Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:29

RSF: Ўзбекистонда бензин тақчиллигига оид хабар ҳам блок қилинди


Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонни яна интернет душманлари рўйхатида қолдирди. Ташкилот ҳисоботида айтилишича, ўтган йили Ўзбекистонда интернет цензураси янада кучайган ва ҳатто, бензин тақчиллиги ҳақидаги хабарлар ҳам блок қилинган.

Интернет цензурага қарши кураш куни муносабати билан 12 март куни эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон интернет цензурасига оид аҳвол йил сайин оғирлашиб бораётгани айтилган.

Ўзбекистон хусусида: “Бу полиция давлати интернет тармоғида ахборот тарқалишини тутиб қолиш ва ҳоҳ виртуал ёҳуд реалликда бўлишидан қатъий назар, фуқаролик жамияти туғилишига уринишларга қаршилик қилишда давом этмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда интернет сайтлари Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қошидаги Мониторинг маркази ёрдамида бўғилиши, бу эса икки йўл – веб адресларни блок қилиш ҳамда номаъқбул матн ва мақолаларни ўчириш йўли билан амалга оширилиши айтилган.

Биз навбатдаги ҳисобот бўйича тафсилотларни сўраб ташкилотнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга оид тадқиқотларига бош бўлган Люси Мориллонга боғландик.

- Ўзбекистонда интернет тармоғи кўпроқ веб адресларни блок қилиш орқали бўғилади. Ҳукумат блок қилинган сайтларга ўз фуқаролари киришини истамайди. Чунки, бундай сайтлар хорижда жойлашган ва шунинг учун ҳукумат Ўзбекистон ичкарисида бундай манбаларни ёпишга уринади, дейди Люси Мориллон.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботида интернетни блок қилишга масъул ташкилот Ўзбекистон алоқа ахборотлаштириш агентлиги экани айтилган.

- Биз Ўзбекистонда интернет устидан ўрнатилган цензурани ўрганар эканмиз, бу ҳақидаги қарор, шубҳасиз, ҳукумат томонидан қабул қилинган, деган хулосага келганмиз. Аммо, бу қарорнинг ижроси Ўзбекистон алоқа ахборотлаштириш агентлиги томонидан унинг қошидаги Мониторинг маркази ёрдамида амалга оширилади.

Бу марказ интернетдаги сайтлар ва ахборот воситаларини яқиндан ўрганиб, ўз хулосаларини агентликка тақдим этади ва айнан шу марказ Ўзбекистонда интернет тармоқлари блок қилинишига масъулдир, дейди Люси Мориллон.

Ўзбекистонда тақиқланган мавзулар, муаммолар хусусида эса Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Ўзбекистон бўйича масъули шундай деди:

- Айтишим мумкинки, цензорлар томонидан нишонга олинган мавзуларнинг аксарияти дунё давлатларидаги исёнлар, Ўзбекистон ҳукумати номига танқидлар, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолардир. Шунингдек сиз иқтисодий муаммолар, Каримов ва унинг оиласи бизнеси билан боғлиқ маълумотларни ўзбекистонликларга етказишни истасангиз ҳам тўсиққа учрайсиз.

Кейинги йил ичида ёритилиши хавфли бўлган мавзулардан бири болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш ва бензин тақчиллиги масаласи бўлганини ҳам кузатдик.

Албатта, ўзбек интернет тармоқларида ҳануз ҳукумат томонидан мутлақ қаттиқ назорат қилиб келинаётган мавзу 2005 йилда Андижонда бўлган воқеалар бўлиб қолмоқда, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили.

Люси Мориллонга кўра, ташкилотнинг бу йилги ҳисоботи юзасидан ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳукуматидан бирор бир муносабат билдирилмаган.
XS
SM
MD
LG