Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:26

Ўшда яна ер босиб олиш ҳаракатлари бўлиши мумкин


Ўш расмийлари ўтган йилнинг ноябр ойида Қизилқишлоқ ва Ишкавон ҳудудларидаги ерларни эгаллаб кишилар баҳор келиши билан яна ҳаракатга тушиб қолишлари мумкинлигини назардан соқит қилмайдилар.
Ўш расмийлари ўтган йилнинг ноябр ойида Қизилқишлоқ ва Ишкавон ҳудудларидаги ерларни эгаллаб кишилар баҳор келиши билан яна ҳаракатга тушиб қолишлари мумкинлигини назардан соқит қилмайдилар.

Ўш вилоят давлат маъмурияти қошидаги Координацион кенгашнинг 10 март куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кунлар илиши билан ҳудудда яна ер босиб олиш ҳаракатлари кузатилиши мумкинлиги ҳақида айтилди.

Айни пайтда маҳаллий расмийлар эндиликда ер босиб олиш ҳаракатлари аёвсиз жазоланишини айтмоқдалар.

- Прокуратура, ТИИБ, МХХ билан биргаликда ўша кунлари ҳам (2010 йилнинг ноябридаги ер босиб олиш назарда тутилмоқда - таҳр.) куну-тун ўша ерда назорат уюштирганмиз. Ҳозир ҳам назорат қилиб турамиз. Ўша кунларда ҳам қурилиш молларини олиб келиш ҳаракатларига йўл қўймаганмиз. Ҳозир ҳам ўшандай миш-мишлар бор. Биз буни яширмаймиз. Шунинг учун биз ҳозир куч ишлатар органлар билан туну-кун назорат олиб бораяпмиз. Ва бунга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиққанмиз, - деди Қорасув тумани ҳокими Байиш Юсупов Координацион кенгаш мажлисида.

Жабр кўрган деҳқонларга кўра, ўшанда ерни босиб олаётганлар баҳорги буғдойни пайҳон қилганди, пишиб қолган сабзини йиғиштириб олиб, қопларга жойлаб, олиб кетганди.

Маълумотларга кўра, ўшанда босқинчи аёллардан 36 нафари милиция ходимлари томонидан қўлга олинган ва огоҳлантирилиб қўйиб юборилган.

- Жиноят бўйича уяли телефон орқали бу жиноятни уюштирган одамларни аниқлаш учун Ўш шаҳрида жойлашган “Скай мобайл”, “Мегаком” уяли компаниялари телефон суҳбатлари нусхаси олинган. Шунингдек, ноқонуний ер босиб олишни уюштирганликда гумонланган шахслар Чирмашова Бурма, Закирова Рахат, Барғибаева Жипар, Тўлўгўнова Элмираларни суриштириш учун Ички ишлар бош бошқармаларининг тегишли хизматларига махсус топшириқлар берилган, - деди Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Талантбек Шатманов 10 март куни бўлиб ўтган йиғилишда.

Озодлик радиоси қирғиз шўъбасининг хабар қилишича, Талантбек Шатманов бу йил ҳам ер босиб олиш ҳаракатлари бўлса, босқинчиларга қарши қаттиқ чоралар кўрилишини эслатган.

Таъкидлаш жоизки, ер босиб олувчилар ҳокимият уларнинг уй-жой билан боғлик муаммоларини бир неча йилдан бери ҳал қилмай келаётгани ва шунинг учун қилаётган ҳаракатлари топталган адолатни тиклаш йўлидаги уриниш эканини иддао қилишади.

- Ўнг минглаган қирғизлар шаҳар ичида ё рўйхатдан ўтолмайди ё ишга жойлашолмайди ё яшаш учун уй қуролмайди. Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати раҳбари, туман милиция раҳбари, прокуратура раҳбари, Ўш шаҳар ҳокимининг ўринбосари Таалай Сабировлар келиб, ҳукуматнинг қарори чиқмагунича, Қорасув билан шаҳар ҳокимияти бир қарорга келиб, унинг натижаси Бишкекка, ҳукуматга бормагунича ва парламент бу қарорни қабул қилиб бермагунича, ер масаласи тўлиқ ҳал қилинмайди, деган фикрини билдиришди, - деди ўтган йили ер босиб олишда иштирок этган Чинара Тўлқунова.
У ўзлари учун турар-жой масаласи ҳукумат томонидан яқин орада ҳал қилинмаса, одамларда норозилик кайфияти янада кучайишини таъкидлади.

Қирғиз матбуотига кўра, ҳозирда биргина Ўш шаҳрида ерга мухтож одамларнинг сони 70 мингдан ошади.

Бироқ ер тақсимлаш бўйича Ўш вилоят жамоат комиссияси раиси Эмил Рахманов бу маълумотларни бўрттириб кўрсатилаётганини айтади:

- Ер олиш учун 30 минг киши рўйхатдан ўтган. Ундан 16,5 минг одам Ўш шаҳри яшовчиси бўлиб чиқаяпти. Қолган 13,5 минги туманларда пропискада туради, бироқ булар ҳам шаҳарда яшайди. Айтмоқчи бўлганим, бу одамлардан 10 мингга яқини ётоқхоналарда яшайди. Бир хонада 9-10-12 тадан яшайдиганлари бор экан. Менимча, ер бериш масаласини 4-5 босқичга бўлиш керак, бусиз бўлмайди. Одамларнинг умумий сони кўп. Бироқ, телевизорда айтилгандек, 70 минг эмас. Бизнинг комиссиядан рўйхатдан ўтган 30 минг одам, шаҳардан 10 минг одам ва яна Қорасув туманидан 30 минг одам бор. Лекин Ўш шаҳрининг ўзида 70 минг ерга муҳтож одам йўқ. Ўш архитектурасида 13 минг 700 одам 93-йилдан буён навбатда туради. Бироқ ўша навбатда турганларнинг ярми параллел равишда бизда ҳам рўйхатдан ўтган. Ўш шаҳрида ҳақиқатан ерга муҳтож одамларнинг сони 40 мингдан ошмайди. Агар яхшилаб текширилса, бу кўрсатгич ҳам 30 мингга тушади, - деди Эмил Рахмонов.
XS
SM
MD
LG