Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Президентга ишониб, пулсиз қолдик


Сирдарёлик пенсионер Валижон Абдуллаев президент Каримовнинг ваъдасига ишониб, банкка қўйган омонатини ҳалигача ололмаганидан шикоят қилади.
Сирдарёлик пенсионер Валижон Абдуллаев президент Каримовнинг ваъдасига ишониб, банкка қўйган омонатини ҳалигача ололмаганидан шикоят қилади.

“Эркин микрофон” эшиттиришига Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидан телефон қилган пенсионер Валижон Абдуллаев мустақиллик йилларида президент ваъдасига ишониб, бор-будини сотиб, банкка омонатга қўйгани-ю, шу кунга қадар буни ололмай абгор бўлганини айтди.

"Омонатга қўйган пулимни ололмаяпман"

- Президентимиз биздан хафа бўлмасин. Биз оддий деҳқон одамлармиз. 1974 йилдан бери Халқ банкига пул қўяман. Ўша пулларни мен олдин олаверар эдим, хоҳлаган вақтда олардим. Ўрис аëл ишларди. Кейин мустақил бўлдик. Ватанимиз гуллаб яшнаши учун, ҳурматли президентимизга ҳам ëрдами тегсин, бизга ҳам ëрдами тегар, деган мақсадда молларимни, машинамни сотиб, пулларимни 1992 йил январ, феврал, март ойларида беш йил муддатга омонатга қўйганман. Беш йил тўлгунча 1000 га бир бўлиб кетди у пул. Бориб: “Бизнинг омонатдаги пуллар нима бўлади?” десак, “Қачон қарор чиқса, берилади” деди. Бизни алдаган экан ўшанда. Бизга янгидан омонат дафтарчаси бериши керак экан. 27 минг қўйганмиз ўшанда. Мен адвокатлар билан гаплашдим. Жуда катта сумма бу. Бермаяпти мана ҳозир.

Телевизорда бир маъруза қилганда айтган ҳурматли президентимиз мустақил бўлгандан кейиноқ: “Эй ўзбек халқи, пулларинг бўлса, кўрпанинг тагида сақламасдан, банкка қўйинглар. Давлатга ҳам фойда, ўзларингга ҳам фойда” деган. Мана энди ололмаяпмиз. Бу пастдагилар қиляптида буни. Каримовнинг ўзига шуни етказинг, илтимос, жон ука. Ҳурматли президентимизга борсак ҳам, кира олмаймиз. Давлениемиз ўша вақтда ошиб кетган. 1997 йилдан бери иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолганман шу пулларни оламан деб. Ўлардим, докторлар сақлаб қолган, - дейди Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидан телефон қилган пенсионер Валижон Абдуллаев.


"Фарзандларим учун ер ололмаяпман"

Қашқадарёнинг Косон туманидан телефон қилган ва ўзини Жўра бува, деб таништирган тингловчи 7 ўғил фарзанди борлиги ва уларни уйли-жойли қилиш учун ер ололмай, жуда катта муаммо қаршисида қолганини айтди.

- Еттита фарзандим бор. Еттитаси ҳам ўғил. Шу бу йил насиб қилса, иккитасини уйлантириб, иккита келин оламан, деяпман.

Озодлик: Ҳозир битта ҳовлида яшайсизлар-а?

- Битта ҳовлида яшаймиз. Битта қизим уйда ҳали.

Озодлик: Неча сотихли ҳовлида?

- 10 сотих.

Озодлик: Иккита уйлантирадиган ўғлингизга алоҳида уй-жой олиб бермоқчимисиз?

- Алоҳида яна сотих қилиш керак. Эрта бир кун мен уйимга тушириб олганим билан эрта бир кун улар ҳам чиқиши керак-ку.

Озодлик: Ҳокимиятдан ер ажратилармиди ëш оилаларга?

- Олдинлар бўлар эди. Ҳозир энди ким ошди савдосига қўяяпти.

Озодлик: Неча сотихдан ер қўйилаяпти?

- Олти сотихни 2,5 миллиондан сотаяпти. Энди менинг гапим мен сотих ололмайман. Менинг қурбим етмайди. Ерлар кимошди савдосига қўйилгандан кейин мен у пулни қаердан топаман? Ўзим бир пенсионер бўлсам.

Озодлик: Ҳокимиятга бориб айтдингизми шу гапларингизни? Нима деди ҳокимиятдагилар?

- Ҳокимиятдагилар тингламайди ҳозир гапингизни умуман.

Озодлик: Бордингизми ўзи?

- Ҳа, бир бордим. Умуман тингламайди. Сотих масаласида: “Кимошди савдосига қўйилади, ака, кучингиз етса оласиз” деяпти. Маҳалла комитети ҳам ўша муаммо. “Ҳеч қандай сотих берилмайди, кимошди савдосига қўйилади” деяпти. Мурожаатим шу - мени ҳам эшитса. Мана шу Қашқадарë вилоятида туман ҳокимлари эшитишар экан. Ўзлари ўйланиб кам таъминланганларга ер ажратишса, деган ўйдаман-да, - дейди Қашқадарёнинг Косон туманидан телефон қилган ва ўзини Жўра бува, деб таништирган тингловчи.


Хоразмда халқ яхлади

Хоразм вилояти Хива туманидан қўнғироқ қилган Қодирберган Сайиджонов кейинги кунлар ичида ҳавонинг кескин совиб кетгани аҳолини яна қийин аҳволга солиб қўйганини сўзлади.

Қодирберган ака газ муаммосини тилга олар экан, бу йил аҳвол ўтган йиллардагидан кўра оғирроқ, деди.

- Газ масаласида телефон қилаяпман. Халқни нима қилмоқчи булар? Саволимизни эшитишсин-чи.

Озодлик: Бу саволингиз кимга?

- Ўзбекистон ҳукуматига. Ўзбекистоннинг газга қарашли ташкилотларига. Газ умуман йўқ. Қишки сезондан ëзги сезонга ўтган. Лекин 5-10 градус совуқ бўлаяпти. Болалар касал. Фақат бизда Хивада шундайми десам, Урганчда ҳам, Гурланда ҳам, Ҳонқада ҳам ҳамма ерда газни ëпиб ташлаган.

Озодлик: Куни кеча қор ëғдими сизларда?

- Бизда ëғмади, лекин қорнинг аччиқ совуғи бўлаяпти. Бунчалик ҳам азоб бўладими халққа?

Озодлик: Маҳаллий идораларга бориб сўрадингларми? Айтдингларми шу муаммоларни?

- Улар: "Ремонт қилаяпмиз", дейди. Қараб чиқдик. Ҳеч қаерда ремонт қилаëтган жойи йўқ. Фақат ëпган. Шу ерда ишлайдиганларга айтсак, “Бизга юқоридан ëп, деган буйруқ бўлди” дейди. Босимни пасайтиради. Халққа етмайди. Болалар касал.

Озодлик: Бу ҳар йил шунақами ëки бу йил шундай бўлдими?

- Айниқса бу йил жуда ëмон бўлаяпти. Ҳар йили ҳам шунақа эдию, лекин бунчаликка бормаганди.

Озодлик: Умуман газ йўқми?

- Бор, шундай ëнаяпти. Секин ëнаяпти. Гугурт чақсанг, аранг биласан. Қишда бор эди. Сал яхшироқ эди. 10-15 кун бериб туришса, ҳеч нарса бўлмайди-ку ахир. Ҳозир ўтин йўқ ë кўмир йўқ. Нима қиламиз энди?

Озодлик: Қишки запаслар тугаган, денг?

- Умуман тугаган. Дарахтлар кесиб бўлинган, - дейди хивалик суҳбатдош Қодирберган Сайиджонов.

********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG