Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Абдулҳаким қори ота 113 ёшида вафот этди


Абдулҳаким қори (фотосурат "Ислом Нури" веб саҳифасидан олинди)
Абдулҳаким қори (фотосурат "Ислом Нури" веб саҳифасидан олинди)

Марказий Осиёда Совет даврида кенг тарқалган ҳужра тартибида дарс бериш услуби асосчиси, ўн минглаб толиблар ва олимлар устози, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом дунёсида танилган марғилонлик улуғ олим Абдулҳаким ота Восиев вафот этгани тўғрисидаги хабар Озодликка 8 март куни кечқурун етиб келди.


"Отамиздан таълим-тарбия-ю илм қолди"

Абдулҳаким қори ота Восиевнинг талабалари қалби ва шуурида ва умуман маърифат соҳасида қолдирган изи тўғрисидаги ҳикоялар олдинда.

Аввалига олим Абдулҳаким қори ота тўғрисида эмас, оддий инсон Абдулҳаким ота тўғрисида айтгимиз келди.

Шу мақсадда берган саволларимизга Қори аканинг
5 фарзандидан бири – ёши 53 га чиққан Абдусалом ака жавоб берди.

Биринчи саволимиз Абдуҳаким қори отанинг ҳар кимга ҳам насиб қилавермайдиган ёшга етганларидан келиб чиқди.

Озодлик: Кейинги йилларда ўзларини қандай тутганлар? Бардаммидилар?

- Охирги йилларда ҳам бардам эдилар. Қариликнинг инжиқликларини ҳисобга олмаса, касал бўлиб бир жойларидан шикоят қилмаганлар. Доим тиловати Қуръон билан машғул бўлганлар. Ҳар куни 5-10 пора Қуръон ўқир эдилар. Ҳафтада энг камида бир марта хатм бўларди. Жони узилгунларича жуда ҳушëрлик билан ҳаммани таниб, охирги намозларигача ўқиб шунақа кўз юмдилар.

Озодлик: Авлодлари тўғрисида айтсангиз.

- Фарзандлари биз бештамиз. Тўртта ўғил, битта қиз. Ҳаммамизда 7-8-9тадан фарзанд бор. Чеваралар билан қўшилиб, 100дан ошиб кетамиз энди ҳозир.

Озодлик: Ҳаммасини умри билан берган бўлсин. Қори аканинг сўнгги йилларда ҳам талабалари бормиди?

- Кейинги йилларда тиловати Қуръон билан машуғул бўлиб қолгандилар. Кўзда операциядан кейин алоҳида хиралик пайдо бўлиб катта Қуръоннинг хатини кўрадиган бўлиб, майда китоблар билан ишлари бўлмай қолган эди. Келган кетган меҳмонларга яхшиликдан гапириб, амри-маъруф наҳий-мункар қилиб турардилар.

Озодлик: Абдусалом ака, дадангиздан нима мерос қолди десам сизларга, нима деган бўлардингиз?

- У кишининг бизга берган таълим тарбияларию илмлари қолди холос. Худонинг олдига 10 сўм пул билан боришга ҳижолат бўламан, деб ҳеч пул ушламаганлар. Чўнтакда пулсиз борай Худонинг ҳузурига деб, мерос бизга шу ҳаммамизни вақтида уйлаб жойлаб қўйганлар. Охирги қолган мерослари шу илмлари, таълим тарбиялари, шогирдлари.

Озодлик: Тингловчимизга шундай табаррук ëшга кирган ва шунақа бутун жаҳон танийдиган олим одамнинг қанақа ота бўлгани қизиқ бўлса керак. Қанақа ота бўлган эди қори ака?

- Ота бўлганларида ҳам пайғамбарларнинг меросхўри бўлган олим ота, устоз ота бўлганлар. Онамиз ëшлигимизда ўтиб кетиб қолганлар. Оналик меҳрини ҳам биз отамиздан олганмиз. Жуда ҳам меҳрибон ота бўлганлар. Фарзандларнинг ғамини ейдиган, шогирдларига ҳам фарзандидай қарайдиган даражада ота бўлганлар. Бизга ҳам устоз эдилар, ҳам ота эдилар.

Озодлик: Абдусалом ака, таъзияга диний бошқармадан, Тошкентдан ҳам биров келдими?

- Ҳа, диний идора ҳаммалари таъзия изҳор қилишди. Муфтий ўзлари сафарда эканлар. Ноиблари Абдулазиз Мансур келиб ўзлари тепада туриб, Раҳматулла қори акалар келишди диний идора номидан. Яна бошқа мадрасаларимиздан, масжидлардан имомлар келишди. Бир қанча йиғилишлар ўтказиб, маърузалар қилиб, жанозасини ўқиб беришди. Қабристонларгача бориб қатнашишди ҳаммалари, дейди Абдулҳаким қори отанинг 5 фарзандидан бири – ёши 53 га чиққан Абдусалом ака.


Таъқибу тазйиқлар остида ўтган умр

Абдулҳаким қори отани ўзининг устози деб билувчилар, 19 асрнинг охирида туғилиб, 21 асрда вафот этган олим ҳаётининг муттасил таъқиблар, давомли тазйиқлар остида ўтганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Тўғри, худосизликни байроқ қилиб олган коммунистик тузумнинг биринчи нафасидан тортиб ўсал ҳолатигача гувоҳ бўлган, улкан ҳаёт йўлини босиб ўтган Абдулҳаким қори ота кўрган таъқибу тазйиқлар собиқ Совет Иттифоқидаги бошқа диндорлар бошига тушган кўргиликлардан оз ҳам, кўп ҳам эмас.

Шундай бўлса-да, Қори ака ҳаёт китобининг энг оғир саҳифаларидан бирини очмоқчимиз.

Бу ишда бизга олимнинг беҳисоб шогирдларидан бири, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин ўғли ёрдам беради.

- Ҳакимжон қори домла оғир вақтларда, Совет иттифоқи аталмиш мперия даврида, динга қарши қатағон йилларида, Сталин даврларида, энг оғир пайтларда ҳам ўқиб ва ўқиган, билган илмини талабаларига ўргатиш, ўқитиш иши билан машғул бўлиб, бу кишини 37-йиллар атрофида Сталин репрессияси вақтида Украинага сургун қилишган. Бу кишининг тоғалари, бу кишининг оналари биргаликда бўлиб, ўша жойларда тил билмайди, уларнинг урф-одатларини билмайди. Ҳатто шундай бир оғир ҳолатлар бўлганки, ўша жойларда иш йўқ, ўзлари сургун бўлиб борган. Украинадаги черковлардан ëрдам сўрашликка, ўша жойларда одамлардан ëрдам сўрашлик, ўлиб қолмаслик учун озуқа сўраб олишликка ҳам булар мажбур бўлганлигини неча маротаба гапириб берардилар, дейди Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин ўғли.

Абдулҳаким қори отанинг катта ҳаёт китобидаги энг қора варақлардан биттагинасини шу жойда ёпамиз.

Сургунлар, қамоқлар, Абдулҳаким қори ота ҳаётида, шогирдларининг айтишича, бир неча марта бўлган.

Лекин шунга қарамай, олим тоталитар тузум шароитида диний таълим беришнинг мисли кўрилмаган шаклини топдики, бу масалага кенгроқ тўхталамиз.


Абдулҳаким қори ота ҳужра услуби асосчиси

Муҳожиратда яшаётган олим Обидхон қори Назаров Абдулҳаким қори кашф қилган услуб тўғрисида мана бундай ҳикоя қилиб берди.

- Агар Ўзбекистонда ва қўшни, атроф жумҳуриятлардаги исломий таълим тизими булан боғлиқ ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, у киши ҳужра тизимини биринчи бошлаб жорий қилган инсон сифатида қаралади. Яъни маълумингизким совет империяси даврида ҳам мусулмонлар тазйиқ остида бўлишган. Исломий мактаблар, мадрасалар ëпиб ташлангандан кейин мусулмонлар яширин равишда ўзларининг динларини ўрганиш ва ўргатишга ўтганлар. Бу киши хонадонлар билан гаплашиб, мусулмон одамларнинг уйларида яширин исломий мактаблар ташкил этганлар. Буни халқимиз “ҳужра” деган ном билан яхши танийди ва бу ҳақда чет мамлакатларда, Арабистонда ҳам олимлар буни ибрат бўлиб гапирганини неча бор ўзимиз эшитганмиз. Яъни ҳужра тарзидаги мактаблар сифатида мана шу Ўзбекистонда, Ўрта Осиëдаги қўлланган тажрибаларни улар қизиқиш билан ўрганганларини эшитар эдик, кўрар эдик. Ўша ҳужраларда жуда кўп уламолар таълим олиб чиқишган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда кўзга кўринган кекса авлод ëки ўрта ëш авлод десак ҳам бўлади, шулар ҳаммалари Абдулҳаким қори отамизнинг шогирдлари саналадилар. У кишининг ҳузурларига нафақат Ўзбекистондан балки қўшни жумҳуриятлар Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳатто Россия ва Қофқос томонлардан ҳам келиб талабалар таълим олиб кетишар эди.

Озодлик: Ҳужра, фақат сиздан эшитмаяпман, бошқа суҳбатдошлар ҳам таърифини келтирди, бу нима уникал ҳодисами Марказий Осиë мамлакатлари учун, хусусан Совет даври учун?

- Бу алоҳида бир ҳодиса десак бўлади. Чунки у кишидан аввалдаги мактаб таълим тизими узилгандан кейин қайтадан тикланиши бошланиши мана шу инсон билан боғлиқ деб айтсак бўлади. Яъни одамларнинг хаëлига, кўпчиликнинг фикрига бу услуб келмаган. Инсонлар ўзлари якка тартибда, якка шахслар ҳолида дарс олишган, дарс беришган, лекин жамоавий тарзда мактаб шаклида дарсларни йўлга қўйиш журъати мана шу инсонга насиб бўлган. Бу кишидан кейин жуда ҳам кўпчилик одамлар бу издан кетдилар ва мана шундай ҳужра ташкил қилишга бел боғлаган одамлардан масалан Наманганда Ғулом қори ака деган киши бўлардилар ëки яна бошқа шахслар, ҳозир номларини эслаш қийин, лекин ҳамма шаҳарда мана шундай инсонлар кейин Абдулҳаким отага эргашган ҳолда у кишининг раҳбарликлари остида мана шундай мактабларни ташкил қилиб, давлатнинг сиëсатидан қўрқмасдан, ўша пайтда КГБ жуда даҳшатли орган эди, лекин ўшаларнинг ҳам зуғумидан чўчимасдан мана шу таълим-тарбиявий ишларни улар давом эттиришган, дейди Обидхон қори Назаров.


"Шогирдларининг иссиқ-совуғидан хабар олиб турарди"


Абдулҳаким қори отадан 60-йилларда таҳсил олган Содиқжон қори Камолиддин устозининг инсоний сифатларини эслар экан, жумладан мана бу гапни айтди.

- Бу киши талабаларнинг ичида етимлари бўлса, ëйинки ота-оналари камбағал бўладиган бўлса, ўша болаларни уч-тўрт-беш ойда ўзининг қишлоғига, уйига бориб келиши учун машина кираларигача бериб, яшаб турган жойларида овқатларини хабар олиб, ўша жойларга аҳли хайрларнинг ëрдамида, уларга далолат қилиб тушунтиришлик ëрдамида унлар, гуручлар, ëғлар, гўштларгача хабар олиб қўйиб, кейин бу болаларни ўқитиб, шундай қилиб вояга етказган, дейди Содиқжон қори Камолиддин.

Абдулҳаким қори ота тўғрисидаги бугунги суҳбатларимиз давомида у кишининг аниқ ёшини ҳам суриштирдик.

Ўғли Абдусалом аканинг айтишича, олимнинг паспортида "1897 йилда туғилган", деб қайд этилган.

"Лекин отам бир неча йил кейинроқ, тахминан 1903 ёки 1904 йилда туғилган бўлсалар керак", деди Абдусалом ака.

Шундай бўлганда ҳам Абдулҳаким отанинг улкан умр кечиргани шубҳасиз.

Бу умрнинг улканлиги албатта, йиллар ҳисоби билан эмас, балки у киши қолдириб кетган мерос билан ўлчанади.

Охиратлари обод бўлсин Абдулҳаким қори отанинг.
XS
SM
MD
LG