Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Жаслиқ тутқунларига Каримов китоблари хатм қилдирилмоқда


Жаслиқ қамоқхонасида маҳбуслар президент Каримов китобини овоз чиқариб ўқишга мажбур қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка "Борса келмас" номи билан танилган мазкур қамоқхонада сақланаётган маҳбусларнинг яқинлари маълум қилдилар.

Тошкент шаҳри Қўйлиқ массивида истиқомат қиладиган Клара Алимованинг Озодликка айтишича, Жаслиқда маҳбусларга Каримов китоби ўқитилаётгани ҳақида аввалига бу қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ўғли Миркарим Саидкаримов сўзлаб берган.

Кейинроқ эса Алимова қисқа сафар билан кетганида унинг эшигида мактуб қолдирган аёл – Миркарим Саидкаримов билан жазо ўтаётган маҳбуслардан бирининг яқини ҳам бу ҳақда хабар қолдирган.

Клара Алимовага кўра, маҳбуслардан президент асарларини қайта ва қайта ўқиш талаб қилинмоқда ва бунга қаршилик билдирганлар калтакланмоқда.

- Феврал ойида охирги марта ўғлим билан учрашдимда икки кун. Кейин кетдим. "Телефон қиламан" деган болам телефон қилмади. 28 феврал куни уйга келдим-да, 1 мартдан 14 мартгача мен уйда бўлмадим. Эшигимизга биттаси хат қистириб кетибди. Коллежда ўқийдиган кичкина ўғлимга қўнғироқ қилибди битта аëл. “Хатни олдингизми, болам?” деган экан, “Олдим, онахон, кимсиз?” деб айтган экан, “Таништиришимга ҳожат йўқ. Ҳозир ҳамма ëқда эшитиб туради. Мана шу олтинчи отрядга мен бориб келдим. Акангизнинг мазалари йўқ экан. Ойингиз қаердалар?” деган экан, “Ойим Туркистонга кетди. Бувимнинг мазалари йўқ. Шу ерда” деган экан. Кейин менга қўнғироқ қилди. Мен касал бўлсам ҳам 14 март куни етиб келдим.

Озодлик: У хатда нима ëзилган?

- Мана бунақа деб ëзган. “2 март куни сайр вақтида Жаслиқ қамоқхонасининг ходимлари олтинчи отряддаги Саидкаримов Миркарим, бу менинг ўғлим, Жумаев Баҳром - маҳбус, Акбаров Ҳабибулла ҳам маҳбус, Юсупов Камол деган маҳбусларни роса ҳамманинг олдида сайр қилиб юрган пайтда калтаклаб, ечинтириб, уриб, “Ғирқ этсанглар, орқа тешикларингга дубинка тиқаман” деб тўхтамасдан калтаклаб кетган”. 2 март куни бўлибди.

Озодлик: Нимага уришган экан? Сабабини айтибдими?

- “Сабаби президентнинг китобини баланд овозда ўқишга мажбурлаяпти экан. Ваҳоланки, ўша китобни бир неча бор ўқиб, ëдлаб олган бўлса ҳам, яна қайта-қайта ўқишга мажбурлаяпти экан. Юқорида келтирилган тўртта маҳкум шу соҳага эътироз билдирганликлари учун яна тўртинчи отряддан беш йигитни изоляторга ташлаган. Бешта йигит очлик эълон қилган. Менинг ўғлим билан тўртта бола оғир аҳволда. Натижа номаълум. Хабар олишингизни сўрайман ўғлингиздан”, деб қўйибди.

Озодлик: Бу хатни кимдир атайлаб ташлаб кетган бўлса-чи?

- Тушундим. Мен боғлана олганим йўқ, бу ерда адрес йўқ. Чунки мени излаган. Уни танийман мен. У ҳам мени танийди. Танимаса, менинг уйимга келиб бермайди-да бу хатни. Чунки бирга-бирга ўтиргани учун бериб кетган бўлса керак. 2 март деганида жон бор. Чунки мен кетдим. Кетишим билан пойлаб мана шу ишни қилган. Чунки мен тез-тез хабар олиб турардим келган-кетганлардан. Мана шунақа воқеа бўлса, дарров чиқардим сизларга ë ГУИНга чиқардим. Мен ўғлимнинг башарасини бузиб ташлаганда ГУИНга чиқиб айтганимда, ГУИН ҳеч қанақа тан олмаган. Ижобий хат жўнатган менга доимий равишда. Ўшанда нимага урган десангиз, намозга уради, рўза тутса, рўзага уради. “Энди уларни ҳам йиғиштириб қўйиб, энди ҳар хил сиëсий ўйинларга ўтаяпти, ойи. Хонада президентнинг китобини баралла овоз билан юз мартадан қайтариб ўқиш бўлаяпти” деяпти. Февралдан бошланган. “2011 йил январдан шунақа ҳолатга ўтди”, деди. Ўғлим айтиб чиққан свиданиеда. “Ойи, ўша китоб туфайли роса ўйин қилаяпти. Атайлаб қилаяпти. Ўша китобни ëдлаб ҳам олдик” деяпти.

Озодлик: Ҳаммаси хор бўлиб ўқирканми?

- Менинг ўғлимнинг айтишича, овоз чиқариб биттаси ўқийди-да, қолганлари эшитиб ўтиради. Ўша темани тугатгандан кейин иккинчи киши яна катта овозда ўқийди. Ўқийверади, ўқийверади, одам жинни бўлиб қолиши мумкин. Ҳеч ким тушунмайди, мана шунақа бақир-чақир билан ўқийверади. Хорлашда. Берса, беради овқат. Бермаса, ўзлари голодовка қилишга мажбур қилади-да, кейин шлангда овқат қуяди. Кейин ўпкага сув кетади, ўлиш бўлади. Кейин ўзи ўлди, дейди. Балки шунақани кутаëтгандир, - дейди Тошкент шаҳри Қўйлиқ массивида истиқомат қиладиган Клара Алимова.

Эслатамиз, Клара Алимованинг ўғли 1999 йил 16 феврал портлашларида алоқадорликда айбланиб, 15 йилга қамалган эди.

Ўтган йили ноябр ойида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус Қийноқлар ва калтаклар оқибатида 31 ёшли тошкентлик Миркарим Саидкаримов мажруҳ бўлиб қолгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Жаслиқ қамоқхонаси бошлиғи Қуролбой Бердиев 30 ноябр куни Озодлик билан суҳбатда ўз назоратидаги жазони ижро этиш муассасида маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги хабарларни бутунлай инкор қилган эди.

Эндиги қийноқлар борасида бу мутасаддидан ҳозирча изоҳ олишга муваффақ бўлмадик.
XS
SM
MD
LG