Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:21

Қаддафий: Ғарбга қарши Ал-Қоида билан жиҳод бошлаймиз


9 март куни Ливия расмий телевидениесида чиқиш қилган Муаммар Қаддафий ҳокимиятдан кетиш нияти мутлақо йўқлиги, аксинча, Ал-Қойда билан иттифоқ тузиб Ғарбга қарши жиҳод бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирди
9 март куни Ливия расмий телевидениесида чиқиш қилган Муаммар Қаддафий ҳокимиятдан кетиш нияти мутлақо йўқлиги, аксинча, Ал-Қойда билан иттифоқ тузиб Ғарбга қарши жиҳод бошлаши мумкинлигидан огоҳлантирди

Ливия шарқидаги исёнчилар Муаммар Қаддафийга содиқ кучлар ҳаво ҳужумларини тўхтатиш учун халқаро ҳамжамиятни иложи борича тезроқ мамлакат ҳаво ҳудидини парвоз таъқиқланган зона, деб эълон қилишга чақирмоқда. Муаммар Қаддафий Ғарб давлатлари Ливия ҳаво ҳудудларини парвозлар учун ёпиб қўйса, Ливия халқи “қўлига қурол олади”, деб баёнот берди.


Чоршанба куни эрталаб Ливия расмий телевидениеси орқали сўзлаган Муаммар Қаддафий ғарб давлатларини ўз ҳукуматига қарши курашнинг оқибатларидан огоҳлантирди.

Бу гал Қаддафий аниқ-тиниқ қилиб ғарб давлатларига қарши Ал-Қойда билан билан иттифоқ тузиши мумкинлиги ҳақида сўзлади ва агар Ғарб давлатлари Ливия ҳаво ҳудуларини парвозлар учун тақиқлаб қўйса, бу мамлакат халқи “қўлига қурол олади”, деди.

- Агар улар, Ғарб ва АҚШ бизга қарши туришда давом этса, унда биз Ал-Қойдага қарши курашиб хато қилган бўлиб чиқамиз. У ҳолда биз Ал-Қойда билан тинчлик сулҳини тузамиз ва Бин Ладинни Шимолий Африкага ошкора олиб келиб, у билан бирга Шимолий Африкадан туриб Ўрта Ер денгизи бўйлаб Ғарб кемаларига қарши жиҳод бошлаймиз. Бу ерда Сомали каби қароқчилик ҳукм сура бошлайди,- деди Муаммар Қаддафий бугунги баёноти чоғида.

Ўз баёнотида у яна бир карра АҚШ, Франция ва Британияни нефт заҳираларига эгалик қилиш мақсадида Ливияга қарши фитна қўзғаётганликда айблади.

Ғарб ҳукуматларининг ҳокимиятдан кетиш талабларига жавобан Қаддафий яна бир карра кетиш нияти йўқлигини эслатди.

- Мени бўшатиб қўядиган лавозимим йўқ. Мен лавозимидан кетадиган президент ёки ҳукумат раҳбари эмасман. Мен халқим билан бирга қоламан,- деди Муаммар Қаддафий 9 март куни берган баёноти чоғида.

Айни пайтда Ливия шарқидаги исёнчи гуруҳлар Муаммар Қаддафийга тарафдор кучларнинг ҳаво ҳужумларига барҳам бериш учун халқаро ҳамжамиятни парвоз тақиқланган зона жорий қилиш масаласини тезроқ ҳал қилишга чақирмоқда.

Бенғози шаҳридаги исёнчилар етакчиси ҳозир бор дипломатик имкониятларини шу масала ечимига қаратганини таъкидлади.

Қаддафийга содиқ кучлар эса бугун ҳам исёнчиларга қарши ракета, танк ва ҳарбий учқичлар ёрдамидаги ҳужумларини давом эттирди.

Кескин жанглар Триполига яқин бўлган Завияҳ шаҳрида давом этаётгани айтилмоқда.

Ройтерс агентлигига сўзлаган шаҳар аҳлига кўра, Завияҳни исёнчи гуруҳлардан қайтариб олиш учун шаҳарга қарийб 50 танк олиб кирилган.

Айни пайтда ҳукумат кучлари шаҳарнинг асосий қисми ўз назоратига олганини айтмоқда.

Шунингдек, Рас-Лануф яқинидаги Бин Жавод шаҳрида бўлган муҳолиф кучлар гуруҳларига ҳам ҳаводан ҳужум уюштирилгани хабар қилинди.

Қарийб уч ҳафта муқаддам бошланган тартибсизликлар давомида жами 1 мингга яқин одам ўлгани айтилмоқда.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Катрин Аштон Страсбург шаҳрида қилган чиқишида иттифоқ давлатлари бу ердаги бўҳронни ҳал қилишда кўмаклашиш учун махсус гуманитар ёрдам гуруҳини жўнатаётганини маълум қилди.

Аштон хонимга кўра, бу гуруҳ тўқнашувлар натижасида юзага келган гуманитар бўҳрондан азият чеккан тинч аҳолига кўмаклашиш ва уларни эвакуация қилиш билан шуғулланади.

Европа Иттифоқининг Муаммар Қаддафийга нисбатан тутажак позицияси ҳақида сўралганда эса Катрин Аштон қисқагина қилиб шундай деди:

- Биз Қаддафийни халқаро изоляциядан чиқаришимиз мумкин эди. Аммо, ҳозир уни яна тўлиқ ва тегишли тарзда халқаро изоляцияга солиш фурсати етди,- деди ЕИ нинг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Катрин Аштон.

Пайшанба куни Иттифоқ расмийлари Ливия масалаларини муҳокама қилиш учун яна йиғилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG