоҳласа,
Қучамиз осмоннинг қуëшларини,
Озодликка қайтсак Худо хоҳласа,
Артамиз ҳамманинг кўз ëшларини,
Бошқа синамаймиз бардошларини,.
35 ёшли Хайрулла Ҳамидов бир неча йиллар мобайнида “Ўзбекистон футболи”, республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Кейинги пайтда у футболга бағишланган “Интерфутбол”, “Чемпион” газеталарида ўзининг қизиқарли, танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.
Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттириши, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.
Хайрулла Ҳамидов ўтган йилнинг 21 январ куни ҳибсга олинган эди.
27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди Хайрулла Ҳамидовни "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг зудликда озод этилиши талаб қилган.