Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Ўшдаги куйиб кетган мактабнинг ўқувчилари чойхонада ўқимоқда


Қирғиз расмийлари Ўшда июн қирғини чоғида ёқиб юборилган Ҳамза мактаби ўрнига янги бино қуриш имконлигини айтмоқдалар.
Қирғиз расмийлари Ўшда июн қирғини чоғида ёқиб юборилган Ҳамза мактаби ўрнига янги бино қуриш имконлигини айтмоқдалар.

Ўш шаҳрининг Амур Темур шаҳарчаси Бешкапа ҳудудидаги чойхоналардан бири июн воқеалари чоғида куйиб кул бўлган Ҳамза номидаги мактаб филиали сифатида қайта қурилди ва 16 февралдан бошлаб расман ишга тушди.

- Мактабда 2 сменада 250 ўқувчи ўқияпти. Иккита синф 3 сменада ўқишади. Биз олдинига 1-синфдан 4-синфгача ўқитишни мўлжаллаган эдик. Кейин ота-оналардан 8-синфгача бўлган ўқувчиларни ўқитиш талаби тушиб, ҳозир 8-синфгача ўқитаяпмиз. Ҳозирча хоналаримиз етарли, яна иккита хонани қўшимча таъмирлаяпмиз, - деди Ҳамза мактаби директори Одилжон Турғунов.

Унга кўра, мактабда ўқувчилар учун ўқув қуроллари етарли, бироқ дарслик етишмайди. Одилжон Турғуновнинг айтишича, Қирғизистон таълим вазирлиги куйиб кетган Ҳамза мактаби учун китоблар ажратган ва бу китоблар ҳозирда ўқувчиларга тарқатиб берилган.

Ҳамза мактаби 2010 йил июнида қуролли оламон томонидан ёқиб юборилган. Ўқув йили бошланганида эса мактаб ўқувчилари Ўшнинг бошқа мактабларига бориб ўқишга мажбур бўлишган. Бироқ уйидан узоқда жойлашган мактабларга бориб ўқиш хавфли бўлгани сабабли ота-оналар ва ўқитувчилар ўз худудидаги чойхоналарнинг бирини мактаб филиали сифатида қайта таъмирлашган.

Кейинчалик мактаб таъмирига ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти ва маҳаллий ҳокимият ёрдам кўрсатиб, чойхона мактаб филиалига айлантирилган.

Бироқ фарзандлари уйидан узоқда жойлашган мактабга бориб ўқишга мажбур бўлаётган бошқа ўқувчиларнинг ота-оналари ўз фарзандлари хавфсизлигини ўйлаб, уйида тинч ўтира олмаяпти.

Ҳамза мактабида аввал тўрт фарзанди таълим олган ота-оналардан бири айни пайтда фарзандлари уйидан анча узоқда жойлашган мактабда ўқиётганини айтар экан, айрим ота- оналар Қирғизистон ҳукуматига ёниб кетган мактабнинг ўрнига янгисини қуриб бериш талаби билан мурожаат қилишмоқчи эканини айтади.

- Ота-оналар, жумладан, мен ҳам болаларимиз уйдан узоққа бориб ўқишаётганидан норозимиз. Шунинг учун янги ҳукуматга болалар учун янги мактаб қуриб бериш талабини қўймоқчимиз, - дейди ўшлик суҳбатдошимиз.

Бироқ Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Асан Артиқбаев Ҳамза мактабининг ўрнига янги замонавий мактаб қуриш имкони йўқлигини айтади:

- Ҳамза мактаби яқинидаги худудларда янги мактаб қуришга шароит ҳам, ер ҳам йўқ. Ёниб кетган Ҳамза мактабининг ўрнига ҳам янги замонавий мактаб қуриш имкони йўқ. Мактабнинг ери архитектура талабларига жавоб бермайди, - деди Асан Артиқбаев.

Унга сўзларига Ҳамза мактаби директори Одилжон Турғунов ҳам қўшилади:

- Эски Ҳамза мактаби қадимги мактаблардан бири бўлиб, у ернинг майдони 0.57 сотих. Бир томонида Увом сойи бор. Катта сой бу. У сойни бошқа ёққа жилдиришнинг иложи йўқ. Бир томонида катта йўл бор, Юго-Востокка кетган йўл. Шунинг ҳисобига эски еримизни кенгайтиришнинг иложи йўқ. Бугунги давр талабида стандарт мактаб қурилиши учун бир гектардан ошиқ ер бўлиши керак экан. Унинг стандарт стадиони, спорт зали бўлиши керак, - дейди Одилжон Турғунов.

Унинг айтишича, июн воқеаларидан кейин янги мактаб қурилиши учун Қирғизистон ҳукумати томонидан пул ажратилган. Аммо ҳозирча мактабнинг қаерга қурилиши номаълум бўлиб турибди.

Айтиб ўтиш керакки, ёниб кетган Ҳамза номидаги 13-мактабда жами 700 дан ортиқ ўшлик ўзбек фарзандлари таълим олган. Ҳамза мактаби ёндириб юборилган июн воқеаларидан кейин мазкур мактаб ўқувчилари шаҳардаги олти мактабга тақсимланганди.
XS
SM
MD
LG