Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:20

Журналистлар суди Twitter сабабли бошқа кунга қолдирилди


Журналист Саодат Омонова.
Журналист Саодат Омонова.

Журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг даъво аризаси бўйича суд маҳкамаси Озодликда эълон қилинган мақола туфайли бошқа кунга қолдирилди. Журналистлар Ўзбекистон телерадиокомпанияси устидан судга берган аризаларини кўриб чиқиш пайшанба куни давом этиши керак эди.


Бироқ суд раиси Дилбар Исроилова суд жараёнининг очиқ бўлишига қарамасадан, унда мустақил журналист Василий Марковнинг иштирок этаётгани ва маҳкаманинг илк мажлиси Twitter тизимида ёритилганлиги важидан, пайшанба кунга белгиланган суд мажлисини бошқа кунга қолдирди. Озодлик радиоси маҳкама Twitter тизимида ёритилаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентдаги суд жараёни Твиттерда ёритилди
Пайшанба куни Тошкент шаҳар Шайҳонтохур туманлараро судида ўтказилиши режаланган суд маҳкамаси 15 дақиқа давом этди. Даъвогарлардан бири журналист Саодат Омонова маҳкама мажлисининг тўхтатилиб, бошқа кунга кўчирилишига Озодлик радиоси эълон қилган мақола сабаб бўлганини айтади биз билан суҳбатда.

- Ўзбекистон телерадиокомпанияси юристи Муҳайё Қалқонова ҳали суд мажлиси бошланмасдан туриб, “мени эътирозим бор” деди. “Озодликда чиққан материалда ўтган гал суд мажлиси Twitterда, яъни тўғридан-тўғри суд мажлисидан олиб борилган”деб, эътирозини билдираётган эди. Суд раиси Дилбар Исроилова суд залида Василий Марков мустақил журналист сифатида қатнашаётганига қарамай, суд раиси ундан сўрадилар “қани, нимага қатнашаяпсиз? Демак сиз бераётган экансиз-да нарсаларни. Чиқаринг сумкангиздаги нарсаларнинг хаммасини” дедилар. У “менда хеч нарса йўқ” деди. Кейин суд раиси унга “чиқиб кетинг суд залидан. Чиқиб кетмасангиз мен суд мажлисини тўхтатаман” деди. У “чиқиб кетмайман” деди. Василий Марков чиқиб кетмаганидан кейин Дилбар Исроилова суд мажлисини тўхтатдилар.

Озодлик: Суд мажлиси очиқ эдими ёки ёпиқми?

- Суд мажлиси очиқ эди. Биз ҳам эътироз билдирдик. Адвокатимиз ҳам эътироз билдирди. Аммо судя бу эътирозларни эътиборсиз қолдирди. Бу яна бир бор судларнинг мустақил эмаслигидан далолат беради. Чунки ёдингизда бўлса, 2008 йилда Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинди ва қамоққа олиш санкцияси айнан судларга берилди. Яъни улар янада мустақил бўлди. Афсуски бу ерда яна юқоридан босим борга ўхшайди. Ёки бевосита ўша телерадиокомпаниянинг раҳбарияти билан келишилган ҳолдами бу галги суд мажлиси тўхтатилди. Гарчи у очиқ бўлса ҳам, адвокатимизнинг эътирозларини, бизнинг эътирозларимизни эътиборсиз қолдириб, судя суд мажлисини кўчирди. Дўстимиз сифатида, ҳамкасбимиз сифатида иштирок этишга ҳуқуқи бор-ку. Бу ёпиқ бўлса, биз террористми, жиноятчими бўлсак, ишимиз ёпиқ тарзда кўрилаётган бўлса, у иштирок этмаслиги керак. У ҳамкасб сифатида, қўллаб-қувватлаш мақсадида қатнашиши мумкин-ку,- дейди журналист Саодат Омонова.

Тошкентлик мустақил журналист Василий Марковнинг ўзи ҳам Озодлик билан суҳбатда суд залига журналист сифатида эмас, балки ҳамкасб, дўст сифатида уларни маънавий қўллаб-қувватлаш учун борганлигини айтди. Василий суд жараёнига оид хабарларни Twitter тизими орқали тарқатганлик айбловларини мутлақо инкор қилиб, бундай деди:

- Бошқа томондан, мен бундан унчалик ҳижолат бўлаётганим ҳам йўқ. Нима бўпти? Агарда улар мени оммавий ахборот воситаларига ахборот узатиб, судга босим ўтказаётганликда айблашганида ҳам, Twitter бу оммавий ахборот воситаси эмас-ку,- дейди журналист Василий Марков.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб "Ёшлар" каналини судга берган эди.

Журналистларнинг даъво аризаси бўйича кейинги суд мажлиси 28 март кунига қолдирилди. Навбатдаги суд маҳкамаси қандай тартибда ўтиши хозирча номаълум. Шайхонтоҳур туманлараро судидан бу борада маълумот олиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG