Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 04:20

Ўш мэри Худойбердиев даъволарини рад этди


Мэлис Мирзақматов.
Мэлис Мирзақматов.

Озодлик билан суҳбатда Халил Худойбердиев ўз хусусий мулки - "ЎшТВ"ни шаҳар ҳокими Мэлис Мирзақматов қандай қилиб тортиб олгани тўғрисида батафсил ҳикоя қилганидан сўнг¸ мэр ўзига қўйилган айбларни инкор қилди.


Ўтган ҳафтада "ЎшТВ" телекомпанияси эгаси Халил Худойбердиев билан ўтказилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилган эдик.

Суҳбат давомида пайдо бўлган баъзи саволларни Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири куни кеча Ўш шаҳар мэри Мэлис Мирзақматовга берди.

Мирзақматовнинг жавобларини сўзма-сўз таржима қилдик, унинг нутқи стилистикасини ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилдик.

Демак, биринчи савол:

- Халил Худойбердиевнинг айтишича, сиз унинг мулки -"ЎшТВ"ни тортиб олганмишсиз?

- У кишининг чет элга бориб олиб мени қоралаётгани сабаби, мен 17 май куни у кишини, у бошқариб турган телекомпанияни, шунингдек, бир қатор маҳаллий ва марказий телеканалларни қаттиқ танқид қилган эдим. Сабаби ўша вақтдаги вазият кескин бўлиб тургани учун тилга олинган телекомпанияларга оловга мой сепманглар, тўғри мафкура олиб боринглар, халққа тўғри тушунтиринглар, деб шаҳар ҳокими сифатида қаттиқ танқидий фикр билдирганман. Энди мамлакатдан ташқарига чиқиб олиб, минглаб одамларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлганини мендан чиқараётгани тўғри эмас. Ёлғон гапираяпти, деб ҳисоблайман мен. Шуни айтиб ўтмоқчиманки, июн воқеаларига бевосита алоқаси бор, деб ҳисобланиб бу киши устидан бош прокуратура иккита жиноят иши қўзғатган. Бу шунчаки ўч олиш, деб ҳисоблайман, деди Мэлис Мирзақматов.

Ўш шаҳри мэрининг айтишича, "июн воқеаларига бевосита алоқаси бор, деб ҳисобланиб бу киши (Халил Худойбердиев) устидан Бош прокуратура иккита жиноят иши қўзғатган". Ҳокимнинг бу иддаоси юзасидан Қирғизистон прокуратурасидан маълумот олишга улгурмадик.

"ЎшТВ" ва унинг раҳбарини бошқа ТВлар қаторида айблар экан, шаҳар мэри, афтидан, "ЎшТВ"нинг июн воқеалари арафасидаги кўрсатувларини назарда тутаяпти.

Биз тунов куни ўтказганимиз суҳбат чоғида Худойбердиевдан ўша кўрсатувлар тўғрисида ҳам сўраган эдик.

Озодлик: 2010 йил май, Жалолобод. Орадан 8-9 ой ўтди. Ўшандан бери қирғиз журналистлари, қирғиз сиëсатчилари Қодиржон Ботировни ва улар қаторида ЎшТВни, МезонТВни айблаб келади. Қодиржон Ботиров ўтказган митингларни соатлаб кўрсатган ва ана шу кўрсатувлар ҳам июн ойидаги воқеаларнинг асосий сабабчилари бўлиб қолди¸ дейишади.

- Биринчидан, мен сизга вазиятни тушунтирдим. Асосий ана шу вақтдаги воқеалар Жалолободда кўпроқ бўлди май ойида. У захват, бу захват, администрацияни бўшатишди, яна қайталаб олишди, бошқа бўлди. Бу орада, Ўшда жалолободликларнинг қариндошлари кўп эди, кўп ҳозир ҳам, телефонда хабар келиб турдида у бўлаяпти, бу бўлаяпти. Ваҳима бўлдида. Бу битта нарса.

Иккинчи нарса, бу орада Жалолободгача Ўшга Бакиев келди, яна қайтиб кетди, қабул қилмади Ўш. Ўш вилоят администрациясининг ëнида митинглар бўлди. Унинг репортажларини бериб турдик. Унинг ҳам кўпчилиги без комментарии кетди. Бишкекдаги воқеалар ҳам КТР, бошқалари орқали без комментарии берилдию. Биз ўзимизнинг вазифамизни бажариб турдикда информацияни етказиш бўйича. Иккинчиси, миш-мишлар тарқалишининг олдини олиш эди мақсад. Конфликт чиқмаслик мақсади бор эди. Шунинг учун Жалолободда бўлаëтган митингларни, администрация олинди, администрация бўшатилди деган нарсаларнинг кўп без комментарии берилди. Нимага деганда журналист ўз сўзи билан ë у томон ë бу томонга ошиқроқ гапириб қўйса, ўртада биз гуноҳкор бўлиб қолмайлик деб без комментарии бериларди. Бу бир.

Иккинчиси, Жалолободдаги Ботиров ўтказган митингда, Ботиров ўтказган деб ҳисобламайман мен, Ботиров билан Асанов ўтказган. Нимага деганда биз ана шу вазиятда кўрдик. Иккита миллат вакили битта катта мажлисда чиқишаяпти. Жалолобод губернатори Асанов билан Ботиров.

Озодлик: Минбарда иккаласи турган суратлар ҳам бор.

- Ана шуни кўрдигу “Яхши бўлди, оказивается миллатлараро ҳеч қанақа вопрос йўқ экан деб берворсак, ўшанда одамлар тинчланади” дейилган. Шу билан ана шу нарса бир маротаба берилган. Повтор бўлмаган, деди Халил Худойбердиев.

Июн воқеаларидан буён қатор қирғиз расмийлари томонидан, хусусан Ўш шаҳри мэри Мирзақматов томонидан бугун тинглаётганингиз суҳбат давомида ҳам "ЎшТВ"га нисбатан билдирилган айбловлар юзасидан Халил Худойбердиевнинг изоҳини эшитдингиз.

Мирзақматов билан суҳбатга қайтамиз.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Мирзақматовга берган навбатдаги савол будир:

- Демак, сиз Худойбердиев билан июннинг сўнгги кунларида учрашмагансиз, унга "ЎшТВ" учун 20 минг доллар бермагансиз?

- Кимга сотди, қандай сотди – бу масалага менинг ҳеч қандай алоқам йўқ. Ким билан савдолашганини мен билмайман. Бу кишининг ёлғонини мен қабул қилмайман.

- Худойбердиевнинг айтишича, сиз уни Таатан савдо комплексига олиб боргансиз. "ЎшТВ"нинг 51%ини олганимдан кейин телевидениени шу ерга кўчирамиз, дегансиз?

- Таатан савдо комплекси менга тегишли эмас. У шаҳардаги ўзича мустақил хўжалик юритувчи бир субъектдир. У ерда ким нима иш қилаётганини билмайман. Менда ЎшТВ ўша ерда жойлашибди, деган маълумот бор.

- Худойбердиев билан ўтказилган суҳбат охирида бундай дейилган: АКИпресс агентлигининг "Баракелде" саҳифаси 15 декабрда "ЎшТВ"ни шаҳар мэри Мэлис Мирзақматовнинг мулки, деган, бироқ у Асанбек Абдиғапаров номига расмийлаштирилган, дейилган?

- Мумкин, шундай бўлиши мумкин. Мен шаҳардаги ҳар бир субъектнинг кимнинг номига расмийлаштирилганини билмайман. Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон, деб ўйлайман. Ундан кўра, Худойбердиев Халил Ўшга келиб тергов органлари олдида қилган жинояти учун жавоб берса яхши бўларди. Унинг ортида кўплаб тўкилган қон, йиғлаган, етим қолган болалар турибди.

- Халил Худойбердиевнинг айтишича, у бир-икки ой муқаддам сиз билан телефон орқали боғланган ва ораларингизда гап қочган. Ўшанда сиз унга "Аляскада бўлсанг ҳам сенга қўлим етади", деганмишсиз?

- Биласизми, мен сўзлашганимда келиб қонун олдида жавоб бериб, агар гуноҳсиз бўлсангиз, тергов органларига жавоб берсангиз яхши бўларди, деганман. Аляска-пляска, деган гаплар бўлган эмас, деб жавоб берган Ўш шаҳри мэри Мелис Мирзақматов Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Амирбек Усмановнинг саволларига.

Демак, Мирзақматов Худойбердиев билан телефонда гаплашганини рад этолмади.

"Мирзақматовдан "Сиз Ўшда бўлсангиз, Худойбердиев ташқарида юрган бўлса, нима учун алоқага чиқдинглар, мулоқотингиз асосий сабаби нима эди, деб сўрадингизми?", деб сўрадим Амирбекдан.

"Сўрадим, лекин Мирзақматов саволни жавобсиз қолдирди", деди Амирбек.
XS
SM
MD
LG